Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ҳозир бурғилаш долотасини 10 баравар қимматга оляпмиз, аммо...» — Баҳодиржон Сидиқов

«Ҳозир бурғилаш долотасини 10 баравар қимматга оляпмиз, аммо...» — Баҳодиржон Сидиқов

«Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқаруви раиси Баҳодиржон Сидиқов бу йил аномал совуққа ҳозирлик кўриб қўйилганини айтганди.

Таъкидланишича, бу йилги қиш давомида «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан қўшимча 15-16 миллион куб метр газ ишлаб чиқарилади. Бу қандай амалга оширилади?

«Газ қазиб олишни ошириш борасида бурғилашнинг ўрни жуда катта, янги газ манбаларини топишимиз керак. Шу сабабли катта куч бурғилашга қаратилган, биз қилинаётган ишлар самарадорлигини оширмоқчимиз.

E-kon бўйича қилаётган ишларимиз билан танишиб чиқдингиз, биз бу тажрибани 150 дан ортиқ конларимизда йўлга қўймоқчимиз. Нефт-газ соҳасининг келажаги фақат рақамлаштириш билан боғлиқ, шу сабабли соҳага эътибор жуда катта.

Бизда ҳар бир қудуқнинг эгаси бор ва ўша қудуқ учун жавобгарлик унинг зиммасида. E-kon ташаббуси доирасида янги лавозим муҳандис-оператор лавозими жорий этилган, қудуқларимиз онлайн кузатиб борилади. Муҳандис-операторнинг маоши қудуқ яхши ишлашига боғлиқ, агар ишлаб чиқариш яхши бўлса, маош ҳам яхши бўлади», дейди Баҳодиржон Сидиқов.

Қайд этилишича, айни вақтда газ қазиб олишда хориж тажрибаси ўрганилмоқда. Яқинда Газпромнефтдан мутахассис таклиф қилинган, айни вақтда у бурғилаш ишларида иштирок этмоқда.

«Илгари бурғилаш борасида қандай хатоларга йўл қўйганмиз? Масалан, бурғилаш долотаси деган ускуна бор, биз уни арзон нархга олардик ва у кўп бузиларди. Алмаштириш учун эса 5-6 кун йўқотардик. Оқибатда тежаган пулимиз ортиғи билан чиқиб кетарди.

Ҳозир ўша долотанинг сифатлисини 10 баравар қимматга оляпмиз, аммо шунга яраша иш тезлиги ва самарадорлиги ошган. Илгари битта конни қазиш учун 82 кун муддат берилгани ҳолда графикдан кеч қолиб, 102 кун сарфлаган бўлсак, энди ўша муддат тенг ярмига қисқариши кутиляпти», таъкидлайди «Ўзбекнефтгаз» АЖ раиси.


Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг