Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ҳоким қабулига кутилмаганда ўн яшар қиз келди. Натижа қандай? (видео)

Ҳоким қабулига кутилмаганда ўн яшар қиз келди. Натижа қандай? (видео)

Фото: Xabar.uz

Бухоро тумани ҳокими Ҳалимжон Сафаровнинг сайёр қабулига 10 ёшли қиз мурожаат билан кирди, дея хабар бермоқда «Xabar.uz» мухбири.

Жорий йилнинг 31 октябрь куни Бухоро тумани ҳокими Ҳалимжон Сафаров томонидан «Қўшходим»  маҳалласида сайёр қабул ўтказилган.

Бухоро тумани хокими Ҳалимжон Сафаров навбатдаги сайёр қабулни «Қўшходим» маҳалласида ташкил этган. Мазкур сайёр қабулга туман ҳокими кириб келгунига қадар маҳалланинг Миришкор қишлоғида яшовчи 10 ёшли қизнинг ғамгин қиёфада йиғлаб келгани барчани ўзига қаратди.

Қизалоқнинг муаммосини тинглаган масъуллардан бири унинг ҳали мурожаат ёшида эмаслигини, қайтиб кетишини таъкидлаган. Шундан сўнг қиз сайёр қабулга келган журналистларга ўзининг 10 ёшда, тумандаги 49-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиси Диёра Толибова экани, ҳокимга мурожаат қилиши шартлигини тушунтирган. Одамлар билан мулоқот қилиш, оиласини ўйлантираётган ташвишга ечим излаб келган 10 ёшли қизнинг ҳаракатчанлиги жамоатчилик томонидан маъқулланган. Ва сайёр қабулда тўпланганларнинг ҳам хоҳиши билан ёш мурожаатчи туман ҳокими билан суҳбатга биринчилардан бўлиб жалб этилди.

Маълум бўлишича, қизнинг отаси Дилшод Толибов, узоқ йил Россия Федерациясида ишлаб, рўзғор тебратган. Бироқ, 2016 йилда соғлиги ёмонлашгани сабабли Ўзбекистонга қайтган ва орадан бир неча ой ўтгач, 27 ёшида вафот этган. Ўшанда янги уй-жойга кўчиб ўтишганига бор-йўғи, 3 йил бўлган. Орадан ўтган 7 йил давомида эса ҳали қурилиши тугалланмай қолган уй-жой таъмирталаб аҳволга келиб қолган бўлган.

«Сизни эшитамиз ва ёрдамлашамиз, қизим»,—туман ҳокими илиқ қаршилади қизни.

«Миришкор қишлоғида анча йилдан буён яшаймиз. Онам кредит олиб, ўзлари ҳовлимиз атрофини шефир билан ўрадилар. Ҳовли ичкарисини эса таъмирлашга имконлари йўқ»,—деди10 ёшли мурожаатчи ҳокимга. 

«Хўп, лекин сайёр қабулга онангизни ўзи ҳам келиши керак, у билан муаммоларининг ечими борасида гаплашиб оламиз. Онангизни олиб келиб биласизми?»—сўради туман ҳокими.

«Йўқ. Онам ҳозир туман марказига кетган. Мен ўзим таксида келдим»,—жавоб берди қиз дабдурустдан.

Туман ҳокими вояга етмаган қизнинг ёлғиз ўзи таксида келганини хавотир билан қаршилади. Масъулларига қизалоқни манзилига соғ-саломат олиб бориб қўйишни таъкидлади.

Туман ҳокими: «Бориб ўрганиб, шахсан ўзим ёрдам қиламан, хўпми, қизим»

Қиз: «Агар вақтингиз бўлса ҳозир бориб кўринг (йиғлаб). Ўтган йил бизга кўмир ҳам беришмади»

Туман ҳокими: «Кўмир ҳам етказилади, томингизни ҳам шефир қилиб берамиз. Муаммоларингизни ўрганамиз, қизим. Фақат бундан кейин ёлғиз чиқманг, хўпми?!»

Туман ҳокими 10 ёшли мурожаатчи қизнинг муаммоларини ёзиб олар экан, унинг «Ўтган йил бизга кўмир ҳам етказилмади» деган гапидан юраги оғриганини, масъулларини бугуноқ ёш қизнинг барча муаммоларини бартараф этилишига киришишга чақирди.

«Xabar.uz» мухбири ёш мурожаатчи билан суҳбатда бўлган. Диёра туман ҳокими қабули ҳақидаги эълонни ижтимоий тармоқлардан ўқигач, онаси туман марказига иш билан чиқиб кетганидан сўнг ихтиёрий равишда келган. Манзилга етиб келганидан кейингина бу ҳақда онасига билдиргани ҳақида сўзлаб берган.

«Ўтган йил қишда кўмир беришмагач, қўлбола печкаларда ўтин, тараша ёқиб, совуқ кунларни босиб ўтдик. Газ баллон учун бир йилдан буён навбатда ёзилганмиз. Овқат пишириш учун газ плитамиз ҳам йўқ. Бундан ташқари, ҳовлимиз ёзда бир қарич тупроқ, қишда балчиқ лой. Бундай пайтларда онам ҳожатхонага ва ошхонага бориш йўлакларидан оёқ босиб ўтишимиз учун  ҳар ер-ҳар ерга ғишт ташлаб чиқади. Ўтган қишда ҳар сафар шу ғиштлар устидан сакраб-сакраб ўтганимда: «Келгуси йил мен онамга ёрдам бераман!»-деб ич-ичимга ваъда берганман. Опажон, ҳар куни онамнинг қийналаётганини ҳис қилиб яшайман. Аммо менга сездирмасликка ҳаракат қилади. Бугун туман ҳокими менга ёрдам беришини айтди. Онамни хурсанд қилишни жуда-жуда хоҳлайман»,— сўзларида болаларча соддалик, аммо, турмуш ташвишлари билан фикран аллақачон улғайган қизалоқни бағирладик. Ва бундан кейин ҳеч қачон ёлғиз чиқмасликка ундадик.

Шу куни Бухоро тумангаз филиали раҳбари Бобур Ражабов Толибовлар хонадонида бўлган. Хонадонга янги газ плита ҳамда газ баллони етказиб берилиб, хавфсизлиги таъминланган ҳолда ўрнатиб берилган.

Маҳалла раиси Чори Муродовнинг билдиришича, ушбу оилани ташвишга солиб келаётган барча муаммолар тез кунлар ичида бартараф этилади ҳамда доимий хабар олиб турилади.

«Дастёр қизимнинг менга кўмак бериш учун шундай куч топа олганини эшитиб, йиғлаб юбордим, тўғриси. Аммо, ҳеч қачон ўзимнинг қарамоғимсиз ҳеч қаерга чиқмаган. Қизимнинг мурожаатини ижобий қабул қилган ва қизим учун хавотирини яширмаган, бошқа муаммоларимизни ҳам ечишга ёрдамлашишини билдирган туман ҳокимига миннатдорлигимни билдираман»,—деди қизнинг онаси Зулфизар Ғаффорова телефон орқали суҳбатда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг