Инновация вазирлиги туз бўрони зарарига қарши синов ўтказмоқда
Май ойининг сўнгги ҳафтаси юртимизнинг айрим ҳудудларида рўй берган туз бўронлари билан эсда қолди. Бунинг оқибатида Хоразм вилояти ҳамда Қорақалпоғистон Республикасининг ўсимликлари ва экинларига жиддий зарар етди.
Табиий офат асоратларини бартараф этиш ишларида қатнашаётган Ўзбекистон Ресупубликаси Инновацион ривожланиш вазирлиги бир гуруҳ мутахассис ва олимларни Хоразм вилоятига сафарбар этди. Бу ҳақда «Xabar.uz» порталига вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Хоразм вилоятининг Хонқа туманида бўлиб ўтган йиғилишда Инновация вазирлиги гуруҳи ер участкалари зарар кўрган фермерлар учун махсус семинар ташкил этиб, амалий ёрдам кўрсатиш чораларини белгилади. Вазирлик ишчи гуруҳи ўзлари билан олиб келган «Биосолвент» ва «ДАГ-1» препаратлари ва улардан фойдаланиш тартиби ҳақида тушунча берди.
Таъкидлаш лозимки, мазкур препаратлар ўзбек олимлари томонидан яратилган. Полимер композицияли «Биосолвент» кам миқдорда сувдан фойдаланган ҳолда тупроқни зарарли ионлар ва заҳарли ҳамда эриши қийин бўлган тузлардан тозалаш хусусиятига эга. Ўсимликларга пуркаладиган ДАГ-1 препарати эса биологик фаол модда бўлиб, ўсимликларнинг иммун механизмларини рағбатлантириш ва бошқариш орқали патогенларга чидамлилигини оширади.
Фермерлар билан савол-жавоб тарзидаги семинардан сўнг, амалий жараёнга ўтилди. Яъни сув пурковчи тракторга 600 литр аралашма қўйилиб, 2 гектар ерга сепиб чиқилди. Олиб борилган препаратларнинг қолган қисми фермерларга тарқатилди.
Бундан ташқари, 27 май куни бўлиб ўтган туз бўронидан кейинги тупроқ ва ўсимликлардан намуна олинди. Мазкур намуналар Инновация вазирлиги қошидаги Илғор технологиялар марказида ўрганилганидан сўнг, янги препаратлар яратиш устида иш олиб борилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter