Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Интеллектуал мулк соҳасида янги тартиб жорий этилади

Интеллектуал мулк соҳасида янги тартиб жорий этилади

Фото: «evolllution.com.uz»

Интеллектуал мулк соҳасида давлат бошқарувини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида Президент қарори эълон қилинди.

Қарорга кўра, 2019 йил 1 мартдан янги тартиб ўрнатилди. Унга мувофиқ:

  • товар белгиси, хизмат кўрсатиш белгиси ва товар келиб чиққан жой номини рўйхатдан ўтказиш учун талабномалар топширилгандан сўнг, Агентлик бир иш куни мобайнида ушбу талабномалар ҳақидаги маълумотларни ўзининг расмий веб-сайтига жойлаштиради;
  • ишлаб чиқарувчилар, етказиб берувчилар, сотувчилар ёки уларнинг вакиллари талабномалар эълон қилингандан сўнг Агентликка рўйхатдан ўтказиш учун ноҳалол топширилган аризалар ҳақидаги ёзма эътирозларини тақдим этишлари мумкин;
  • товар белгисига ва хизмат кўрсатиш белгисига доир мутлоқ ҳуқуқ, товар келиб чиққан жой номи ва (ёки) товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқи (кейинги ўринларда – товар белгиси) ўша куннинг ўзида товар белгиси ҳақидаги маълумотларни Агентликнинг расмий веб-сайтида мажбурий тарзда жойлаштирган ҳолда Товар белгилари давлат реестрида рўйхатдан ўтказилган санадан бошлаб вужудга келади;
  • товар белгисига доир гувоҳноманинг амал қилиши товар белгиси Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сўнгги уч йил мобайнида узлуксиз равишда фойдаланилмаганда, шунингдек, жамоавий белгидан фойдаланиш тўғрисидаги келишув бузилган тақдирда манфаатдор шахснинг аризасига биноан қабул қилинган суд қарори асосида муддатидан аввал тўлиқ ёки қисман тугатилиши мумкин.

2019 йил 1 сентябрдан бошлаб товар белгисини рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этиладиган талабномалар фақат электрон шаклда давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали топшириш тартиби жорий этилади.

2019 йил 1 сентябрдан бошлаб патент вакиллари ҳар беш йилда камида бир марта кейинчалик аттестациядан ўтказилган ҳолда интеллектуал мулк соҳасида ўз малакаларини оширишиб борадилар.

Шунингдек, интеллектуал мулкнинг самарали ҳимоясини таъминлаш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг