Обод бўлаётган Жом: ичимлик суви, газ ва электр энергияси муаммолари бартараф этилди (фото)
«Обод қишлоқ» дастури асосида Самарқанд вилояти Нуробод туманининг Жом қишлоғида бир нечта объектлар фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Жумладан, Манжак, Тарамиш ва Жом-1 гузарларида янгитдан қурилган ва капитал таъмирланган сув иншоотлари қишлоқ аҳолиси ихтиёрига топширилди, Янгиқишлоқ гузарида эса электр таъминоти станцияси ишга туширилди.
Объектларни фойдаланишга топширишга бағишланган тадбирда вилоят ҳокими Т.Жўраев иштирок этди.
Умуман олганда, «Обод қишлоқ» дастури бўйича Нуробод туманининг Жом ва Гирдиқўрғон қишлоқларида режалаштирилган ишларнинг қарийб 80 фоизи охирига етказилди.
22,1 км. ички йўл тош йўлга ўтказилди, 5,65 км. масофада марказий кўчаларга, 2,32 км. масофада ички кўчаларга асфальт ётқизилди. 2,2 км. ирригация лотоклари, 5,65 км. пиёдалар учун йўлаклар қурилди.
23-умумтаълим мактаби олдида ҳашар йўли билан янги кўприк барпо этилди.
Марказий ва ички кўчаларга 30 та, янги бозор ҳудуди, Жом ва Гирдиқўрғон маҳаллалари марказий майдонларида 12 та, жами 42 та тунги ёритиш устунлари ўрнатилди.
Вилоят электр тармоқлари корхонаси томонидан қишлоқ аҳолисини узлуксиз электр энергия билан таъминлаш мақсадида 11 та янги трансформатор, 1060 дона темир-бетон устун ўрнатилди, 41 км. узунликдаги ҳаво тармоғи тортилди.
Вилоят ҳудудий газ таъминоти бошқармаси томонидан Жом ва унга туташ ҳудудларда суюлтирилган газ баллонларини ташиш учун қўшимча «Исузу» русумли автомашинаси харид қилинди.
2100 дона суюлтирилган газ баллони етказиб берилди. Бугунги кунга қадар Жом ва Гирдиқўрғон маҳаллаларидаги барча хонадонлар маиший газ баллонлари билан таъминланди.
Омондара маҳалласи ҳудудида аҳолига қулайлик яратиш мақсадида янги газ баллонлари тарқатиш маркази қурилди.
«Обод қишлоқ» дастурига қадар Жомда истиқомат қилаётган 22830 нафар аҳолини марказлашган тоза ичимлик суви билан таъминланиш кўрсаткичи 6121 нафар – 27 фоизни ташкил этган. Дастур давомида эҳтиёжни бартараф этиш мақсадида;
- «Омондара» сув иншооти капитал таъмирланди ва сув чиқариш қуввати 2 баробар оширилди;
- 0,5 км. тармоқ янгиланди;
- 2 км. сув тармоғи жорий таъмирланди;
- 40 дона клапанли кўча кранлари ўрнатилди;
- 3 та сув иншооти реконструкция қилинди;
- 4 та янги сув иншооти қурилиб, 6 км.га ичимлик сув тармоғи тортилди;
- 2 та янги сув иншоотида қурилиш ишлари олиб борилмоқда;
- 2 та сув ташувчи махсус техникаларга сув олиш нуқталари ташкил этилди;
- аҳолининг чорва молларини суғориш учун 12 та сув ҳовузи қазилди.
Натижада аҳолининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланиш даражаси 62,3 фоизга кўтарилди.
Марказлашган сув тармоғи етиб бормаган аҳолини ичимлик сув билан таъминлаш учун 2 та махсус сув ташувчи автомашина ажратилди. Ичимлик сувга бўлган эҳтиёж Жом қишлоғида тўлиқ бартараф этилади.
Сув иншоотлари ва сув тармоқларида авария ҳолати рўй берса, уни ўз вақтида бартараф қилиш мақсадида барча асбоб-ускуналар билан жиҳозланган 2 та янги махсус мотоцикл харид қилинди.
Шунингдек, 663 та уй-жойнинг 469 таси (71 фоизи) таъмирдан чиқарилди, атрофи тўсиқ деворлар билан ўралди. Намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган 75 та уй-жойнинг 25 таси Республика Касаба уюшмалари кенгаши томонидан молиялаштирилиб, кам таъминланган ва шароити оғир бўлган оилаларга бепул ажратилди. Мазкур объектларда қурилиш ишлари 70-75 фоизга бажарилди.
10 та мактаб таъмирдан чиқарилди, янги мебеллар билан жиҳозланди, 1 та қишлоқ оилавий поликлиникаси ва 3 та мактабгача таълим муассасаси янги қурилди.
Деҳқон бозори, масжид, ҳаммом, 3 та автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шахобчаси, 4 та озиқ-овқат дўкони ҳамда 2 та автобекат барпо этилди.
16-17 май кунлари кутилмаганда ёққан кучли ёмғир ва содир бўлган сел оқибатида яроқсиз ҳолга келиб қолган 3 та кўприк реконструкция қилинди. Табиий офатдан талофат кўрган 71 та оила ҳолидан хабар олиниб, уларга 30 тоннага яқин озиқ-овқат маҳсулоти, 2000 донага яқин кийим-кечак, 500 га яқин кўрпа-тўшак, ёстиқ, чойшаблар, дори-дармон, уй-рўзғор буюмлари, кир ювиш воситалари етказиб берилди.
Жиддий зарар кўрган ҳамда тиклаш имконияти бўлмаган хонадонлар бузилиб, қурилиш материаллари ажратиб олинди.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, селдан зарар кўрган бино ва иншоотларни қайта қуриш ва таъмирлаш учун 7 млрд. сўм маблағ талаб этилмоқда.
Сел оқимида жойлашган 4 та уй-жой бузилиб, унинг эгаларига хавфсиз ҳудуддан ер участкалари ажратилди. Уларга ҳомийлар ҳисобидан уй-жой қуриб берилмоқда.
Жомсой коллекторининг 3,1 км. ўзани тўғриланди ва қирғоқлари мустаҳкамланди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter