Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Кўнгилни бироз кенгроқ қилинг!

Кўнгилни бироз кенгроқ қилинг!

Фото: Golos.io

Сезаяпсизми, кейинги пайтларда барчамиз туппа-тузук танқидчи, бинойидек таҳлилчи бўлиб қолдик. Ҳар нарсадан кир ахтарамиз, кўзимиз ҳам оқни илғамай, нуқул қорани кўраяпти. Бозордан тортиб, мозоргача муаммо излаймиз. Вазиятга холис ёндашаётгандек бўламизу, ўз манфаатларимизни кўзлаймиз. Ҳамма ўзича ҳақ, бошқалар ноҳақ.  

Бундан бир йил олдин автобусда ишга келаётгандим. Ўша пайтларда Муқимий кўчасидаги кўприк фойдаланишга топширилганига кўп вақт бўлмаганига қарамай, Бунёдкор кўчасидаги кўприк қурилиши ҳам бошлаб юборилганди. Катта йўл ўртасидаги дарахтлар кесилган, йўллар қазилган... Хуллас, манзара у қадар кўримли эмасди. Катта йўл тўсилгани боис машиналар кичик йўлдан аранг ҳаракатланарди.

— Э падарингга лаънат, — деди кутилмаганда йўловчи аёллардан бири. — Қачон қарама йўлни бузади, кавлайди. Худди мина тушгандек ҳамма ер расво.

Қош қорайиб, иш соати тугагач, яна автобусга ўтирдим. Йўлдаги вазият ҳамон ўша, Бунёдкор кўчасида йўл торлиги боис машиналар тўпланиб қолганди. Қаршимда 50 ёшлардаги эр-хотин гурунглашиб кетишарди.

— Онаси, қара, бу ерга ҳам кўприк тушаркан. Хитойда бир-бирига уланиб кетган кўприкларни кўриб ҳавас қилгандим. Энди бизнинг йўлларимиз ҳам мақтаса арзигулик бўлаяпти, — деди эркак деразадан кўзини узмай.

— Машиналар кўп-да, шаҳарда бундай кўприкларни кўпайтирмаса бўлмайди, йўқса тирбандлик юзага келаверади, – деб эрининг гапини маъқуллади аёли.

Бу суҳбатдан сўнг тонгдаги воқеа ёдимга тушди. Ҳақиқатан ҳам ҳар ким ўз қаричи билан ўлчайди. Дунё ҳам кенгга кенг, торга тор.

Наргиза Муродова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг