Интеллектуал мулк объектлари муаллифлари энг кам иш ҳақининг 10 баравари миқдорида мукофотланади
Илмий ва илмий-техникавий фаолият натижаларини тижоратлаштириш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида Президент қарори қабул қилинди. Қарор матни «ЎзА»да эълон қилинди.
Унга кўра, вазирлик ва идоралар томонидан шартнома асосида харид қилиш орқали тижоратлаштириладиган ишланмалар рўйхати тасдиқланди.
Иловада кўрсатилган ишланмаларни ўз вақтида тижоратлаштирмаганлиги ва сифатсиз тижоратлаштирганлиги учун уларни жорий этишга жавоб берадиган шахсларга нисбатан уларнинг ўртача ойлик иш ҳақининг ўттиз фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда жарима шаклида интизомий жазо чоралари қўлланилиши белгиланди.
2018 йил 1 октябрдан бошлаб қуйидагиларга қўшимча бир марталик мукофотлар жорий этилади:
- патентланган интеллектуал мулк объектлари муаллифларига муассасанинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан энг кам иш ҳақининг ўн баравари миқдорида;
- муаллифлар ҳамда илмий ва илмий-техникавий фаолият натижаларини ишлаб чиқиш ва тижоратлаштиришда иштирок этган илмий жамоага уларни тижоратлаштиришдан муассаса ҳисобига келиб тушаётган маблағларнинг тегишли равишда 40 ва 30 фоизи миқдорида.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигига Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан яратилган интеллектуал мулк объектлари бўйича ахборотнинг «Инновацияларнинг виртуал ярмаркаси» интерактив интернет-порталини янгилаш учун доимий асосда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигига тақдим этилишини таъминлаш топширилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter