Камбағал одам қурбонлик қилса, гўштини ўзи еса бўладими?
Яқинда бир гап эшитиб қолдим. Камбағал одам қурбонлик қилиш мақсадида қўй сотиб олса ёки боқаётган қўйларидан бирини қурбонликка сўяман деса, назр қилган бўлиб қолар экан ва унинг гўштидан ўзи еса бўлмас экан. Ҳақиқатда ҳам шундайми?
Ушбу саволга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази жавоб берди.
«Қурбонлик гўштини барча инсонлар тановул қилиши мумкин. У қурбонлик эгаси бўладими ёки бошқаси бўладими, бой бўладими ёки камбағал бўладими, назр қилган бўладими ёки назр қилмасдан сўйган бўладими, бозордан сотиб олиб қурбонлик қилганми ёки уйидаги қўйларидан сўйганми фарқи йўқ.
Шуни яхши билиш лозимки, қурбонлик қилиш камбағалларга вожиб эмас. Балки закот нисобига эга бўлган инсонларга вожибдир. Аммо камбағал киши қурбонлик учун бир жонлиқни сотиб олса, унга айнан ўша жонлиқнинг ўзини қурбонлик қилиш вожиб бўлади. Зеро камбағал инсоннинг қурбонлик учун жонлиқ сотиб олиши ўша жонлиқни қурбонлик учун назр қилиш ҳисобига ўтади. Аммо, ўзи боқаётган ҳайвонлардан бирини қурбонлик учун атаб ният қилса, бу назр ҳисобланмайди ва ушбу ҳолатда камбағал кишига қурбонлик қилиш вожиб бўлиб қолмайди, балки қилса савобга эга бўлади.
Аммо унинг гўштини ейишга келсак, бу борада «Бадоиъус саноиъ» китобида қуйидагича зикр қилинган:
«Қурбонликнинг эгаси ўзи қилган қурбонлигидан ейиши жоиздир. Чунки Аллоҳ таоло ўз каломида «Қурбонликларингиздан еяверингиз» деб мутлақ айтган. Зеро, қурбонликнинг эгаси ҳам ушбу кунларда худди бошқалар каби Аллоҳ таолонинг меҳмонидир. Шунинг учун унга ҳам Аллоҳ таолонинг зиёфати бўлмиш қурбонликдан ейиши жоиздир.
Бу масаладаги хулоса қуйидагичадир. Жонлиқлар уч турга бўлинади:
- Барча уламолар итттифоқига кўра эгаси ейиши жоиз бўлган жонлиқлар.
- Барча уламолар иттифоқига кўра эгаси ейиши жоиз бўлмаган жонлиқлар.
- Эгасининг тановул қилиши жоизлигида ихтилоф юзага келган жонлиқлар.
Биринчи турдаги жонлиққа қурбонлик гўшти киради. Унинг вожиб ёки нафл, назр билан вожиб бўлгани ёки шундоқ ўзи вожиб бўлганининг фарқи йўқ.
Иккинчи турдаги жонлиқларга ҳаждан тўсилиб қолганда сўйиладиган жонлиқ. Эҳромда бўлган ҳолда қилинган жиноятлар, масалан соч олдириш, тикилган кийимни кийиш ва шу каби жиноятлар учун сўйиладиган жонлиқлар ва сўйишга назр қилинган жонлиқларнинг гўштлари киради.
Учинчи турдаги жонлиқларга таматтуъ ва қирон каби ҳаж турларини қилгани учун сўйиладиган жонлиқлар. Бизнинг мазҳабимизда эгаси булардан ейиши жоиздир. Шофеъийларда эса жоиз эмас.
Демак, қурбонлик қилиш учун жонлиқ сотиб олган камбағал кишининг қурбонлиги биринчи тур жонлиққа киради. Яъни у сўйган қурбонлигининг гўштидан ўзи ҳам, бойлар ҳам ея олади», дейилади Фатво маркази маълумотида.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter