Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ижара шартномасини давлат солиқ органларида ҳисобга қўйиш ҳар томонлама қулай

Ижара шартномасини давлат солиқ органларида ҳисобга қўйиш  ҳар томонлама қулай

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 25 майдаги  «Низоларнинг олдини олишга қаратилган институт сифатида нотариат тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан 2019 йил 1 январдан бошлаб ижара шартномаларини солиқ органларида мажбурий ҳисобга қўйиш тартиби ўрнатилди ва кўчмас мулкни ижарага бериш шартномаларини мажбурий нотариал тасдиқлаш талаби бекор қилинди.

Эндиликда кўчмас мулкни ижарага бермоқчи бўлган юридик ва жисмоний шахслар ўзларига мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган турар ёки нотурар мулкларини ижарага беришда икки томонлама ижара шартномаси тузишлари ва шартномани давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйишлари шарт.

Хўш, янги тартибнинг афзаллиги нимада?

Аввало, кўчмас мулк ижара шартномаларини солиқ органларида ҳисобга қўйишнинг содда тизими яратилди. Унга мувофиқ, ижара шартномасини солиқ органларида ҳисобга қўйиш икки усулда:

- Давлат солиқ қўмитасининг My.soliq.uz сайтидаги «Ижара шартномаларини ҳисобга олиш» интерактив хизматлари орқали. Бу хизматдан туну-кун фойдаланиш имконияти мавжуд.

- Жисмоний шахснинг доимий яшаш, юридик шахснинг давлат рўйхатидан ўтган жойидаги давлат солиқ инспекцияларига ташриф буюрган ҳолда белгиланган шаклдаги сўровномани тақдим этиш орқали амалга оширилади.

Андижон вилояти давлат солиқ бошқармаси, Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбасининг хабар беришича, айни пайтда Андижон вилояти бўйича 797 нафар юридик ва жисмоний шахс ижара шартномаларини давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйишди.

- Рўзғорга қўшимча даромад келиб тургани яхши, - дейди Андижон шаҳри 5-кичик даҳада яшовчи Елена Бурова. - Оилавий бюджетга ёрдам бўлсин деб ҳар йили 1-кичик даҳадаги квартирамга ижарачи қўярдим. Ўтган йили уй-жойни ижарага бериш шартномасини нотариал идора орқали тузганимда, давлат божи, пуллик хизмат ва шу каби барча харажатлар бўлиб, 232 минг сўмдан зиёд маблағ сарфлагандим. Ижара шартномасини давлат солиқ хизмати органлари орқали ҳисобга қўйиш ҳар томонлама қулай экан. 850 минг сўмлик ижара шартномаси тузган бўлсам-да, мендан ҳеч қандай ҳақ олинмади. Топган даромадимдан атиги 12 фоиз солиқ тўларканман. Яна бир афзаллиги даромадлар бўйича дастлабки декларацияни тақдим этишим ҳам шарт эмас экан.

Кўчмас мулк ижара шартномаларини давлат солиқ хизмати органларида мажбурий ҳисобга қўйиш тартибига риоя этмаслик Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 159-1-моддасига асосан энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солинишига сабаб бўлади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг