Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан баҳслашган тадбиркорлар фаолиятини солиқ органлари ўрганишни бошлади
Давлат солиқ қўмитаси тадбиркор Муҳаммадбобур Хўжаев ва қурувчи Азиз Зокиров фаолиятини ўрганишни бошлади. Бу ҳақда қўмита матбуот хизматида хабар қилди.
Шу йилнинг 27 апрель куни Тошкент шаҳар ҳокимлигида якка тартибдаги уй-жойлар сифатида расмийлаштирилган кўп хонадонли уй-жойлар қурилиши бўйича учрашув бўлиб ўтди. Пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев уй қурувчилари томонидан солиқ қонунчилиги бузилганини таъкидлади.
Шаҳар маъмурияти вакиллари қайд этишича, тадбиркорлар олди-сотди шартномаларида уй-жой нархини арзон кўрсатган, фирмани расмийлаштирмасдан, касса аппаратисиз ишлаган, юзлаб кишиларни ноқонуний тарзда ишлатган, ҳамда солиқ тўлашдан қочишда айбланган.
Давлат солиқ органлари мазкур вазиятни ўрганишни бошлаган. Ўрганиш натижалари кенг жамоатчиликка маълум қилинади, дейилади ДСҚ матбуот матбуот хизмати хабарида.
Эслатиб ўтамиз, юқорида номи тилга олинган тадбиркорлар Тошкент шаҳри ҳокимини шаҳардаги қурилиш бозорини «монополияга айлантириш»да, арзон уй қураётган тадбиркорни «қурилиш бозоридан сиқиб чиқариш»да айблаганди. Бу ҳақда маҳаллий ва хориж оммавий ахборот воситаларида ёритилди.
Сўнг Жаҳонгир Ортиқхўжаев тадбиркорлар билан юзма-юз учрашишга тайёрлигини, ОАВ олдида ошкора гаплашиб, муаммони ҳал этишга тайёрлигини билдирди. «Kun.uz»нинг ёзишича, 27 апрель куни Тошкент шаҳар ҳокимлигида ҳоким ва тадбиркорлар журналистлар қаршисида, кейин алоҳида юзма-юз суҳбатлашди. Ўша учрашувда уй қурувчиларининг солиқ қонунчилиги бузгани айтилганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter