Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Журналист китоб ёзди...

Журналист китоб ёзди...

Фото: «Xabar.uz»

– Ўғлингизга ҳавас қилиб, ўғлим ҳам журналист бўлмоқчи?

– Яхши-ку, бўлсин, аммосоғиниб қолганингизда... 

– Опа, аммоси нимада?

– Ҳар шанба ўғлингизни йўлини пойлайсиз-да, синглим.

– Нега?

– Чунки, ўқишни тугатиб пойтахтда қолса, ҳар шанба куни менга ўхшаб, уйга келишини кутиб, йўлга қарайсиз-да...

– Майли, не бўлса ҳам элнинг хизматини қилиб юришсин, бошлари омон бўлсин...

Таниқли журналист Рўзибой Қўлдошевнинг «Тоғлардан баландман» номли китоби тақдимотига кетяпману хаёлимдан шу гурунг тафсилотлари ўта бошлади. Юқорида фарзандларининг келажагини ўйлаб қайғурган онахонлардан бири Рўзибой аканинг волидаи муҳтарамалари – Зулфинисо она бўлсалар, иккинчи суҳбатдош эса Маърафатхон – менинг онам эди. Ўша вақтларда бу суҳбатдан табиий мен ҳам, Рўзибой ака ҳам бехабар эдик. Кейинчалик ТошДУ (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факултети)га ўқишга кириб, таҳририятда ишлаб, шанба кунлари уйга борганимда, онам шу гапни қайта-қайта айтиб берардилар. Рўзибой ака билан учрашганимда, телефонлашганимизда бу гурунг ёдга тушаверади, устоз (биринчи марта устоз, деяпман, шогирд бўлиш масъулияти оғрилигидан ҳаддим сиғиб бундай мурожаат қилаолмасдим)га бу ҳақда айтмаганман, негадир фурсати келмаган. Мана бугун оналаримизни ўзаро мулоқотни китоб тақдимоти баҳона айтдим.

Рўзибой Қўлдошевни аввал радиодаги эшшитиришлари орқали таниган, шу касбга ҳавасим уйғониб, журналист бўлишни ният қилган бўлсам, кейинчалик устозни «Ватанни севмоқ иймондандур!», «Мавзу», «Сомон йўли», «Ҳимоя», «Йўлга чиқдик» деб номланган тарихий, бадиий-публицистик ва ҳуқуқий йўналишдаги туркум кўрсатувлари орқали яна етук журналист, ўз касбининг устаси сифатида кашф этдим. Рўзибой аканинг муаллифлигида тайёрлаган кўрсатувлар кўп бўлса-да, аммо олган ютуқлари камтарона – «Йилнинг энг яхши журналисти» ва «Энг улуғ – энг азиз» танловлари ғолиби.

«Тоғлардан баландман» китобида устоз бошидан ўтказганлари, кўрсатувларни тайёрлаш жараёнлари, олқиш олган дамларию бошига тушаган қайғулари ҳақида ҳикоя қилади. Муаллиф китобда касби орқали дунё кезгани, ҳамфикр дўстлар, устозлар орттиргани, замонасининг улуғ инсонлари билан мулоқот қилгани тўғрисида фахрланиб сўз юритган, журналистиканинг бугуни, келажаги хусусида ўз мулоҳазаларини билдирган. Энг муҳими, китобни ўқир экансиз, муаллифнинг Ватанга бўлган беқиёс меҳрини туясиз, сўзни улуғ саодат, деб билиб, қалам тебратганига иқрор бўласиз.

Тақдимотда китоб ҳақида устозлар, ҳамкасблар жудаям илиқ фикрлар билдиришди, эзгу  тилаклар айтишди.  Якунда Рўзибой Қўлдошев «Халқимиз олдида ижодкор фарзанди сифатида қарздорман, айтолмаган сўзларим бор эди, шуни китоб қилдим», деди. Бир сўз билан айтганда, ижодкорнинг бу китобини ўз фаолияти ҳақидаги ҳисоботи, деб айтиш мумкин.

Дарвоқе, Рўзибой Қўлдошев бугун, 2 март куни 60 ёшга тўлди. Бундан 33 йил олдин ўғилларини камолини кўришни истаган онахонлар ўшанда «Майли, не бўлса ҳам элнинг хизматини қилиб юришсин, бошлари омон бўлсин» дея тилак билдиришганди. Ўша тилакни яна такрорлаймиз: Рўзибой ака эл хизматини қилиб чарчаманг, бошингиз омон бўлсин. Зеро, оналарнинг ниятлари ҳамиша ижобат бўлади...

Абдуғани Абдураҳмонов

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг