Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Кўнглим қолди» — АОКА ҳаракатига хорижий элчилар муносабат билдирди

«Кўнглим қолди» — АОКА ҳаракатига хорижий элчилар муносабат билдирди

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниель Розенблюм.

Хабарингиз бор, сўнгги кунларда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА)нинг бир қатор сайтларга юборган огоҳлантириш хатлари кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Сайтлар буни «босим ўтказиш» ва «...ҳаддан ортиқ ўринсиз ва мантиқсиз» деб баҳолади. Ташкилот мазкур ҳолат юзасидан расмий баёнот ҳам берди.

АОКА томонидан мустақил онлайн ОАВларга юборилган ушбу огоҳлантиришлар ҳақидаги хабарларга Тошкентдаги бир қатор хорижий элчилар ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги доимий координатори Хелена Фрейзер муносабат билдиришди. Бу ҳақда Газета.uz хабар бермоқда.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниель Розенблюм: «Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг мустақил оммавий ахборот воситаларига босим ўтказиш билан боғлиқ сўнгги ҳаракатларидан кўнглим қолди» деб ёзган.

«Ўзбекистоннинг улкан ислоҳотлари муваффақиятга эришиш учун эркин ва очиқ матбуотга муҳтож. АОКА босими бунга тўғри келмайди», — деди у.

«АОКА яқинда оммавий ахборот воситаларининг ривожланишини қўллаб-қувватлашга бўлган муносабатини ўзгартирганлигини кўриш ачинарли. Кучли, эркин оммавий ахборот воситаларисиз демократик жамият қуриб бўлмайди», — деб ёзган Буюк Британия элчиси Тим Торлот.

Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонасининг ўзбек тилидаги бир қатор твитларида элчи Гюнтер Оверфелд «Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан Kun.uz, Газета.uz ва бошқа оммавий ахборот воситаларининг танқидидан ҳайратга тушгани» айтилмоқда.

«Агар матбуотда газ ва электр таъминоти хизматларининг ёмон ишлашини жамоатчилик танқид қилса, бу асосли бўлса, матбуот бу ҳақда ёзишга ҳақлидир. Бу давлат агентлиги томонидан оммавий ахборот воситаларини танқид қилиш учун сабаб эмас. Матбуот ўз вазифасини фақат жамоат муҳокамаларида бажарди», — дейилади элчи муносабатида.

Хелена Фрейзер Тwitterдаги иккита постида БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг май ойида бўлиб ўтган Матбуот эркинлиги куни шарафига «фактлар ва таҳлилий маълумотлар тақдим этгани, раҳбарларнинг барча соҳаларда жавобгарлигини таъминлагани ва расмийларга ҳақиқатни гапиргани учун» ОАВга миннатдорчилик билдирган сўзларини эслатди.

У барча ҳукуматларни «оммавий ахборот воситалари ходимларини ҳимоя қилишга ва матбуот эркинликларини мустаҳкамлаш ва қўллаб-қувватлашга» чақирган эди, бу COVID-19 инқирози атрофидаги «сохта маълумотлар пандемияси»га «қарши восита» бўлиб хизмат қилади.

«Мен ушбу масалалар ва ушбу баёнот ҳақида [Kun.uz, Газета.uz] ва бошқа оммавий ахборот воситалари атрофидаги сўнгги воқеаларни инобатга олган ҳолда мулоҳаза юритяпман. Президент Мирзиёев таъкидлаганидек, матбуот эркинлиги барқарор ривожланишга эришиш ва Ўзбекистон ҳукумати томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларни амалга ошириш учун жуда муҳимдир», — деди Хелена Фрейзер.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг