Илм йўлидаги машаққатлар натижаси — қандли диабет-2 касаллигини жарроҳлик йўли билан даволаш мумкин (2-қисм)
Тошкент тиббиёт академияси хирургик касалликлар кафедраси таянч докторанти, умумий жарроҳ Умид Рўзиев қандли диабетни жарроҳлик йўли билан даволаш тўғрисидаги суҳбатни эътиборингизга ҳавола қилгандик. Бугун мазкур суҳбатнинг давомини ўқишингиз мумкин.
Тана массаси индексингизни биласизми: ТМИ 18 дан 25 гача бўлиши керак
Нормада тана масса индекси (ТМИ) 18-25 бўлиши лозим. Мисол учун сизнинг тана масса индексингизни текширамиз: бўйингиз 164 см, шуни 1 метр 64 см деб ёзамиз: 1.64. Бу соннинг квадрати (1.64х1.64=) 2.68 га тенг. Энди вазнингизни оламиз — 67 кг, вазн массасини бўйингиз квадратига бўламиз: 67:2.68=25. Сизнинг (яъни менинг – М.С.) ТМИ – 25, норма.
ТМИ 18 – 25 норма.
ТМИ 26 – 30 ортиқча вазн.
ТМИ 31 – 35 I даражали семизлик.
ТМИ 36 – 40 II даражали семизлик.
ТМИ 41- 45 III даражали семизлик.
ТМИ 46 – 50 ва ундан юқори бўлса суперсемизлик ташхиси қўйилади.
Ортиқча вазнли ва семиз одамларда қандли диабет касаллигига мойиллик бўлади, лекин кўпчилигида қандли диабет аниқ бор.
Қонда қанднинг нормаси 3.1 дан 6.4 гача бўлиши керак. Биз қандли диабетнинг 2-типини даволашдан ташқари семизликни олдини олиш учун ҳам жарроҳлик ўтказамиз. Қабулга келган беморларнинг баъзилари ўзининг қандли диабет касали борлигини билади, даво чораларини кўриб, турли дорилар истеъмол қилаётганини айтади. Яъни унинг қон таҳлилида инсулин миқдори меъёридан баланд. Лекин шундай беморлар бор-ки, улар фақат семизликдан қутилиш мақсадида жарроҳлик ўтказиш учун келишади. Бу беморлар оч қоринга келиб қон таҳлил қилдирганида нормадан юқори чегарасида – 6 ёки 6.2 чиқади. Ваҳоланки, соғлом одамда оч қоринга топширган қон таҳлилининг натижаси 3.5 ёки 4 бўлиши керак. Мана, бу ҳолат қандли диабетга мойиллик ҳисобланади. Чунки ошқозоности бези зўр бериб инсулин ишлаб ётибди, аммо ҳужайрага таъсирчанлиги йўқ. Бу ҳолатда қонда инсулин миқдори таҳлил қилинса меъёрдан 10-20 баравар кўп чиқади. Бундай беморнинг қонидаги қанд миқдорини нормада ушлаб турган нарса бу ошқозоности безининг зўр бериб ишлаётганидан. Ошқозоности бези қондаги қанд миқдорини 6 да « амаллаб ушлаб» турибди, 4 га туширолмайди. Инсон организми шунақа мукаммал... охиригача курашади.
Агар соғлом одамга ташқаридан битта бирлик инсулин юборилса, у комага тушиб қолади
Баъзи беморлар айтадики, мен қаттиқ стресс, қўрқувдан кейин қандли диабет касалига чалиндим деб. Муҳайё опа, бу касаллик стрессдан, асабдан бўлмайди. Акс ҳолда дунёдаги ҳамма одам қандли диабет билан азият чеккан бўларди. Агар шу беморнинг яшаш тарзини таҳлил қилсангиз у 30 ёшгача секин қорин қўяди. Бу организмда ортиқча ёғ йиғилаётганидан дарак. Ёш-да, ошқозоности бези зўр бериб инсулинни 2 баравар, 5 баравар кўпроқ ишлаб чиқараверади. Шу тариқа қондаги қанд миқдорини «ҳал қилиб» ташлайди. Ошқозоности бези зўр бериб ишлаётганини ҳисобига бу беморнинг қон таҳлилида қанд миқдори нормада чиқаверади. Лекин инсулин текширилса у нормадан 60 баравар юқори бўлиши тайин. Бу «преддиабет». Агар соғлом одамга ташқаридан бир единица инсулин юборилса у комага тушиб қолади. Чунки соғлом одамда ошқозоности бези овқат еган сари бир единица инсулин нормада беради. Семизликка мойиллиги бўлган одамдаги ошқозоности безининг кучини қаранг-да, қанчалик зўр бериб ишлаяпти. Лекин беморнинг ҳолати яхшилигича юраверади. Лекин бу қачонгача давом этиши мумкин? Қачонки, инсон кучли стресс ҳолатига тушса ошқозоности бези инсулин ишлашдан чарчайди. Шунда қанд миқдори ошади. Мана, нима учун одамлар кучли стрессдан кейин қандли диабет бўлиб қолдим, дейишади. Ваҳоланки бу касаллик бир неча йиллардан бери уни таъқиб қилиб келаётган эди. Қандли диабет касаллигининг 2-типи қондаги қанд миқдоридан эмас, инсулин миқдоридан аниқланади. Агар инсулин миқдори меъёрдан юқори бўлса, демак қандли диабетнинг 2-типи танада бор. Лекин баъзи шифокорлар, айниқса, эндокринологлар беморнинг ташқи кўринишига қараб ташхис белгилайди: ёш, семиз экан дейди. Бу нотўғри. Қандли диабетга мойиллиги бор беморнинг қонидаги инсулин миқдорини таҳлил қилиш шарт. Чунки даво чоралари шу таҳлил натижаси асосида кўрилади. Мисол учун, организмида инсулин миқдори 60 дан ошиб ётган беморга инсулин препаратлари, масалан Амарил каби дорилар тавсия этилмайди. Чунки бу препарат организмда инсулин ишлаб чиқаришини таъминлайди. Организм ўзи зўр бериб 60 инсулин ишлаб чиқараётган бўлса-ю, яна ташқаридан инсулин ишлаб чиқаришга ёрдамчи препаратлар қабул қилинса беморда акс таъсир юз беради.
Ёш беморларни даволашда шифокорлар кўп ҳолларда ташқи кўринишига қараб ташхислайди-да, парҳез тутишни тавсия қилади. Бу касаллик билан 90 ёшгача ҳам бемалол яшаш мумкинлиги ҳақидаги гаплар билан беморнинг кўнглига таскин беради. Бемор стрессдан чиқади, парҳез тутади. Натижада зўр бериб ишлаб ётган ошқозоности бези парҳез пайтида бир оз бўлса ҳам дам олади. Парҳез тутиш жуда қийин. Бемор бир оз парҳез тутгач аҳволи яхшилана бошлайди, ҳатто қондаги қанд миқдори меъёрга тушади. Шу орада тасаввур қилинг, бемор тўйгами зиёфатгами боради. «Яхши бўп қолдим-ку», дейди-да, ноз-неъматга тўла дастурхон олдида парҳезини бузворади. Ана, қарабсизки, яна қонда қанд миқдори кескин ошиб кетади. Беморнинг аҳволи ёмонлашади. У яна шифокорга боради. Шифокор унга «нима қилдингиз» деган саволни беради. Бемор «2-3 ойдан бери яхши эдим, лекин яқинда парҳезимни бузвордим, кейин аҳволим ёмонлашди» дейди. Шифокор унга: «ана, кўрдингизми, айб ўзингизда» дейди. Шифокор касалнинг ўзини айбдор қилиб қўя қолади. Касални айбдор қилиш нотўғри.
Биринчидан касал айбдор эмас, иккинчидан ошқозоности бези парҳез пайтида нормада ишлагани сабабли беморнинг аҳволи бир мунча яхшиланади. Энди шифокор беморга яна парҳез тутишни ва дори қабул қилишни тавсия қилади. Бемор шифокор кўрсатмаларига қатъий риоя қилади. Ошқозоности бези аввал зўриқиб 60 единица инсулин ишлаб чиқарган бўлса, энди у «чарчади», 30 единица инсулинни зўрға ишлаб чиқаряпти. Чунки ошқозоности бези секин-аста «ўтиряпти». Бемор тутаётган парҳез ва тавсия этилган дори ошқозоности етказиб беролмаётган инсулин миқдорини етказиб туради. Кўпи билан бир йил ўтгач, аҳвол ўша-ўша ҳолатга қайтади, яъни қонда қанд миқдори кўпайиб бораверади. Бемор яна шифокорга боради. Энди шифокор иккита дори тавсия қилади ва парҳез тутишни тайинлайди. Бу чора ҳам узоғи билан бир-икки йил таъсир қилиши мумкин. Беш-олти йил шу ҳол давом этади. Кейин беморга шифокор инсулин препаратини тавсия қилади. Бемор инсулин олган пайтидан бошлаб ошқозоности бези инсулин ишлаб чиқаришни тўхтатади: «нима қилдим шунча йил зўриқиб ишладим, четдан инсулин келиши мумкин экан-ку» дейди. Ҳар қандай аъзо шу каби муносабат билдиради, агар гармон четдан келиб турса у ишлашдан тўхтайди. Мана, энди организм четдан келадиган инсулинга бутунлай қарам бўлади.
Бу консерватив даво чораси дейилади, яъни бу касалликни медикаментоз ёрдамида даволашнинг самараси шу каби кечади. Аниқроғи, самарадорлик йўқ. Шифокорлар беморга, дардингиз бедаво, дейишгача боради. У бир умр инсулин қабул қилишга мажбур бўлади. Лекин биз ўтказаётган жарроҳлик амалиётининг бу борадаги самараси юқори. Биз беморнинг инсулин миқдорини текширамиз, агарда таҳлил натижаси 60 чиққан тақдирдаям, бемор жарроҳликдан кейин бутунлай соғайиб кетади.
Жарроҳлик амалиётида ҳеч қайси аъзо олиб ташланмайди. Ошқозон вертикал кесилиб, ингичка ичакка уланади. Ингичка ичакнинг ортиқча жойи қолаверади, фақат у ердан овқат ўтмайди. Лекин ўз фаолиятини йўқотмайди. Натижада биринчидан бемор озади, иккинчидан ҳужайра ва инсулин ўртасидаги таъсирчанлик, яъни метаболик жараён тикланади. Бариатив ва метабологик хирургия мана шу бўлади. Хозир мен сизга хирургиянинг шу йўналиши самарасини илмий асослаб бердим.
Еганим сосиска, чучвара, қўрққаним каламушлар, орттирганим ва ютуғим — амалий тажриба
Кореядан қайтиб келганимда, 2013 йилда, устозимга бу йўналишни илмий асослар билан келтирилган назарияни таништирдим. Устозим: «биз ҳам шу операция амалга оширамиз», деди. Мен ҳайрон қолдим: қандай қилиб... Кореяда технология кучли, улар операция жараёнида деярли қўл ишлатишмайди, бизнинг медицина уларникига қараганда анча орқада қолган. Устозим технологиясиз эплаймиз, дедилар. Мен иккиландим, чунки назарий билганингиз билан амалиётда бу нарсани қўллаш қийин жараён. Ҳўп майли, операцияни ўтқазаман деганингиз билан унга бемор қани? Биринчи марта амалда бажарилаётган операцияга ҳар қанақа бемор рози бўлавермайди, ахир.
Шуниқа иккиланишлар билан икки йил ўтди. Кафедрада ишлаб, бошқа операциялар жараёнида юрдим. Ойлик маошим пластик картамга тушарди, орттирган пулим нари борса 300 АҚШ доллари миқдорида эди. Ойликдан ойликкача яшаш тарзини ўзингиз тушунасиз... Чунки бу орада фарзандларим икки нафар бўлди, харажатларим кўпайди.
2015 йилда устозим менга қўнғироқ қилиб, хабарингиз борми янги ТошМИга хориждан бариатрик ва метаболик хирург мастер-класс ўтгани келибди, дедилар. Зудлик билан етиб бордим. Кечикибман, мутахассис самолётдан тушибоқ операцияга кириб кетиб, операцияни тамомлаб, дам олаётган экан. Кечқурун қайтиб кетиши керак.У ухлаётган хона олдида уйғонишини кутдим. Эшикдан дамба дам мўралаб турдим. Уйғонганидан кейин кирдим, айтдим: операцияда иштирок этолмадим, лекин ўзингиз билан танишсам. У киши қозоғистонлик бариатрик ва метаболик хирург, Қозоғистон бариатрик ва метаболик хирурглари уюшмаси президенти Арал Аспанов экан. У билан узоқ суҳбатлашдик. Бир неча йилдан бери мени қийнаётган дардимни тинглайдиган одамни топгандай эдим гўё. Уни саволга кўмиб ташладим. Назарий билим бор, амалиёт йўқда менда. Охири профессор менга амалиётда иштирок этишни истасанг Қозоғистонга кел, мен ўқишингни, амалиёт ўташингни бепул ташкиллаштириб бераман, лекин йўлкиранг ва яшаш жойингни ўзинг ҳал қиласан, деди.
Клиникага қайтиб, қозоғистонлик профессорнинг таклифини устозимга айтдим. «Боринг», деди устозим. Астанани билганлар билан гаплашиб кўрдим, бориш-яшаш ўртача 1000 АҚШ доллари бўларкан. Ўзимда бунча пулим йўқ. Ота-онам мени доим қўллаб келишган, уларга дардимни айтдим. Оилада бир ўғилман. Отам ўша пулни бердилар. У пайтлар АҚШ долларининг давлат нархи икки баравар арзон бўларди. Банкка бориб, 1000 долларни ВИЗАга 2000 қилиб туширганман. Астанага борганимдаям ижарага энг арзон уйни топганман. ВИЗАдан пулни керак бўлган пайтда оз-оздан ечиб олиб ишлатардим. Мен яшаган уй шу қадар ночор аҳволда эди-ки, хонада каламушлар юрарди. Чойшаб умуман йўқ. Бир ой эгнимдаги курткамда ётишимга тўғри келганди. Арал Базарбаевич менга берган китобни бир ҳафта кроватдан турмай ўқиб чиқдим. Оёғимни полга қўймасдим, каламушлар бор-да. Клиникада ҳар куниям операция бўлавермасди. Операция йўқ кунлари ижарадаги уйимда ўтиришга мажбур эдим. Еганим – сосиска ва чучвара. Шу ҳолатда икки ой яшадим. Ютуғим шу бўлди-ки, мен икки ой операцияни амалиётда ўргандим. Хозирги ёш шифокорларга ҳайронман-да, кўзини олдида бўлаётган операцияга қизиқиш билдирмайди: «кирларинг, ўрганларинг», дейман. Ахир ушбу операцияни ўрганиш учун менга ўхшаб қаёқларгадир бориши шарт эмас.
Қозоғистондан қайтганимдан кейин бир танишим онасининг қандли диабет касали борлигини, Астанага бориб, профессор Арал Аспановга операция қилдиришига ёрдам беришимни илтимос қилди. Мен профессор билан гаплашдим, профессор А.Аспанов операция нархи 10 000 АҚШ доллари бўлишини айтди. Танишимга қимматлик қилди. Унинг онаси мендан: «Умиджон, шу операцияни ўрганиб келдингизми?», деб сўради. Мен ўрганганимни айтдим. Фақат Ўзбекистонда хали бу операция амалиётда бўлмаганини ҳам тушунтирдим. Танишимнинг онаси: «Мана, мен операция қилдираман», деб қолди. Мен иккиландим. У кишига тушунтирдим: бизнинг шароитда бу операция фақат қўлда бажарилиши мумкин (хорижда лазер ускунаси ёрдамида қилинади), деб. Майли, деди, менга косметик чирой бўлиши шарт эмас, соҳил бўйига бормоқчимасман. Кесинг майли, чандиқ бўлса бўлар.
Устозимга айтдим. «Операцияни қиламиз», деди устозим. Беморни жарроҳлик амалиётига тайёрлашни бошлаганимизда унинг яқинлари эътироз билдиришди: «ойи, соппа-соғ юрибсиз-ку, нима кераги бор, сиз хозир тажриба қуёнчаси бўлмоқчимисиз» деб. Менга тазъйиқлар қилишди, агар онамга бир нима бўлса сени сўяман, деб. Мендаги иккиланишни беморнинг қатъий қарори енгди. У операцияга тайёр ва рози.
Хуллас, операция қилдик. Операция 8 соат давом этди. Бемор 62 ёшда, 10 йиллик қандли диабети, қон босими бор. Операциядан кейин реаниматологга бермадим. Беморга ўзим қарайман, дедим. Палатага қўшимча кровать қўйиб, бир хафта кечаю-кундуз ўзим қарадим. Ҳамма керакли осма уколларини ўз вақтида юбориб турдим. Ҳар куни бемор яхши бўлиб кетишини Худодан илтижо қилардим.
Бу орада ҳамкасбларим устимдан кулган пайтлар ҳам бўлди: ҳеч қаерда ёзилмаган нарсаларни қилдиларингми, қандли диабетни операция қилиб даволаб бўларканми, бўлиши мумкинмас деб. Ҳатто шифокорларга буни тушунтириш қийин эди.
Беморимиз операциядан оёққа туриб шифохонадан чиққач, икки ҳафтадан кейин қайтиб келиб, таҳлилга қон топширди — қонда қанд миқдори нормада. Ана, энди қилган ишимиздан қониқиш ҳисси уйғонди. Барча қийинчиликлар унутилди. Ахир, қанчадан қанча одам, беморнинг яқинлари, хамкасблар ишимизнинг натижасини кузатяпти. Хатто, ёши ва тажрибаси каттароқ бир хамкасбим, бунақа операцияни амалга ошириш учун одам ё ўта ахмоқ ёки ўта ақлли бўлиши керак, сен қайси бирига кирасан, деб ҳазил қилди. Ўшанда мен «ўта ахмоқ бўлсам керак» деб ўйладим ўзим ҳақимда. Бу 2015 йилда бўлганди. Бемор қандли диабет касаллигидан бутунлай тузалиб кетди.
Иккинчи бемор орадан бир йил ўтиб келди. Операция яна саккиз соат давом этди. Операция учун бу жуда узоқ муддат. Устоз билан бу муддатни қисқартириш йўлини ахтардик. Қўлда кесамиз, ҳамма жараён қўлда бажарилади-да. Қўлларимиз тирсагимизгача ёғга ботиб кетарди. Бемор семиз-да, ичи ёғ босган. Ускуналаримиз совет давридан қолган ускуналар. Кейин скоба-степлер ускунасининг замонавийроғини, сотиб олдим, 300 АҚШ долларига. Кейинги беморда қўлладик. Операция 2 соатга қисқарди, 6 соат бўлди. Барибир бу узоқ муддат.
Интернетдан янаям самарали ускуналарни қидириб топиб, Ўзбекистонга олиб келишни йўлга қўйдим. Бу ускунада операция вақти 4 соат давом этадиган бўлди. Кейин лазерли ускунани қидириб топдим. Ушбу ускуна ҳам кесади ҳам тикади. Қоринни очиш ва ёпишни ўзига бир соатдан икки соат кетади. Бу вақтни қисқартирадиган ускуналарни қидириб топдим. Мен ускуналарни хориждан буюртма асосида келтира бошладим. Натижада божхона қўмитаси билан муаммолар юзага келди. Ускуналар расмий рўйхатдан ўтиши, ишлатишга руҳсат берилиши, фирма очиш, солиқ тўлаш... каби расмиятчиликлар бошланди. Хуллас, бунақа ишларга менда ортиқча маблағ йўқ, вақтим ҳам йўқ, чунки касалларга қарашим керак. Битта ускунани Фармацевтика қўмитасидан рўйхатдан ўтказиш 8000 АҚШ долларига тушаркан. Ускуна эса 300 АҚШ долларига олинган. Шунақа ўзига хос жиҳатлари билан тижорат-тадбиркорлиги масалалари кўндаланг бўлди. Мен бу ишларни амалга оширадиган ҳомийлар топдим. Хозир ускуналар расмийлаштирилган, ишлатишга руҳсат берилган.
2018 йилда тажрибамдаги йигирма биринчи беморни лазерда операция қилишга муваффақ бўлдик. Лекин биринчи марта бўлгани учун операция барибир 6 соат давом этди. Чунки ускуналарга ўрганиш ҳам бир оз вақт талаб қилади. Хозирги кунда ускуналарда ишлашга кўникма бор, шунинг учун операция бир соатдан сал ошади. Операция деярли ҳар куни бўлади. Ускуналар бир марталик. Ҳар бир беморга янгиси ишлатилади.
Бугунги кунда IFSO халқаро федерациясига аъзо бўлдик. Ушбу ташкилот биз олиб бораётган ҳар бир операциянинг самрасини кузатиб бормоқда. Чунки дунё миқёсида айнан бариатрик ва метаболик хирурглар озчиликни ташкил этади. Ўзимизда, яъни Ўзбекистонда ҳам бариатрик ва метаболик хирургия уюшмасини ташкил этдик. Уюшманинг президенти устозим профессор Октябрь Тешаев. У киши ҳамма операцияларда бош-қош бўлиб турадилар. Бугунги кунда жойларга бориб ҳам операция қиляпмиз.
Суҳбатни журналист Муҳайё Саидова ёзиб олди.
(Суратлар Умид Рўзиевнинг facebook аккаунтидан олинди)
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter