Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Кафолат таъмир»дан аҳоли розими?

«Кафолат таъмир»дан аҳоли розими?

Фото: «Otoplenie-gid.ru»

Тошкент шаҳар иссиқлик таъминоти тизимини 1,4 миллиард еврога модернизация қилиш режалаштирилмоқда деган хабарни шу йилнинг август ойларида ижтимоий тармоқларда ўқиган эдим. Унда Тошкент шаҳрида 9 165 та кўп қаватли уй, 3 475 та ижтимоий объект марказлашган иссиқлик таъминотига уланган ҳамда магистрал ва тарқатиш тармоқларининг 72 фоизи, марказий қозонхоналарнинг ҳаммаси, маҳаллий қозонхоналарнинг 90 фоизи эскирган деган маълумот ҳам келтирилган эди.

Наҳотки, Ўзбекистон пойхтидаги кўп қаватли уйларнинг аҳволи шундай бўлса, деган ачинарли фикр хаёлимдан ўтди. Лекин бу айни ҳақиқат эканлигига жонли гувоҳи бўлдим. Шу йилнинг ёз ойларида Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳридан Тошкент шаҳрига уй сотиб олиб, оила аъзоларим билан кўчиб келдик.

Пойтахтдаги кўп қаватли уйларда куннинг совуқ кунларида ҳам муаммо бўлмаса керак деган фикрда эдим. Сабаби Олмалиқ шаҳрида биз яшаган кўп қаватли уйда деярли куннинг совуқ, иссиқ кунлари бўлишига қарамай, иссиқлик тизимида ва, бир сўз билан айтганда, ширкат билан боғлиқ муаммоларга дуч келсак, тезда бартараф этилган эди.

Янги сотиб олган уйимиз сантехник ҳолати таъмирга муҳтож бўлиб қолган экан. Биздан аввал ижарачилар яшаганлиги боис уйнинг ҳолатига қарамаган, кўп қаватли уйларга масъул ширкатга ҳам мурожаат қилмаган бўлса керак деган фикрда эдик. Қўшниларимизнинг айтишига қараганда, уйимизда яшаган ижарачилар пайтида иссиқлик тизими билан боғлиқ ноқулай вазиятлар бўлган экан. Уйнинг сантехник ҳолатини таъмирламасликнинг иложи йўқлигини билиб, Юнусобод тумани 19-мавзега қарашли уй-жой мулкдорлари ширкатига (+99871 222 51 42) рақамига қўнғироқ қилдим.

Гўшакни оператор олиб, ширкатнинг номини «Кафолат таъмир» деб таништирди ва бизга сантехник кераклигини айтганимизда, манзилимизни ёзиб қолди. Ширкат ходими келиб, бу хизмат тури хонадон эгаси томонидан қилиниши кераклиги ва ширкат ваколатига кирмаслигини айтди.

Сўнгра масъул ходим «фалон» сўм берилса, ширкат томонидан таъмирланиб берилишини маълум қилишди. Буни эшитиб илгари яшаган уйимизда ҳам мана шундай ишларга катта пул кетмаган эди-ку деб, ўйланиб қолдим.

Наҳотки, «Кафолат таъмир»дагилар нохуш ҳолат юз берса-да, ўз ҳудудига қарашли бўлган хонадондаги ҳолатга бефарқлик билан қарашса? Ахир Ўзбекистон Республикаси Президентининг Кўп квартирали уй-жойларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисидаги 2021 йил 19 июндаги 5152-сонли қарорида айтилганидек, ширкатлар 24 соат мобайнида фаолият юритадиган диспетчерлик ва авария вазиятларини бартараф этиш хизматини ташкил этиши зарурлиги бандининг ижроси қаерда қолди? Бугунги кунда қарор ижросини таъминлаш мақсадида ширкатларда қилинаётган ҳаракатлар, назаримда, «кўз бўямачилик», «хўжа кўрсин учун» ташкил этилаётгандай?

Шундан сўнг, мен яшаган Олмалиқ шаҳридаги кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатувчи «Мўйноқ орол» ширкати раҳбари Муҳтарам Исоқовага қўнғироқ қилдим ва аҳвол ҳақида улардан мутахассис сифатида маслаҳатларини олдим. Дунёда ўз касбига фидоий, халқ хизмати улар учун ифтихор туйғуси деб биладиган инсонлар ҳам бор. Бу инсон ёрдами билан «фалон» пулга эмас, оддий оиланинг чўнтаги кўтарадиган маблағга таъмирланди.

Майли, бу уйимиздаги таъмирга муҳтож ҳолатига биз жавобгардирмиз. Лекин «Кафолат таъмир» ширкати аҳолига кўрсатаётган хизмати бугунги замон талабига жавоб бермайди, деб ўйлайман. Куннинг қаҳратон совуқ кунлари кириб келмоқда, афсус, ширкат бунга тайёр эмасдай, иссиқлик тизими бир хонани яхши иситса, иккинчисида бунинг акси.

Мен ширкатнинг бундай камчилигига кўз юмдим, масаланинг бошқа томони мени анчагача ўйлантирди. Ширкат масъули биз улар айтган хизматдан фойдаланмаганимизга ёки бошқа сабаб биланми, «Юртобод» маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли профилактика инспекторининг айтишига қараганда, устимиздан арз қилиб, мурожаат этишибди.

Профилактика инспектори уйимизда ишлаётган сантехник усталарни хизмат хонасига олиб кетиб рухсатсиз «ертўлага киргансан, «ертўла эшиги қулфини бузгансан» қабилидаги тушунтириш хатларини ёздирди. Ваҳоланки, юқорида кўрсатилган телефон рақамига бир неча бор қўнғироқ қилиб, ширкатни огоҳлантирганмиз.

Давлатимиз раҳбари бугунги кунда халқнинг муаммосини ечишни давлат сиёсати даражасига олиб чиқаётган бир пайтда «Кафолат таъмир» ширкати бунинг аксини қилишаётгандай назаримда. Агар бугунги кунда ширкат аҳолини рози қиладиган даражада фаолият олиб борганида эди, биз четдан мутахассис олиб келиб ишлатишга мажбур бўлмас эдик. Ёки ширкат масъуллари хизмат ҳақи учун «фалон» сўмни белгиламасдан, оддий оиланинг чўнтаги кўтарадиган нарх айтишганида, албатта, бундай ҳолат юзага келмасди.

Юқорида айтилган коммунал соҳасидаги муаммолар ўз-ўзидан пайдо бўлмаган. Ўз ишига масъулиятсизлик билан қараш оқибатида юзага келган десак янглишмаймиз. Кичкина муаммолар ўз вақтида олди олинмаса, йиллар ўтиб катта сарф-харажатларни келтириб чиқарадиган катта муаммога айланиши, шубҳасиз. Бундан халқ жабр кўради. Истайманки, ширкатларнинг нотўғри қадамидан халқ жабр чекмасин!

Лобар ШОМУРОДОВА, журналист

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг