Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Кўнглинг Аллоҳда, қўлинг ишда бўлсин!

Кўнглинг Аллоҳда, қўлинг ишда бўлсин!

Фото: «Myday.uz»

Кечга яқин эшикнинг тақиллашидан сергак тортаман.

— Ким у? — сўрайман оҳиста.

Ташқаридан бир нечта болаларнинг овози эшиталади:

— Рамазон айтиб келдик эшигингизга,

Худойим ўғил берсин бешигингизга...

Кўнглим яйраб кетади ва турли хил ширинликларни олиб, эшикни очаман. Яна болалар жўр бўлишади:

— Ассалому алайкум, бизлар келдик,
Пайғамбар йўлини излаб келдик.
Пайғамбар юртига келади рўза,
Рўзанинг савоби тегади сизга.
Оқ танга, кўк танга,
Чиқариб беринг, жон янга.
Янгажоним яшасин,
Бахмал кўрпа ташласин.
Ҳар кун бозор борганда,
Юз сўм, юз сўм ташласин,
Ё, рамазон...

Уларнинг қўлларига ширинликлар тутқазаман. Болалар ортларига қайтишади. Қувониб уйга кираман. Ҳар йили бир ой давомида такрорланадиган бу урф-одат, нафақат, эшик қоқиб келган кишига, балки эшик очган кишига ҳам ором бағишлайди. Шунинг учун ҳам бу ойни покланиш ойи, деб бежиз айтишмаган.

Бир пайтлар бизлар ҳам болалигимизда Рамазон айтиб, хонадонларга яхши тилаклар билдириб, дарвозаларни қоқардик. Лекин билмас эдик, рўза нималигини. Кексалардан сўрасак, «Рўза тутган киши овқат емайди, ҳақоратли сўзларни сўзлаб, ёмон ишларни қилмайди», - дея жавоб беришарди. Барибир, тушунмас эдик. «Овқат емаса, қандай яшайди?» — дер эдик яна. Улар эса: «Ҳаммасини катта бўлсангизлар, тушуниб етасизлар» - дердилар.

— Қишлоғимиздан ким рўза тутган, ойи? — сўрадим.

— Раҳмон буви, — жавоб бердилар ойим момони катта ўғлининг номи билан атаб.

— Бечора, оч қолсалар керак, яширинча есалар-чи?

— Бу Худога хуш келмайди, фақат тонг саҳардаю юлдуз кўринганда ейиш керак, бу соғлиққа ҳам яхши.

— Унда ҳаммага айтиш керак, Раҳмон бувидек рўза тутишсин.

— Овозингни баланд чиқарма, биров эшитса, Раҳмон бувини хафа қилади, — дедилар қўрқа-писа ойим.

— Нега, ойи?! — яна ҳайрон бўлиб сўрайман.

— Катта бўлсанг, тушунарсан – бу эскилик сарқитимиш...

«Қачон катта бўларканман-а?» — хаёлга чўмардим. Йўқ, бизлар ҳеч кимга айтмасак ҳам «каттакон»лар эшитиб, Раҳмон бувини рўза тутгани учун маҳалла мажлисида роса «тузалашибди». Бечора Раҳмон бувининг йиғинлардан мункиллаб қайтганлари ҳали ҳам кўз ўнгимда. Бир қўлларида ҳасса, биз ёнларида етаклашиб келдик...

***

Орадан ойлар, йиллар ўтди. Бизлар ҳам катта бўлиб қолдик. Нималарнидир тушундик, нималарнидир йўқ. Бугунги кунларни кўрмай, жон ҳовучлаб, рўза тутган Раҳмон бувидек момоларни эсласам, юрагим алланечук бўлиб кетади. Ҳозир ким хоҳласа, ўша рўза тутади. Бу билан Оллоҳ олдидаги фарзини адо этади, покланади, тозаради. Яна элга ош бериб, ифтор қилади.

Кимўзаргалашиб бораётган ифторлик

У аслида, рўза тутмаганларнинг имконият даражасида рўзадорларга Рамазон ойининг савоби учун ёзган дастурхони экан.

Куни кеча қишлоққа борсам, эл қатори бизникилар ҳам ифтор бошлаб қўйишибди.

— Ҳорманглар энди, тўй устидан чиқиб қолганга ўхшайман, — дейман атайин кўмакка чиққан ҳамқишлоқларимга.

— Тўйга етказсин,-дейдилар опам кулиб, — бу кеча ифтор, рўзадорлар келишади.

— Хуш келишсин! — дейман мен ҳам.

Турли хил овқатлару, хилма-хил пишириқлар, мева-чева... ҳовлининг беш-олтита хонасига дастурхон тортилган. Худойимнинг етказганига шукур. Дастурхонлар «лиқ» тўла. Бўш жойнинг ўзи йўқ...

— Эҳ-ҳе-е-е, — оғзимнинг суви қочиб сўрайман, — опа, кўпчилик келадими?

— Ҳа, йигирматача рўзадор, — дейди опам.

Дастурхонлар эса 50-60 йишига мўлжалланган. Сабабини сўрайман.

— Ҳалиям савол беришинг қолмади-қолмади-да. Маҳалладаги бошқалар-чи, уларни ҳам чақирмасак, хафа бўлишади-да! — дейди опам яна ишга шўнғиб.

Ҳа, айтганларидек бўлди. Йигирматача рўзадорлар келишди, қолганлари эса ҳамқишлоқлар.

Яна аёллар сўз қотишади:

— Фалончи ифтордан сўнг икки-уч кун овқат пиширмабди. Қиш-қировли кунларда уларга бош кийим йўқ, деб қўни-қўшнилардан қарз сўраб юрганди,— дейди бири.

— Э-э, ҳозир биров бировга қарз берадиган замонмиди? — деди бошқаси.

Афсуски, шу дастурхонларда қолиб кетаётган неъматлар, аслида, болаларнинг етишмаган кийим-кечаги эканлигини тан олгилари келмайди. Бир нима демоқчи бўламану, оғиз жуфтлашга юрак дов бермайди. Секингина акамдан сўрайман:

— Ака, имконияти етмаганлар ҳам ифтор қилиши зарурми? Ахир гадога ҳам ўзингдан орттиролмай, пул берсанг, Худога хуш келмайди, дейдилар.

— Ифторни ҳозир кимўзарга айлантириб юборишаяпти. Кеча бир ифторда бўлган эди, - сўзлайди акам, - озгина шароити келмай қолибдими, иккинчи овқатга кўк чучвара тортибди. Бир-иккита сўзамоллар буни айбга буюришди. Ахир овқатнинг катта-кичиги бўларканми?

«Дилба ёру дастба кор», яъни «Кўнглинг Аллоҳда, қўлинг ишда бўлсин», — деганларидек ҳар бир ишга чуқур мулоҳаза билан ёндошилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Менимча, кўнглида Оллоҳни тугган ҳар бир бандайи ожизнинг фирку зикри унга қадалмоғи лозим: овқатнинг тури ёки кишининг кимлигига қараб эмас. Шу ўринда бир ривоятни келтирмоқни жоиз топдик.

Ривоят

Бир шайх бўлиб, у ҳеч қачон намозини канда қилмай, уни ҳар доим ўз вақтида адо этар экан. Кунларнинг бирида у пешин намозини чўлда ўқишига тўғри келиб қолибди. Туядан тушиб, белбоғини ташлабди-да, намоз ўқий бошлабди. Шунда ишқ дардига мубтало бўлган Мажнун шайхни кўрмай, уни олдидан кесиб ўтибди. Жаҳли чиққан шайх ўша ондаёқ намозини қўйиб, Мажнуннинг ёқасидан ушлаб, унга бақирибди:

— Нима бало, кўрмисан, мен намоз ўқияпман-ку, сен олдимдан кесиб ўтасан,-дебди.

— Узр, кўрмай қолибман, — дебди Мажнун ўйга толиб.

— Хўп. Мени-ку, кўрмабсан, манави туяни-чи, а?!

— Йўқ, кўрмадим! — дебди мажнун ва шайхга савол берибди, — сиз намоз ўқиётган эдингизми?

— Ҳа!

— Унда мени қандай кўрдингиз?

— Олдимдан ўтасан-у, кўрмайманми?!

— Ахир намоз ўқийдиган кишининг кўнглию нигоҳида фақатгина Оллоҳ бўлиши керак. Унга сиғиниб туриб, мени кўрган экансиз, демак, намозни шунчаки йўл-йўлакай ўқиётган экансиз-да, — дебди мажнун.

Шайх мажнуннинг гапидан уялиб, тавбага бош эгибди.

Ҳа, бунга хулоса ёзмасак ҳам ўзингиз мулоҳаза қила оласиз.

Бугунги кунда ҳар бир ишни қилдан қийиқ ёргандек бажарилмаса, аҳвол бир ҳолатда қолаверади. Шундай экан, жойларда маҳалла оқсоқоллари, имом-хатиблари бу ҳақда жиддий ўйлаб, аҳоли билан машваратлар ўтказиб туришса, яхши бўларди.

Бу муборак Рамазон ойининг ҳар бир куни дилига Худони тутган, унга сидқидилдан иймон келтирган рўзадорлар учун саводат калитини олиб келсин. Иншооллоҳ, покланиш ойининг савоби ва инояти барчага тақдим бўлгай!

Лайло Ҳайитова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг