Карантин сабабли 2 ойлик пенсиям куйиб кетадими?
Бугун АОКА ҳузуридаги штабда Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси директори ўринбосари Шуҳратжон Давронов иштирокида брифинг ўтказилди.
Брифингда муҳим савол ва мурожаатлар юзасидан жавоб қайтарилди.
– Пенсионерларга банк пластик картаси очиш учун қанча ҳақ олинади?
– Пенсия ва нафақа олувчиларга банк пластик карталарини очиш учун фуқаролардан ҳеч қандай тўлов ва ҳақ олинмайди.
– Мен Миллий банк пластик картаси орқали пенсия олиб келяпман. Энди менга ҳам Халқ банкидан банк пластик картаси очиладими?
– Пенсия ва нафақаларини бугунги кунга қадар банк пластик карталари орқали олиб келаётган фуқароларга янги карталар очилмайди. Уларга пенсия ва нафақалар тўловлари ўзларининг мавжуд карталари орқали амалга ошириш давом эттирилади.
– Бизнинг маҳаллага ҳар ойнинг 20-21 санасида банк кассаси келиб, пенсия тарқатар эди. Пластик карталарга ҳам шу санада пул тушадими?
– Пенсия ва нафақалар банк пластик карталарига ҳар ойнинг бошида молиялаштириб берилади.
– Ёшга доир пенсияга чиқиш учун ҳужжат топширмоқчи эдим. Карантин сабабли пенсия ҳужжатларимни йиғишда кечикиш бўлса, 2 ойлик пенсиям куйиб кетадими?
– Ёшга доир пенсия — агар пенсия олиш ҳуқуқи пайдо бўлган кундан бошлаб 60 кун ичида уни сўраб мурожаат этилган бўлса, пенсия ёшига тўлган кундан эътиборан тайинланади.
Давлат пенсияларидан бирига ҳуқуқи карантин даврида пайдо бўлган фукароларга, карантин тадбирлари тугагандан кейин 1 ой давомида пенсия тайинлаш учун Пенсия жамғармаси бўлимларига мурожаат этиш ҳуқуқи берилди.
Бу ҳолатда уларга пенсиялар карантин чекловлари давридаги ҳуқуқи пайдо бўлган санадан тайинланади.
— Яқинда фарзандли бўлдик, суюнчи (пули) нафақаси учун мурожаат қилмоқчи эдим. Белгиланган муддатда топширмасам, суюнчи пули куядими?
– Бола туғилганда бериладиган нафақа (суюнчи) бола туғилган кундан бошлаб 6 ой муддат ичида мурожаат қилинганда тўланади.
Бола туғилганда бериладиган нафақага ҳуқингиз карантин даврида пайдо бўлган бўлса, карантин тадбирлари тугагандан кейин 1 ой давомида ушбу нафақани олиш учун ўрнатилган тартибда мурожаат этишингиз мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter