Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Кийиниш услуби электр энергияси сарфига қандай таъсир қилади?

Кийиниш услуби электр энергияси сарфига қандай таъсир қилади?

Фото: Xabar.uz

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) кийиниш услубининг хоналардаги совутиш тизимига таъсирини таҳлил қилди: костюм ва галстуклар ўрнига қулай кундалик кийимга ўтиш ички энергия истеъмолига сезиларли таъсир кўрсатиши, харажатларни камайтириш ва иқлим учун фойдали бўлиши мумкин.

Ўзбекистон бўйича маълумотлар таҳлили шуни кўрсатадики, бинолардаги кондиционерлар ҳароратини 2 даражага пасайтириш 293 миллион кВт-соат электр энергиясини тежаш ва СО2 ажралишини 155,8 минг тоннага камайтириш имконини беради.

Хоналарни совитиш учун сарфланаётган энергия дунёда истеъмол қилинаётган электр энергиясининг 10 фоизини, йиллик иссиқхона газлари ажралишининг салкам 4 фоизи (1,950 миллион тонна) ни ташкил этади.

Кондиционер ҳароратини (совутиш тартибида) 1°С га ошириш истеъмол қилинадиган электр энергиясини 7 фоизга тежайди, енгил кийим кийиш эса хонадаги идеал ҳароратни Цельсий шкаласи бўйича 2 даражага оширади.

Қулай ҳарорат оралиғи 23,5°С дан (костюмдаги ишчи учун) 29°С гача (ёзги кийимдаги киши учун) ташкил қилади. Аммо кўп ҳолларда термостат кўрсаткичи энг қуйи чегарага ўрнатилади ва натижада ишчиларнинг катта қисми ҳатто йилнинг жазирама кунларида ҳам иссиқ кийим кияди.

Баъзи мамлакатларда костюм ва галстукли ишчилар учун қулай ҳарорат яратиш учун кондиционерлардан фойдаланмасликка ҳаракат қилинмоқда ва қулай кундалик кийимлар кийиш рағбатлантирилаяпти. Жумладан:

Япония ҳукумати томонидан ҳар йили ўтказиладиган «Cool Biz» тадбири орқали офисларда рухсат этилган кийиниш услубини ўзгартириш рағбатлантирилади ҳамда энергияни тежашга эришилади.

Жанубий Корея ҳам 2006 йилдан «Cool Biz» тадбирини татбиқ эта бошлади.

БМТ Бош котиби энергия сарфини камайтириш ва БМТнинг Нью-Йоркдаги қароргоҳининг углерод изини камайтиришга қаратилган «Cооl UN» ташаббуси билан чиқди.

Шанхайнинг Луцзяцзуй ҳудудидаги 32 та офис биносида костюм ва галстуклар енгил кийимларга алмаштирилган ҳамда хоналардаги ҳарорат икки даражага, яъни 26°С га кўтарилган.

«Мавсумга қараб кийиниш» объ-ҳаво омилини инобатга олган ҳолда ва қулайлик даражасидан келиб чиқиб кийинишни англатади. Бу нафақат ички энергия истеъмолини қисқартиради, балки харажатларни камайтиради ва иқлим учун ҳам фойдали.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг