ИИВ матбуот котиби яна «қовун туширдими»?
Жорий йилнинг 8 июнига ўтар кечаси Тошкентда йигит ва қиз ички ишлар ходимлари томонидан калтаклангани ҳақидаги хабар ортидан ИИВ матбуот котиби Шохруҳ Ғиёсов баёнот берганди.
Полковник Ғиёсов ўз одатича ҳолатни рад этиб, вазиятни хаспўшлар экан, йигит ва қиз «бошиданоқ ўзини ноўрин тутгани», «ички ишлар органлари ходимларининг ҳаракатларига фаол қаршилик кўрсатгани»га урғу беради. Бундан ташқари, воқеликни ёритаётган айрим нашрлар ҳолатни бирёқлама талқин қилаётгани, натижада интернетда миллатчилик руҳидаги мулоҳазалар тарқалаётганини ҳам иддао қилганди.
Ҳиссиётли баёнотлари билан оммавий ахборот воситалари ходимларининг энсасини қотириши орқали тилга тушган Ш.Ғиёсов бу сафар ҳам бироз шошган кўринади.
Гап шундаки, мулозим йигит ва қиз ИИБ ходимлари томонидан калтакланганини рад қилганига терс ўлароқ, уларга нисбатан пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туман прокуратураси томонида Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Айни маълумотни туман прокуратурасидаги манбамиз тасдиқлади.
Жиноят кодексининг қайд этилган моддасига кўра, давлат органи мансабдори ваколати доирасидан четга чиқиб, фуқароларнинг ҳуқуқлари ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига жиддий зиён етказганини англатади.
ИИВ матбуот котиби журналист ва блогерлардан ички ишлар органлари ходимларининг ноқонуний ишларига оид кўплаб ҳолатлар юзасидан баёнот бераркан, мудом воқеликни бир томонлама талқин этмасликни талаб оҳангида сўраб, нотўғри ахборот тарқатганлик учун жавобгарлик мавжудлигини такрор ва такрор эслатишдан чарчамайди.
Ушбу мисолдан келиб чиқилса, Ғиёсовнинг ўзи ҳам айни меъёрларга риоя этиши кераклиги аён бўлмоқда. Мана, у рад этган ҳолат амалда исботини топиб турибди.
Ички ишлар тизимининг бундай ёлғон хабар тарқатиши биринчиси эмас. Xabar.uz томонидан эълон қилинган болалар ҳақидаги мақолада Олой бозорида тиланчилик қилаётган она-бола тақдири ёритилганди. Тошкент шаҳар ИИББ ва бошқа мутасаддилар фейк хабар тарқатиб, уларга ёрдам берилгани, ишга жойлаштириб, пропискаси ҳал қилингани айтилганди. Амалда эса она-бола Олой бозоридан Қўйлиқ бозорига қувғин қилинган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter