Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ички цензура, уйқудаги ноз партиялар, Ихтиёр Абдуллаев «маҳорати»

Ички цензура, уйқудаги ноз партиялар, Ихтиёр Абдуллаев «маҳорати»

Фото: «Совершенно секретно»

Ўзбекистонда цензуранинг расман «бадарға» қилинганига анча вақт бўлганига қарамай, норасмий равишда ОАВлар ишига аралашувчилар, қўрқоқлик ва ички назорат пардасидан қутула олмаётган муҳаррирлар ҳамон топилади.

Ўткир мақолалари, телекўрсатувлари билан зиддиятни юзага келтирган ходими(журналист)ни ҳимоя қилиш ўрнига, ундан тезроқ қутилиш пайида бўладиган нашрлар ҳам йўқ эмас. Чунки улар йиллар давомида асл вазифасини унутиб, шунчаки тарғибот қуроли бўлиб келишди.

Яқинда қатор марказий нашрлар муҳаррирлари иштирокида йиғилиш бўлди. Улар билан мулоқот қилган бир идора раҳбари юмшоққина қилиб, журналистлар нотўғри танқидларга берилаётгани, идора ҳақидаги «ҳаққоний хабарлар» фақат ўзларининг расмий сайтида эълон қилинишини, ОАВлар шу манбадан фойдаланиши кераклигини айтди. Идора раҳбарининг бундай ёндашувига қарши чиқилмади. Аксинча, айрим муҳаррирлар мулозимнинг каломини маъқуллаб, ҳамкасбларини шу тизимда «амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар»ни тарғиб қилишга чақирди.

Қизиқда, нега журналистлар «ислоҳотлар»ни тарғиб қилиш билан шуғулланиши керак? Қачонгача «маърифат, нур» тарқатувчи бўлиши керак? ОАВнинг аудиториясига (бўлса, агар) бу қизиқми? Аслида-ку, бу саволлар ҳам — риторик. Чунки ўша муҳаррирлар ўз нашри аудиторияси ва репутациясини йўқотишдан қўрқишмайди. Чунки бой бериладиган бу жиҳатларнинг ўзи йўқ, аксарида.

Йиллар давомида ОАВ шундай «тарбияланди». Ўзанга туша олмаганлар четга улоқтириб ташланди, оқимга қўшилганларининг эса «тарғиботчилик миссияси» қон-қонига сингиб кетди. Энди бу ўзандан чиқиб, ҳақиқий журналистика майдонига кириш, ўзлари истаган тақдирда ҳам, осон бўлмаяпти. Бир тарафда эса ОАВ ишига майда-чуйда аралашувлар жараённи ортга суряпти, холос.

***

Сўз ва фикр эркинлигининг бўй-басти тўлалигича намоён бўлишида сиёсий партияларнинг ҳам ўрни ниҳоятда катта. Аммо, бизда барча партиялар мавсумий — фақат сайлов олдидан бир жонланиб, сўнг яна шамдай сўниб кетаверади.

Мустақил журналист Исмат Хушев Ўзбекистон Халқ демократик партияси раиси Ҳотамжон Кетмоновнинг «ножўя хатти-ҳаракатлари ва маънавий қиёфаси»га «баҳо» бериб, кетма-кет мақолалар эълон қилди. Аммо бу чиқишларга на партиянинг матбуот хизмати, на бирор расмийси ва на раиснинг ўзи жавоб қайтармади. Буни қандай тушуниш мумкин? Мақолаларда келтирилган фактлар ҳақиқатми?! Агар ёлғон бўлса, унда кимсан партия лидери нега уни инкор қилиб чиқмади? Сиёсий ва ижтимоий фаоллик кутиладиган партия ўз шаънини ҳимоя қилиб, бир сўз айта олмаса, улардан бошқа масалаларда фаоллик кутиш мантиқсизлик бўлиб қолмайдими?

«Миллий тикланиш» партияси раиси Сарвар Отамуродовнинг сўнгги чиқишлари бироз эътиборни тортгандек бўлди. Аммо у ҳам ёздаги ёмғирдай бир сепкилаб, ўтдию кетди.

Шугина танқидидан сўнг маданият ва халқ таълими вазирликлари жиддий норози бўлиб, раддия билдиришган бўлса-да, партиялар байроқдорлари икки муҳим — ижтимоий ва иқтисодий масалаларда ўзларининг сиёсий позицияларини доим кўрсатиб боришлари лозим. Улар айнан шу восита — сайловчиларнинг ишончини фақатгина ортишига хизмат қилишини англаб етишлари зарур.

Аслида интернет орқали ўнта одамни «группа»га қўшиб, «тарихий қурултой» ўтказилгани ҳақида иддаолар қилаётган ва хориждаги уч-тўртта тарафдори билан ўзини Ўзбекистон сиёсатига «ҳақиқий ва муносиб мухолифат» деб атаётган «сиёсатчи»ларнинг пайдо бўлиб қолишига шу партияларимизнинг сусткашлиги сабаб эмасми?! 

«Ортиқча бошоғриққа не ҳожат, сен менга тегмасанг, мен сенга тегмайман» қабилида юраверишнинг асорати оғирки, бир пайтлар чорвачилик комплексию бўрдоқичилик фермасидан бошқа бирор тайинли бошқарув идораси эшигидан ҳатламаган, ўзига «Хон» тахаллусини қўйишдан уялмайдиган, «президентга сиёсий рақобатдамиз, шу сабабдан унинг камчиликларини ёза оламиз. Биз сизнинг ўрнингизда бўлсак, бошқача ишларни олиб борардик», деб ваъдабозлик қиладиган айрим «даҳо»ларнинг сони кўпайиб боряпти.

Олий Мажлисда фракциясига эга, бюджетдан пул олиб турган сиёсий партияларимиз вакиллари ва етакчиларининг танқидий мулоҳазалари етишмаслиги, меъёридан ортиқ «сукутда юришлари» уларнинг онда-сонда учраб турадиган чиқишларига тоқатсизликни юзага келтирган. Буни ўша Сарвар Отамуродовнинг биргина танқидига вазирликларнинг «сайлов кампанияси бошланмасидан, яъни муддатидан олдин қилинган хатти-ҳаракат» деб баҳо беришидан ҳам билса бўлади.

Ёки ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати вакилининг Олий Мажлис депутатининг тарихда биринчи маротаба қамоқхоналарга бориб, у ердаги ҳақиқий вазият ва маҳкумлар ҳолати ҳақида берган таҳлилларини кескин танқид қилиши, «депутатлар бундай фикрламаслиги керак»лиги ҳақидаги эътирозлари ҳам умумий ҳолат ҳақида тасаввур беради.

Вазирликларнинг матбуот хизмати вакиллари халқ сайлаган ноиб билан ўзи ўтирган курсининг фарқига бориши керак. Депутатнинг фикри билан ҳисоблашишни исташмас экан, унда, Олий Мажлис раҳбарияти чора кўриб қўйсин. «Чора» деганда зимдан босим ўтказиш, «якка гаплашиб» қўйиш эмас, теран, очиқ ва ошкора фикрлар, танқид ва таҳлил орқали ўзларини «ҳурмат қилишга мажбурлаши»ни назарда тутмоқдамиз.

Сенат раиси бугунги ялпи мажлисда кўплаб оғриқли муаммоларни кўтарди. Аслида аввалги мажлисдаёқ мустақил Ўзбекистон деб аталмиш давлатда бошқарув тили ҳамон русча бўлиб қолаётганидан норози кайфиятда қилган чиқиши сенаторлар корпусининг обрўсини бирмунча ошириб юборган эди. Қани энди сенаторларимиздан ўзбек бўлиб ўзбекча гапиришни ор биладиган қатламнинг шаклланишига ва таг замирида бошқа мақсад ётган қарашларнинг «озиқлантирилаётгани»га (шу кунларда улар бир қалқиб, бош кўтаришди) нималар йўл очиб бераётгани ҳақидаги мулоҳазаларни ҳам кутиб қоламиз.

Ёки бугун долзарб бўлиб турган Георгий тасмаси машмашаларини олайлик. Рус империясининг босқинчилиги рамзи ҳисобланган бу тасманинг тарғиб қилинишига қарши нега сиёсий арбобларимиз гапиришидан аввал партиялар етакчилари бонг урмайди?!

Сиёсий партиялар, депутатлар мамлакатимиз, халқимизнинг келажагига дахлдор юкни ўз елкаларига олиб, кўтаришлари, токи ҳукумат раҳбарининг фикри кейинчалик расмий тус олиб, мамлакат позицияси сифатида баҳоланишига, «шимол айиғи»га қарши қайровчи кучлар учун яхшигина баҳона яратилишига йўл қўймасликлари лозим эди.

Депутат деган мардум кичкина бир одам эмаслиги, унинг ижтимоий фикри ҳукумат органларида эътиборсиз ташлаб қўйиладиган, шунчаки ҳавойи сафсата ва хашаки гап бўлиб қолмаслиги керак. Минг афсуски, замонавий миллий Қонунчилик палатаси деганда икки-учта мард депутатлар кўз ўнгимизга келади, холос...

***

Охирги пайтларда ўзига катта ишонч билдирилган, лекин уни суиистеъмол қилгани айтилаётган Ихтиёр Абдуллаевнинг республикадаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлик лавозимларига ўзига содиқ ва топшириғини лаббай деб бажарадиган кадрларни қўйиши орқали давлатнинг бутун сиёсий фаолияти устидан умумий «ҳуқуқий» назорат ўрнатишга бўлган яширин интилишини Президент жамоаси пайқаб қолган кўринади. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва кадрлар бўйича Давлат маслаҳатчиси лавозимида кўп йил фаолият олиб боргани унинг катта амбицияларига, эҳтимол, асос яратгандир.

У «хизмат»нинг аввалги гегемонлик кайфиятини қўмсашда, ҳуқуқий чегарадан чиқиб, коррупция ва порахўрлик ботқоғига ботганликда айбланмоқда. Президент бу ҳолатда ғалвирни баланд кўтаришга мажбур бўлди ва унга сиёсий ишончсизлик билдирди.

Номи сир сақланаётган экспертларнинг баҳосига кўра, собиқ генералнинг ҳурфикр сайтларни ёпиши, интернетдаги ижтимоий тармоқларга чеклов қўйиши, хориждаги айрим таъсирли ватандошларни сунъий равишда мухолифатга айлантириши, мамлакатдаги бутун ҳокимият тизимларини назоратга олиш орқали президент олиб бораётган демократик ўзгаришларни аҳолига бузиб кўрсатишга бўлган интилиши, бу орқали, ўзи учун келгусида яхши сиёсий платформа ҳозирлагани кузатилган.

Албатта, барча ноқонуний ишларга охирги нуқтани суд ҳокимияти қўяди. Унинг ортида кимлар турган, қандай мақсадлар яширин, ишга кимларни жалб қилган, кимлар хайрихоҳ ва кўмакчи бўлган... барчасига ойдинлик киритилиши шубҳасиз.

Аммо Ўзбекистон қайсидир ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органнинг бошқарувнинг барча тизимлари устидан мутлақ устунлигига асосланган давлат эмас, балки президентлик бошқарувидаги, фуқаролик ҳуқуқий демократик давлат қуриш ниятида. Бу мақсадга зарба беришни истовчилар учун «Абдуллаев иши» ўзига хос ишора ва сигнал.

Шу маънода, прокуратуранинг ҳам давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларини тотал назорат қилиши, «кураторлар» тизимининг яратилиши сиёсий ва ижтимоий фаол жамоатчилик эътирозига сабаб бўлди ҳамда унинг тузилмавий шакл-шамойилини ўзгартириш заруриятини келтириб чиқарди. Президент томонидан шундай қарор қабул қилинди ҳам. Токи, янгича вазифалар қўйилган ушбу тизимнинг вазифаси давлат раҳбари томонидан аниқ белгиланган ва ундан ҳар қандай оғишларга йўл қўйиб бўлмаслиги аён.

Президент Администрацияси, Олий Мажлиснинг ҳар икки палатаси, Вазирлар Маҳкамаси ва Олий суд — давлат тузилиши ва ҳокимиятнинг энг бош бўғинлари, бир-бирини ўзаро тийиб турувчи, мувозанатлашган тизим эканлигини ва бунга қарши чиқувчи кучлар пайдо бўлишига йўл қўймаслик, улар билан ортиқча ҳисоблашиб ўтирилмаслигини ҳам ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда.

Мустақил ОАВ ва тетик партиялари бўлган жамиятда зимдан гегемонлик кайфиятини қўмсаб қоладиган, лоббизм, коррупция ва порахўрлик ботқоғини яратишдан манфаатдор кимсалар осонликча яшай олмайдилар. Улар тезда фош бўлади, юзи очиб ташланади ва жамиятнинг ўзи адолатни жой-жойига қўйиб қўяди.

Эркин Жарчи

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг