Интеллектуал мулк ҳуқуқи бузилиши 54 миллион сўмга тушади
Интеллектуал мулк – тараққиётнинг муҳим шарти бўлиб, мамлакатимизда ҳам бу борада кўзга ташланарли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, интеллектуал мулк эгалари ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи қонунчилик базаси шакллантирилиши катта қадамлардан бири бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Интеллектуал мулк объектлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонунни имзолаши эса юридик ва жисмоний шахсларнинг ортиқча молиявий харажатларига барҳам бериш, интеллектуал мулк эгалари манфаатларини ҳимоя қилиш каби бир қатор масалаларга ечим топишда муҳим аҳамият касб этди.
Мазкур Қонунга кўра, эндиликда интеллектуал мулк ҳуқуқларини бузганлик учун юридик шахслар 54 миллион сўмгача жаримага тортилиши мумкин.
Шунингдек, товар белгилари, фирма номлари ва саноат мулкидан қонунга хилоф равишда фойдаланганлик учун жарима тўлаш тартиби белгиланди. Бу ҳуқуқбузарликнинг жамиятга, тадбиркорга келтирган зараридан келиб чиқиб, унга қонуний чора кўриш ва олдини олиш имконини беради.
Борди-ю, юридик шахслар бир хил товарлар учун товар белгиси, товар келиб чиққан жой номи ёки чалкаш даражада ўхшаш белгилардан ноқонуний фойдаланишса, уларга БҲМнинг 100 дан 200 баравари миқдорида жарима солинади. Фирма номидан ноқонуний фойдаланганганда эса БҲМнинг 100 дан 200 бараваригача жаримага тортилади.
Бу каби қонуний чоралар фуқароларимизни ўз фаолиятларига масъулият билан қарашга ундайди.
Aвваллари Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 177-моддасига биноан ўзганинг товар ва хизмат кўрсатиш белгисидан, товар келиб чиққан жой ёки фирма номидан қонунга хилоф равишда фойдаланилганда фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 10 бараваригача, мансабдор шахсларга эса — 10 бараваридан 20 бараваригача миқдорида жарима солинарди. Яъни жарима миқдори камлиги сабаб ҳуқуқбузарликнинг қайтарилиш ҳолатлари кўплаб учрарди.
Бундан ташқари, «Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида»ги Қонунга жарима солишнинг асоси ҳамда тартиби, шунингдек, юридик шахслар томонидан саноат мулки объектлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жарима тўлашни назарда тутувчи моддалар ҳам киритилмоқда.
Бу саноат мулкининг тегишли патентланган объектини ўз ичига олган маҳсулот ёки буюмни ўзбошимчалик билан тайёрлаш, фойдаланиш, олиб кириш, сотишга таклиф қилиш, сотиш, фуқаролик муомаласига бошқача киритиш ёки шу мақсадда сақлаш юридик шахсларга БҲМнинг 100 бараваридан 200 юз бараваригача (27 млн. сўмдан 54 млн. сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, мазкур қонуний ҳужжатга назарда тутилган интеллектуал мулк объектлари ҳуқуқбузарлиги учун жарима миқдори белгиланиши фуқароларнинг ўзгалар ҳуқуқини ҳурмат қилишига, айниқса, товар белгилари, фойдали модел, саноат намуналаридан ҳуқуқ эгаси рухсатисиз фойдаланишликнинг олдини олишга хизмат қилади.
Ғайрат Машкуров,
Тошкент шаҳар судининг судьяси
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter