Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Иссиқлик таъминоти учун тарифлар ошириладими? Вазирлик мутахассислари жавоб беришди

Иссиқлик таъминоти учун тарифлар ошириладими? Вазирлик мутахассислари жавоб беришди

Фото: АОКА

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда «Иссиқлик таъминоти тизимини такомиллаштириш ва иссиқлик таъминоти корхоналарини молиявий соғломлаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ва «Тошкент шаҳрининг иссиқлик таъминоти тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарорлари лойиҳаларининг мақсади, мазмун ва моҳияти муҳокама қилинди.

«Мазкур қарорлар лойиҳалари ижтимоий тармоқрларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда, — деди вазирлик ахборот хизмати раҳбари Алипошо Аҳмедов. — Қарор лойиҳасининг 2-бандида иссиқлик таъминоти учун янги тўлов тизими жорий этилиши назарда тутилган. Буни аҳолининг кўпчилик қисми тарифлар кўтарилиши деб нотўғри тушунмоқда. Йўқ, қарор лойиҳасида иссиқлик таъминоти учун тарифларни ошириш назарда тутилмаган, фақат тўловларни амалга ошириш тартиби ўзгартирилмоқда».

Таъкидланишича, жорий этилаётган янги тўлов тизимига кўра, фақатгина иссиқлик таъминоти берилган муддатга тўлов қилиш кўзда тутилмоқда. Бу ўзгариш аҳоли томонидан тушган кўплаб мурожаатларга асосан киритилган.

Мисол учун, бугунги кунда иссиқлик таъминоти учун амалдаги тўлов тизими бўйича аҳоли йил давомида тўловларни амалга ошириб келмоқда ва об-ҳаво шароитларига боғлиқ бўлган иситиш мавсумининг давомийлигини ҳисобга олмайди. (Масалан, 2018/2019 йилларда иситиш мавсуми 135 кун, 2017/2018 йил — 148 кун давом этди.)

Тавсия этилган тўлов тизимини жорий этиш натижасида аҳоли ҳақиқатда амалда тақдим этилган иссиқлик таъминоти хизматлари учун ҳақ тўлайди.

Мутасаддилар аҳоли учун иссиқлик энергияси ва иссиқ сув таминоти етказиб бериш давомида тариф ҳамда етказиб бериш харажатлари ўртасида юзага келадиган зарарлар республика ва маҳаллий бюджетлар ҳисобидан қисман қопланишини билдирди.

«Эътиборлиси, қарорга кўра, марказлаштирилган иссиқлик таъминоти тизими 2019–2024 йилларда босқичма-босқич ёпиқ тизимга ўтказилади, — деди Иссиқлик таъминоти соҳасидаги истиқболни белгилаш ва тариф сиёсати бўлими бошлиғи Абдулазиз Матрўзиев. — Бунда ресурс тежовчи замонавий технологияларни жорий этиш, шунингдек, иссиқлик энергияси ва иссиқ сувни ишлаб чиқариш ҳамда истеъмол қилишни ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини амалда мувофиқлаштириш жараёнлари инобатга олинади».

Маълум қилинишича, аҳолига иссиқлик энергияси ва иссиқ сувни иссиқлик таъминоти корхоналари, истеъмолчилар ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари ёки профессионал бошқарув компаниялари ўртасида тузиладиган уч томонлама шартномалар асосида етказиб бериш йўлга қўйилади. Кўп хонадонли уйлар бевосита мулкдорлар томонидан бошқарилган тақдирда эса икки томонлама шартномалар асосида етказиб бериш тартиби босқичма-босқич жорий этилади.

«Ҳозирда Жаҳон банки иштирокида умумий қиймати 220,7 млн АҚШ доллари бўлган «Андижон, Чирчиқ, Бухоро, Самарқанд ва Тошкент (ТЦ-8) шаҳарларида марказлаштирилган иссиқлик таъминоти тизимини реконструкция қилиш ва унинг энергия самарадорлигини ошириш» лойиҳаси амалга оширилмоқда, — деди вазирлик Иссиқлик таъминоти бошқармаси бошлиғи Равшанбек Жўраев. — Мақсад: марказий қозонхоналар, иситиш тизимлари ҳамда тармоқларини модернизация ва реконструкция қилиш, уйлар ва хонадонлар ички иссиқлик таъминоти тизимларини ёпиқ иссиқлик таъминоти тизимига ўтган ҳолда тиклашдан иборат».

Айтилишича, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги билан ҳамкорликда иссиқлик манбаларининг иситиш ускуналарини когенерацион газ турбинаси технологиясини жорий этган ҳолда реконструкция қилишни, шунингдек, магистрал ва тақсимловчи иссиқлик тармоқларини алмаштиришни назарда тутувчи қиймати 780,4 млн АҚШ доллари бўлган «Бухоро, Фарғона, Қувасой, Нукус ва Урганч шаҳарларида марказий қозонхоналарни модернизация ва реконструкция қилиш» лойиҳасини амалга ошириш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг