ИИБдан 1,8 млрд сўмлик қарздорликни ундиролмаган тадбиркорга кўмак берилди
Самарқанддаги «Диёр» (номи ўзгартирилган) МЧЖ раҳбари Самарқанд вилоят Ички ишлар бошқармасидан қарздорликни ундириб беришни сўраб Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга мурожаат қилди.
Аниқланишича, тадбиркор билан Самарқанд вилояти ИИБ ўртасида 2021-2022 йилларда умумий қиймати 1,8 млрд сўмни ташкил этувчи 5 та шартнома тузилган.
Шартномаларга асосан, Самарқанд вилоят ИИБ маъмурий ва қўшимча биноларини жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилиб белгиланган муддатда фойдаланишга топширилган.
Томонлар ўртасида тузилган шартнома бандида шартнома ғазначилик бўлинмаларидан мажбурий рўйхатга олинган кундан бошлаб кучга кириши белгиланган. Лекин ушбу шартнома ғазначилик бўлинмасидан рўйхатдан ўтмаган.
Президентнинг 2007 йил 28 февралдаги ПҚ-594-сон қарорининг 6-бандида бюджет тизими бюджетлари маблағлари ҳисобидан товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб берувчилар билан шартномалари, шунингдек, буюртмачиларнинг бюджет тизими бюджетлари маблағлари ҳисобига капитал қурилишга оид шартномалари мажбурий тартибда Ғазначиликда рўйхатга олиниши шартлиги ва фақат у амалга оширилгандан кейин кучга кириши белгилаб қўйилган.
Гарчи тарафлар ўртасидаги пудрат шартномаси Ғазначиликда рўйхатга олинмаган бўлса-да, амалда тадбиркор таъмирлаш ишларини бажарган ва бажарилган ишлар ИИБ томонидан эътирозсиз қабул қилиб олинган.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2016 йил 23 декабрдаги 306-сон қарорида судларнинг эътибори, қурилиш пудрати шартномасида муҳим шартларнинг мавжуд бўлмаганлиги ва шунга кўра шартнома тузилмаган деб ҳисобланиши, агар бундай ишларнинг бажарилганлиги ҳолати тақдим этилган далиллар билан исботланса, бажарилган ишлар қийматини ундириш тўғрисидаги талабни рад этишга асос бўлмаслигига қаратилиши назарда тутилган.
Бундай ҳолатда суд даъвогарнинг жавобгардан асосий қарзни ундириш талабини асосли ва иш ҳужжатлари билан ўз исботини топган деб ҳисоблайди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тадбиркор манфаатида Жомбой туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси билан мурожаат қилди. Суднинг ҳал қилув қарори билан жамият фойдасига пул маблағи ундирилиши тўғрисида қарор қабул қилинди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter