Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ҳокимлар депутатликка сайланишига чек қўйиш керак

Ҳокимлар депутатликка сайланишига чек қўйиш керак

Ўтган йил охирида бўлиб ўтган сайлов жараёнлари янгиланган Сайлов кодекси асосида ўтказилди. Қабул килинган сайлов кодексининг энг муҳим жихатларидан бири — бу барча даражадаги сайлов жараёнларининг бир ҳужжатда мужассам этганлигидир. Ва албатта кодекс билан кўплаб янги ўзгаришлар амалиётга жорий этилди. Лекин, тан олиб айтиш керакки, янги Сайлов кодекси бугунги шиддатли ислоҳотларга мос равишда барча ўзгаришларни қамраб олди, дея олмаймиз.

Бугун халқ вакили бўлиб сайланган маҳаллий кенгашлар депутатлари ҳамон халқ ишончини қозона олгани йўқ. Сайловчилар ҳали ҳануз депутат деганда сайловлар вақти ваъда бериб, кейин йўқ бўлиб қоладиган шахсларни тушунишмоқда. Маҳаллий кенгаш депутатларининг ўз ҳақ-ҳуқуқларини ва мажбуриятларини тўла англаб етмаганлиги сабаб кўплаб сайловчилар турмуш тарзини ёмонлашувига олиб келадиган қарорлар қабул қилинмоқда.

Сўнгги йилларда аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш учун қабул қилинган кўплаб қонунлар ва қарорларда белгиланган вазифалар ижросини халқ вакили бўлган депутатлар ўз вақтида таъминланишини назорат қила олганда эди, бугун республикамизнинг барча олис ҳудудларида ўзгаришларни ҳар бир инсон ўз ҳаётида ҳис қилишига эришган бўлар эдик.

Биргина мисол – Бухородаги қурилиб ҳеч қанча фурсат ўтмасдан шамол натижасида сифатини йўқотган намунавий уйлар бир кунда осмондан тушмаган эди. Ҳар бир чоракда ўша ҳудуддан сайланган туман-шаҳар, вилоят ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ишларнинг ўз ҳолига ташлаб қўймасдан ижроси ҳисобини сўраганида эди, бугун бунчалик талофат кўрмаган бўлардик. Бундан ташқари охирги икки йилда «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла» дастурлари асосида жуда кўплаб туман ва шаҳарларнинг қиёфаси тубдан ўзгаргани эътироф этган ҳолда айрим ҳудудларда аҳолининг турмуш тарзи яна ҳам ёмонлашганининг гувоҳи бўляпмиз. У ҳудудларда салла деса калла олиниб, аҳоли турар жойларининг ортиқча деб топилган қисмлари бир бошидан бузилди. Инкубатордек бир хил девор қиласан, дея яшаш хонадонлари ўралган тайёр деворлар бузилиб, янги намунавий деворлар ўрнатишга мажбур қилинди. Ортиқча маблағи мавжуд бўлмаган халқ «Ҳар бир оила тадбиркор» дастури асосида имтиёзли кредит олиб, иссиқхона ёки чорвачилик билан шуғулланиш ўрнига кредитнинг пулига девор қилди. Натижада бугун доимий ишга эга бўлмаган юзлаб фуқаролар қарздорга айланди. Агар ўша вақтда ушбу ҳудуддан сайланган депутатлар юрак ютиб бу каби вазифаларнинг қонуний тартибда амалга оширилишини сўраганида эди, вазият у қадар чигаллашмасди.

Бугун халқ ишончи туфайли туман Кенгаши депутати бўлиб шуни тушуниб етдимки, ҳокимларнинг кенгаш раислигидан кетишини таъминлаш билан ҳам ҳеч қандай ижобий натижага эриша олмаймиз. Чунки бугун сессияларда иштирок этаётган депутатлар ҳокимга кенгашни бошқараётган депутат, кенгаш раиси сифатида эмас, ўзи бўйсунадиган ижро ҳокимияти раҳбари дея қарамоқда. Шу вақтгача бўлиб ўтган сессияларда кўпи билан 1-2 депутатни кенгаш раиси ёки бирор сектор раҳбари кўзига тик боқиб савол берганини айтмаса (улар ҳам ҳоким бўйсунувида бўлмаган муассасаларда ишловчилар), қолганлари фақатгина дакки эшитиш учун турғазилганда ерга қарашни қойиллатишади холос.

Биз мустақиллик йилларида, шунингдек, жуда катта сиёсий ўзгаришлар бўлаётган сўнгги йилларда ҳам жойлардаги ижро органида хизмат қилаётган кўпчилик раҳбарларни итоаткорликдан халос этолмадик ва танқидни қабул қилишга ўргата олмадик. Сўнгги уч йилдаги сиёсий ислоҳот ва шижоатли ташаббуслар Тошкент шаҳри ва айрим ўзгаришни ҳис қила олган ҳудудлар билангина чекланиб қолаётган экан.

Куни кеча бўлиб ўтган давлатимиз раҳбари бошчилигидаги видеоселектор йиғилишда ҳам Президент «Шунча саъй-ҳаракатларимиз, қабул қилаётган қарорларимиз қишлоқдаги оддий одамлар ҳаётига нима ўзгариш олиб кираяпти, даромади кўпайдими, ишга жойлашдими, боласи ўқишга кирдими, уйли-жойли бўлдими, тўйиб овқатланаяптими, тоза сув ичяптими, деган саволлар мени жуда қийнайди. Бу барча даражадаги раҳбарлар халқимиз олдида жавоб бериши керак бўлган энг асосий саволлардир» - дея тўғри таъкидладилар. Ҳа, ўртоқ ҳамкасблар, бугун муаммо ҳокимларни кенгашга раислик қилишида эмас. Ҳамма гап ўз ҳақ-ҳуқуқларимизни, қонунчиликдаги ваколатларимизни билмасликда. Сайловчилар кўзига тик боқа олмаслигимизда, ўзимизни чинакам халқ вакили деб билмаслигимизда. Виждонан вазифамизни бажара олмаслигимизни сезиб, ўз ўрнимизни бўшатиб қўймаслигимизда. Қайсидир ташкилот раҳбари депутат бўлиб олиб, неча йилдан бери бир туманда ишлаб келаётган бошқа бир ташкилот раҳбари олдига вазифа қўя олмаслигида. Энг ачинарлиси, охирги йўл сифатида қайсидир ўз ҳақ-ҳуқуларини, қонунлар назоратини талаб қилган депутатни депутатлик ваколатидан маҳрум этиш масаласи ўртага қўйилганда ўз обрўйимизни ўйлаб, ҳеч иккиланишсиз қўл кўтариб овоз беришимизда.

Ўз-ўзидан савол туғилади, жойларда маҳаллий Кенгашларнинг, депутатларнинг бунчалик кучсизланиб қолишига, шунчаки формал тузилма шаклидан чиқиб кета олмаётганига нима сабаб бўлмоқда.

Бунга бир қатор замон талабига мос ислоҳотларнинг ўз вақтида амалга оширилмаганлиги сабаб бўлмоқда.

Жойларда ижро органи раҳбари бўлган ҳокимларнинг маҳаллий парламент вазифасини бажарувчи кенгашларга сайланиши ҳамда ўз-ўзига ҳисобдор, назоратчи бўлиб қолаётгани давлат бошқаруви соҳасида ҳал қилиниши лозим бўлган масала бўлиб қолмоқда. Аслида ушбу парадоксал ҳолат ўтган йилда қабул қилинган Сайлов кодекси қабул қилиш жараёнида энг кўп муҳокама этилган мавзу бўлган эди.

Афсуски, яккаҳокимликка ўрганган ва жамоатчилик назоратини, танқидини қабул қилолмайдиган ҳокимлар томонидан Кенгашнинг эркин фаолият юритишига ва депутатларнинг бемалол фикр билдириш имконияти иложи борича чекланади. Ўз-ўзидан депутатлар ҳам сен менга тегма, мен сенга тегмайман муҳитига мослашиб қолади.

Назаримда, кенгаш фаолиятига қандайдир ижобий ўзгариш киритиш учун ҳокимларни кенгашга раҳбарлик амалиётини бекор қилиш эмас, ҳокимларнинг депутатликка сайланишига чек қўйиш афзалроқ. Ана шундагина ижро ҳокимиятидан ҳоли кенгаш мустақил равишда муаммоларни таҳлил қилиши оз бўлсада халқнинг дардига малҳам бўлиши мумкин.

Шу билан бирга Кенгаш чинакам мустақил бўлиши учун у моддий-техник жиҳатдан ҳам мустақил бўлиши лозим. Яъни, ўзининг алоҳида биноси ва ижро аппарати бўлиши керак. Мустақил кенгаш эса ҳар бир чоракда раҳбарлар олдига керакли даражада талаб қўйиши мумкин. Шундагина ҳокимларнинг бевосита депутатларга бўлган таъсирини йўқотишга эришиш мумкин. Агар биз ҳозир кенгашнинг мустақил фаолиятини ташкил қилмасак, Юнусобод метроси билан рўй берган фалокат, Бухоро ва Сардобадаги каби талофатлар охиргиси бўлмайди. Ижро ўргани ўзини-ўзи танқид қилишда давом этар экан, жойларда аҳоли муаммолари ўз ечимини топмасдан қолаверади.

Депутат ўз ҳақ-ҳуқуқларини билса бас, ҳозирги қонунчилигимизда ҳам барча шароит ва имкониятлар яратилган-ку, дейишингиз мумкин. Аммо бир ҳақиқатни унутмаслик керак: ёзилган қонунлардан устун бўлган ёзилмаган қонунлар бор. Қандай қилиб ижро ҳокимияти раҳбари бошчилигидаги кенгаш яна ижро ҳокимиятини танқид қилиб ундан вазифасини сўрайди ахир?

Кенгаш раислигига келадиган бўлсак, қайси партия ўша ҳудудда кўп депутатлик ўрнига эга бўлса ана ўша партия вакили кенгашга раислик қилиши даркор. Шундагида партиялар ўртасида ҳам чинакам сиёсий рақобат вужудга келади.

Жойларда аҳоли ҳам депутат деганда сайлов пайти ваъдалар бериш учун пайдо бўлиб қолувчи, сайланганидан сўнг йўқолиб қолувчи ваъдобозни эмас, ҳақиқий маънодаги ўзининг овози, кўзини – халқ вакилини кўради.

 

Фаррух АБДУҲАМИДОВ,

Халқ депутатлари

Арнасой туман Кенгаши депутати

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг