Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Кембрижда докторлик иши, Гарвард нашриёти чиқарган китоб...» – Норвичдаги ватандош ҳикояси

«Кембрижда докторлик иши, Гарвард нашриёти чиқарган китоб...» – Норвичдаги ватандош ҳикояси

Фото: Xabar.uz

«Хориждаги ватандошлар»да навбатдаги суҳбатдошимиз Буюк Британиядаги Шарқий Англия университети (University of East Anglia) ўқитувчиси Шерзод Мўминов бўлди.

Қаҳрамонимиз Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети бакалавр, Буюк Британиядаги Манчестер университети (магистратура) ва Япониядаги Цукуба университети магистратура, Кембриж университетида докторантурада босқичида таҳсил олган.

Космонавт, кейинроқ эса шифокор бўлишни хоҳлаганман

1982 йилнинг август ойида Сурхондарё вилояти, Жарқўрғон туманида зиёли оилада туғилганман. Отам Термиз давлат университетида физика-математика фанлари доценти, раҳматли онам умрининг охирги кунларигача Жарқўрғон туман шифохонасида шифокор бўлиб ишлаганлар.

Уйга яқин бўлгани учун туманимиздаги рус тилига ихтисослашган 1-мактабда таълим олганман. Мактабга бора бошлаганимда бир оғиз ҳам русча билмасдим, дарсларда нима бўлаётганини тушунмай ўтирардим. Болалигим ўша давр болалариникидан кўп фарқ қилмаган – мактабга бор-кел, ҳафта охирида ва ёз таътилида қишлоққа бобо-момоларимни кўриш, боғларидаги ғарқ пишиб турган мевалардан узиб, ювмасдан ейиш билан ўтган. 9 ёшимда Ўзбекистон мустақил бўлганини ўқитувчимдан эшитиб, хурсанд бўлганимни эслайман.

Кўп болалар каби, мен ҳам ёшлигимнинг турли босқичларида ҳар хил касбларга қизиққанман. Энг кичкиналигимда космонавт, кейинроқ эса шифокор бўлишни хоҳлаганман. Ўсмир ёшларимда инглиз тилини яхши кўрардим, аввал туман, сўнг вилоят ва республика даражасида олимпиадаларда қатнашганман. Шу пайтда катта тоғам суҳбатларнинг бирида менга дипломат касби ҳақида гапириб қолганлар. Менга бу касб жуда ёққан.

Шундан сўнг бир неча йил Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида ўқишга тайёрланганман, мактабда аниқ фанлар, айниқса, математикани яхши кўрсам-да, халқаро муносабатлар йўналишига ўқишга кириш учун тарихни чуқурроқ ўқий бошлаганман. Тақдирнинг тақозосини қаранг-ки, ҳозир тарихчиман.

Олийгоҳда таълим йиллари мен учун муҳим йиллар бўлган. Ўқитувчиларимизнинг кўпчилиги ўз соҳасини яхши биладиган мутахассислар эди, қизиқ маърузалар ва семинар муҳокамалари ҳали ҳам эсимда. Илк университет йиллари кўп маънода дунёқараш шаклланадиган, инсон шахс сифатида улғаядиган муҳит бўлгани учун, бу ерда қилинган қарорлар, олинган билим ва тажрибаларнинг кейинги ҳаётга таъсири ўзгача бўлади. Айнан ЖИДУда Япониядан келган кўнгилли ўқитувчилар раҳбарлигида япон тилини ўргана бошлаганман, бу мамлакат ва унинг тили, маданияти ва инсонларига қизиқишим айнан шу ерда бошланган.

PhD сари қадам...

Бакалаврни тамомлаб хорижда магистратура босқичида ўқиш истаги пайдо бўлди. Бир нечта олийгоҳларга ҳужжат топширдим. Улар орасидан менга энг маъқули Манчестер университети бўлган. Ундан ташқари Шотландиянинг Сэнт Эндрюс (University of St Andrews) университетидан ҳам қабул хати олганман, аммо катта шаҳарда ўқиш истаги Манчестерни танлашимга сабаб бўлган.

Очиғи, Манчестердан олган магистрлик даражам халқаро муносабатлар йўналишида бўлиб, кенг қамровли билимларни олганман, аммо бирон бир соҳа ё минтақага ихтисослашишга на имкон, на вақт бўлган (Буюк Британияда магистратура бир йил давом этади). Ўзбекистонга қайтиб, ишга кирганман, аммо бир куни барибир PhD даражасини қўлга киритиш орзуимни кўздан чиқармадим, турли университетлар ва стипендиялар билан қизиқиб юрдим. Цукуба университетида Япония ҳукумати стипендияси билан магистр даражасида ўқиш имконияти ҳақида эшитганимда, бу мен учун PhD сари бир қадам, яхши имконият бўлишини тушунганман. Ҳақиқатда ҳам, Цукубада ўтган икки йил менга нафақат мамлакатда яшаш, балки тилни яхшироқ ўрганиш имконини берди, келажакдаги касбим ва қайсидир маънода бутун умримни Япония билан боғлашимга сабабчи бўлди, десам муболаға бўлмайди. Цукубадаги ўқитувчиларим, хусусан Марказий осиёлик талабалар учун махсус дастурни йўлга қўйган ўзбекистонлик профессор Тимур Дадабаевдан ҳозиргача миннатдорман.

Китобим Гарвард университети нашриётида чоп қилинди

Кембриж университетидаги докторантура таълими 2011-2014 йилларга тўғри келади. Олийгоҳда япон аскарларининг собиқ Совет иттифоқида Иккинчи жаҳон урушидан сўнгги асирлиги ва ватанига қайтгач бошидан кечирганлари тарихини тадқиқот қилганман. Кўпчилик яхши билади, бу асирларнинг бир қисми Ўзбекистонда ҳам бўлган, Тошкентдаги Алишер Навоий номидаги театр, Тошкент вилоятида бир қанча саноат корхоналари (Ангрен, Бекобод, Чирчиқ ва ҳоказо жойларда), қолаверса Андижон ва бошқа водий шаҳарларида ҳам ишчи кучи сифатида сафарбар қилинган.

Япония ва собиқ ССРИ давлатлари аҳолисига бу тарих қайсидир маънода таниш бўлса-да, жаҳон миқёсида кўпчилик билмайди. Ёзган диссертациямда асирликнинг ўзинигина тадқиқ қилмасдан, уни ўрганиш орқали глобал тарихий жараёнлар – Япония империяси қолдирган из ва салбий мерослар, Иккинчи жаҳон уруши якунлари ва Совуқ уруш бошланиши, Осиёда, хусусан Япония устида икки қудратли давлат қарама-қаршилиги ва ҳоказо ўзгаришларга янгича назар ташлаш мумкин, деган фикрни илгари сурганман. Бу ва бошқа мураккаб жараёнларни Япония, Россия, Буюк Британия ва АҚШдаги архив ва кутубхоналардан йиққан уч тилдаги манбаларга таяниб ўргандим.

Диссертацияни ёқлаганимдан сўнг бир неча йил давомида уни кенгайтириб, янги архив манбалари ва фотосуратлар қўшиб, китоб шаклига келтирдим, бундан роппа-роса бир йил олдин, 2022 йил январида китобим Гарвард университети нашриёти томонидан чоп қилинди.

Икки қутбни бирлаштира олган

Ҳамма нарса нисбий бўлганидек, Буюк Британия университетларида ўқитувчилар учун яратилган шароит қайсидир давлатларга нисбатан яхшироқ бўлса, бошқаларига қараганда эса унчалик яхши деб бўлмайди. Мисол учун, Японияни ўз ичига оладиган шартли Ғарб давлатларининг кўпида университет ўқитувчиларига Буюк Британияга нисбатан яхшироқ маош тўлашади, тадқиқот учун кўпроқ маблағ ажратишади. Илмий ишнинг афзалликлари, менимча, ҳаммага – айниқса шу ишга умрини бағишлаган ҳамкасбларимга аён: тадқиқот қилиш завқи, (тарихчиларга хос бўлган) архив ва бошқа манбалар ёрдамида ўтмиш саҳифаларини янгича ёритиш завқи, ундан кейин ўрганганларингни талабалар билан бўлишиш, шогирд тайёрлаш – буларнинг бари ўз ишини яхши кўрадиган ўқитувчи ва тадқиқотчи учун жуда муҳим. Менга бу касбнинг энг ёқадиган жиҳати, қайсидир маънода икки қутбни бирлаштира олганидир. Қутбларнинг биринчиси ёзиш ёки ижоддир, бу машғулотни инсон ёлғиз бажаради, оқ қоғозни қоралашда ўзи билан юзлашиб ишлайди. Иккинчи қутб эса дарс бериш – ёзишнинг аксидир, чунки сиз одамлар орасида, ўқитувчи сифатида диққат марказида, талабалар билан мулоқот орқали уларнинг фикр алмашиши, янги билимларни кашф қилиши, саволлар бериши, бир-биридан ранг олиб, муаммолар ечимини қидиришига ёрдам берасиз, бунга гувоҳ бўласиз. Мен бу каби қарама-қарши машғулотларни ўзида мужассам эта олган бошқа касбни билмайман.

Характери, дунёқараши, фикрлаш тарзига қарашади

Ўзим фаолият олиб бораётган Шарқий Англия университети мамлакатнинг Норвич шаҳридаги давлат тадқиқот олийгоҳидир. 1963 йил ташкил этилган, тўртта факультет ва 26 та ўқув мактаби мавжуд. Муассасага қабул тил билиш ва бошқа стандарт талаблардан ташқари йўналиш ёки илмий даражага оид фарқлар бор, аммо, мисол учун, магистратура ва PhD учун тадқиқ қилмоқчи бўлган мавзуни пухта билиш талаб қилинади. Яъни, шунчаки магистратура ёки PhD қилмоқчиман, деган мақсад билан эмас, бу илмий даражалар ва уларни олиш жараёнида йиғилган тажриба менга нима беради, келажагимга қандай таъсир ўтказади, улардан ўз мақсад ва орзуларимга эришишда қандай фойдаланаман каби саволларга жавобни ўйлаб кўриш, бу фикрларни топширилаётган ҳужжатларда акс эттириш керак бўлади. Чет эл университетлари ҳамиша ҳам баҳолар ёки IELTS балига қараб эмас, ҳужжат топширувчининг характери, дунёқараши, фикрлаш тарзига қараб ҳам уларни ажратади. Албатта, бу билим ва малакаларни бир ё икки йилда эмас, узоқ муддатли ва мунтазам ўқиш ва изланиш ёрдамида чархлаб бориш керак.

Университетга мақбул даргоҳ ё майдончалар кўпаймоқда

Ўтган аср давомида олий таълим оммалашиб, нафақат озчилик элита учун, балки олдинлари ўқишни орзу ҳам қилмаган ёшларга олийгоҳда таълим олиш имкониятлари очилди. Бунинг натижасида илм-фанда салмоқли кашфиётлар, катта силжишлар юз берди. Бизнинг асримизга келиб, бу жараён янада осонлашиб, янги билим ёки малакалар беришда университетга мақбул даргоҳ ё майдончалар кўпаймоқда. Ҳозирги замон технологиялари – асосан мобил ва тез интернет ва контент истеъмолининг геометрик прогрессияда ошиши ёшларнинг билим олиш усулларига ҳам таъсир ўтказмай қолмайди. Бошқача қилиб айтганда, ёшлар олдингига нисбатан мослашувчанроқ, маълумот таҳлилига лаёқатлироқ, айни пайтда визуал (кўз билан кўриладиган) маълумотни осонроқ қабул қиладиган бўлиб боришмоқда. Мен буларни ўз фарзандларим мисолида, қолаверса, улардан сал ёши каттароқ талабаларим мисолида кундалик кузатаман. Бу шароитда университелар, олий ва ўрта таълим қай йўналишда ўзгаради? Комил ишонч билан айтиш мумкинки, университетлар бу шароитда босим остида қолади, нафақат бошқа университетлар тарафидан, балки бошқа таълим майдончалари тарафидан босимни назарда тутаяпман. Таълим бериш ва билим яратиш ва тарқатишнинг янги усулларини кашф қилолмаса, афсуски, университетлар биз билган шаклда аста-секин тугаб кетиши ҳам мумкин.

Тохоку университетида меҳмон тадқиқотчи бўлдим

Юқорида 2022 йил январида китобим Ҳарвард университети нашриёти томонидан чоп қилингани ҳақида айтгандим. Китобимни тугатганимдан кейинги бир йилни асосан янги китоблар ўқишга, китобимни Буюк Британия ва Япониядаги университетларда тақдим қилишга сарфладим. Ўтган йилнинг апрел-июл ойларида Япониянинг Тохоку университетида меҳмон тадқиқотчи сифатида бўлдим, пандемиядан сўнг илк бор Японияга бориш ва у ерда ишлаш, маърузалар қилиш, янги китоблар сотиб олиш имконига эга бўлдим. Шу орада, бир нечта янги мавзу бўйича ҳам иш бошлаб қўйдим. Булардан бири «Хиросима рассоми» деб атаса бўладиган мусаввир, Хиросимага атом бомбаси оқибатларини ўз асарларида ёритган, аммо бомба ташланган пайтда Сибирда асир бўлган рассом Шикоку Горо (япон одатига кўра, бу ерда фамилия олдинда ёзилган) ҳақида япониялик ҳамкасбим ва дўстим, Тама университети профессори Кобаяши Акина билан тадқиқот олиб боряпмиз. Япониядалик чоғимда Шикокунинг ўғли, Шикоку Хикару-сан билан узун суҳбат қилиш имкониятига эга бўлдим. Ҳозирда бу мақолани нашрга тайёрлаяпман.

Тил ўрганинг, ўрганганда ҳам яхши, пухта ўрганинг

Ёшларимизга кўп маслаҳат бериш мумкин, аммо ўз тажрибамдан келиб чиқиб бера оладиган энг асосий маслаҳатим – тил ўрганинг, ўрганганда ҳам яхши, пухта ўрганинг. Яхши ўрганиш деганда нимани назарда тутаман? Ўша миллат вакили билан қаҳвахонада учрашиб, бемалол кеча кўрган филмингиз ҳақида сўзлаб бера олиш ёки сиз тилини ўрганаётган давлатда бу йили бестселлер бўлган романни луғатга қарамасдан ўқий олишни назарда тутаман. Албатта, осон бўлмайди. Албатта, хатоларсиз бўлмайди. Аммо ҳаракат қилиб, тил билимингизни юқори даражага кўтара олсангиз, ҳам сўзлашув, ҳам ёзма тилни турли вазиятларда маҳорат билан қўллай олсангиз, сизни мақсадларингиз йўлида ҳеч нарса тўхтата олмайди. Чунки тил нафақат янги билимларга, балки маданият, фикрлаш тарзи, қадриятларга ҳам эшик очадиган калитдир. Тил ўрганиш жараёнида ўзингиз ҳам ўсасиз, улғаясиз, дунёқарашингиз ҳам ўрганган ҳар бир янги сўз ё ғоя билан бирга кенгаяверади.

Ҳам кундалик турмуш бор, ҳам тарих

Яхши кўрган китобларим жуда кўплиги учун, учтагина танлаш жуда қийин. Шундай бўлса-да, қуйидаги уч асарни тавсия қила оламан. Тарихчи сифатида, тарих китобидан бошламасам бўлмас: Йел университети профессори, Украина тарихчиси Тимоти Снайдернинг «Bloodlands: Europe Between Hitler and Stalin» («Қонли замин: Ҳитлер ва Сталин орасида қолган Европа») китоби. Бу китоб даҳшатли тарихни сўзлаб беради, шу билан бирга, уни тарихчиларга оммабоп тарих асарларини ёзиш бўйича қўлланма сифатида ҳам кўриш мумкин.

Битта фалсафий асар танладим: Рим императори, Стоиклар фалсафасининг яққол намояндаси, «5 Яхши император»дан бири бўлмиш Маркус Аврелиус Антониннинг (русчада Марк Аврелий дейилади) «Тафаккурлар» (русчада «Размышления») асари. Бу китоб аслида оммага мўлжалланмаган; Маркус Аврелиус уни ўзи учун, фикрларини бир жойда жамлаб қўйиш учун она тилиси бўлмаган грек тилида ёзган. Ернинг катта қисмини ўз ҳукми остида ушлаб турган империянинг раҳбари шу қадар камтарлик ва ўзига нисбатан қаттиққўллик билан ёзганларини илк ўқиганимда, менда катта таассурот қолдирган. Учинчиси эса бадиий асар бўлсин: япон ёзувчиси Мураками Харуки қаламига мансуб «Айланма қуш кундалиги» (русчаси «Хроники заводной птицы») романи. Катта ёзувчиларга хос бўлган катта бу романда ҳам кундалик турмуш бор, ҳам тарих. Япония тарихига жиддий қизиқишимга ҳисса қўшган китоблардан.

Фильмларга келсак, шу пайтгача кўрганим мингдан ошиқ фильмимдан қуйидаги уч фильмни танладим. Спойлер бўлмаслиги учун улар ҳақида ҳеч нарса демайман. Режиссёр Куросава Акиранинг «Қизил соқол» (Akahige), режиссёр Гильермо дель Торонинг «Фавн лабиринти» (El Laberinto del Fauno), режиссёр Бонг Жунҳо «Паразитлар оиласи».

Келажакдаги режаларимга тўхталадиган бўлсам, асосийси, ўзим севган иш – талабаларимга дарс бериш, ўзимга қизиқ мавзуларни тадқиқ қилиб, янги китоб ва мақолалар ёзиш, шогирд тайёрлаш билан бир вақтда, ватандошларим орасида илм-фан ва илмий ишга қизиқишнинг ошишига оз бўлса-да ҳисса қўшишни хоҳлайман. Шу мақсадда Твиттерда «тредлар» (бир-бирига уланган хабарлар) шаклида, ўзим билган мавзу ва тажрибалар ҳақида ёза бошладим. Мени ҳайратга солгани, бу тредлар кўпчилик ватандошларимизда қизиқиш уйғотди.

Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг