Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ИИБнинг ҳангомачи ходимлари. Улар бозорларда қайси мантиқ асосида иш олиб боришмоқда?

ИИБнинг ҳангомачи ходимлари. Улар бозорларда қайси мантиқ асосида иш олиб боришмоқда?

Фото: «Xabar.uz»

Бугун Ўзбекистонга инвестиция киритиш масаласи қайта-қайта тилга олинаётган бир пайтда қанчадан-қанча юртдошларимиз чет элларда ишлаб анча-мунча валюта киритаётгани айни муддао бўлмоқда. Мамлакатимиз банк тизимини ислоҳ қилиш борасида валюта айирбошлаш тизими ҳам эркинлашди.

Ҳозир юртимиздаги исталган банкка кирсангиз ҳеч қандай муаммосиз хорижий валютани миллий сўмимизга нақдлаштириш мумкин. Бунинг натижасида халқ орасида «қора бозор» номини олган ноқонуний валюта олди-сотдисига чек қўйилди. Валютафурушлар эса йўлини топа олмай қолди.

Чиндан ҳам шундайми?..

Яқинда Чилонзор буюм бозорига кираверишда ички ишлар ходими ёнида туриб олиб «Доллар оламиз, сотамиз» деб жар солаётган йигитларни кўриб очиғи ажабландим. Нима бу борадаги ислоҳотлар бу бозорга етиб келмаганми?! Ёки ўша ҳуқуқ посбонининг ўзгаришлардан хабари йўқми?! Ҳамма жойда валютафурушлар қўлга олинаётган бир вақтда ушбу манзарани қандай изоҳлаш мумкин?! Аввалку бунақа мантиқсизлик жуда ривожланган эди.

Телевизорда бот-бот ноқонуний доллар савдоси билан шуғулланганларнинг унча-мунчаси қўлга туширилиб, «ҳаммаси давлат назоратида бўлади, шундай ноқонуний олди-берди билан шуғулланганлар ушланса барча валютаси мусодара қилинади» каби кадрларни кўряпмиз (коррупция ҳақидаги роликлар ҳам бисёр). Аммо бозорларга (Чилонзор, Чорсу бозори ва ҳ.к.) кираверишдаги «долларчи»ларга бу чоралар чивин чаққанчалик таъсир қилмаган кўринади.

Хусусан, Чорсу бозори ичида жойлашган метро бекатининг чиқиш жойида бир эмас икки нафар чики ишлар ходими одамларнинг кирди-чиқдисига шу қадар берилганки, бир метр нарида овозини бахшилардай чўзиб, «доллар оламиз» деб чарчамаётганларга аҳамият қилмаяпти. Ёки, улар билан пичир-пичир қилиб гурунглашишларига кулишниям, куюнишниям ва нима изоҳ беришниям билмай ҳайрон бўласан киши...

Ушбу ҳолат юзасидан Чилонзор бозорида учраган ички ишлар ходимидан изоҳ сўраганимизда, қисқа қилиб: «Формадаман-да, бўлмаса узун бир ҳангома айтиб берардим», дея жавоб қилди.

Шу ўринда қилинаётган тарғиботлар акси бўлган амалдаги ҳолат бўйича қонунларимизни бузилишида ички ишлар ходимлари ҳам «ўз ҳиссасини қўшаётгани»га ва лоқайдлигига қандай изоҳ бериш мумкин?!

Валютафурушлар (саррофлар) ҳақида жамоат фикри турлича. Кимдир уларнинг фаолиятини оқласа, яна кимдир қоралади.

Айримлар эса бозорда қанчадан-қанча одам ноқонуний савдо қилаёгани, уларга ҳам тегишли тартибда чора кўрилиши лозимлиги ҳақида фикр билдиришди.

Яқинда юртимиздаги олий таълим муассасалари ректорларининг коррупцияга қарши мурожаати эълон қилинди. Эҳтимол ундан руҳланган ҳолда, маълум манфаат эвазига ана шундай ноқонуний фаолиятларни «кўрмай қолаётган» ички ишлар ходимларига қарши жиддий чора кўрилса, порахўрликка қаршимиз деб мурожаат қилинса...

Қонун ҳимоячиларининг ўзи қонунни бузиб турса оддий халқ дардини кимга айтади?!

Абдуқодир Мўминов,
журналист

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг