Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ички ишлар ходимлари учун кўп квартирали уйлар қурилади

Ички ишлар ходимлари учун кўп квартирали уйлар қурилади

Фото: «ЎзА»

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ички ишлар органлари ходимлари ва ҳарбий хизматчиларининг турар жой-маиший шароитларини яхшилаш чора-тадбирлар тўғрисида»ги 865-сон қарори қабул қилинди. Бу ҳақда ИИВ расмий каналида хабар берилди.

Қарорга мувофиқ, ички ишлар органлари ходимлари ва ҳарбий хизматчиларига 2019-2022 йилларда «тайёр ҳолда топшириш» шартлари асосида босқичма-босқич Ички ишлар вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг фойдаланилмайдиган ер участкалари, бино ва объектларидан кўп квартирали уйлар қурилади.

Мазкур қарорда:

  • икки хонали квартиралар - камида 80 квадрат метр, уч хонали квартиралар - 100 квадрат метр ва тўрт хонали квартиралар - 120 квадрат метр бўлган кўп квартирали уйлар қурилиши;
  • уй-жой билан таъминланиш ва яшаш шароитларини яхшилашга эҳтиёжи бўлганлар, хизмат фаолиятида (жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишда) юқори натижаларга эришган, шунингдек, интизомий жазога тортилмаган ходимлар ва ҳарбий хизматчиларга берилиши (имтиёзли арзон нархларда сотиб олиши);
  • ички ишлар органлари ходимлари ва ҳарбий хизматчиларига базавий ҳисоблаш миқдорининг олти юз бараваридан кўп бўлмаган миқдорда беш йилдан ошмаган муддатга фоизсиз қарз берилиши  назарда тутилган.

Шунингдек, мазкур қарор асосида Ҳукуматнинг 2017 йил 26 сентябрдаги 765-сон қарори билан тасдиқланган Ички ишлар органларининг хизмат уй-жойлари фондини шакллантириш ва ундан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомига ўзгартириш ва кўшимчалар киритилди.

Киритилган ўзгартириш ва кўшимчалар кўра:

  • хизматда ижобий натижаларга эришган ва юксак профессионал ҳамда маънавий-ишчанлик фазилатларини намоён қилган, ички ишлар органларида жами 25 ва ундан кўп календарь йил хизмат қилган ва уй-жой билан таъминланмаган юқори малакали ходимларга бепул берилиши;
  • хизмат квартираларида яшовчи, шунингдек, уй-жой билан таъминланиш ва яшаш шароитларини яхшилашга эҳтиёжи бўлган ходимларга сотиш орқали шахсий мулк этиб берилиши мумкин.
Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг