Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўқитувчиларни ҳақоратлаган Андижон шаҳар ҳокими 5,1 млн сўм жаримага тортилди, аммо вазифасида қолди

Ўқитувчиларни ҳақоратлаган Андижон шаҳар ҳокими 5,1 млн сўм жаримага тортилди, аммо вазифасида қолди

Дилмурод Раҳматуллаев — Андижон шаҳар ҳокими

Фото: «Kun.uz»

Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев шу йилнинг 16 октябрь куни шаҳардаги бир қатор таълим муассасалари раҳбарларини ножўя сўзлар билан ҳақорат қилганлиги ёзилган аудиоёзув интернетда тарқалган ва Бош прокуратуранинг расмий сайтида мазкур ҳолат юзасидан Андижон вилоят прокуратураси томонидан текшириш бошлангани хабар берилганди.

Маълум бўлишича, ҳокимнинг 16 октябрь куни шаҳардаги бир қатор таълим муассасалари раҳбарларини ножўя сўзлар билан ҳақорат қилганлиги ҳолати юзасидан текширув якунланган. Текшириш давомида вилоят прокуратураси томонидан киритилган тақдимнома асосида халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгаши томонидан Д.Раҳматуллаевни маъмурий жавобгарликка тортишга розилик бериш тўғрисида қарор қабул қилинган.

«Текшириш натижасига кўра, Д.Раҳматуллаевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 41-моддаси (ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш) билан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш қўзғатилиб, кўриб чиқиш учун судга юборилган.

Суднинг қарори билан Д.Раҳматуллаев Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топилиб, энг кам иш ҳақининг 30 баравари миқдорида жарима жазоси қўлланилган», дейилади Бош прокуратура матбуот хизмати берган ахборотда.

Амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга кўра маъмурий жавобгарлик оқибати жаримани тўлаши билан якунига етади ва жавобгарнинг меҳнат фаолиятига таъсир ўтказмайди. Бундан келиб чиқадики, ҳоким фаолиятини давом эттиради.

Эслатиб ўтамиз, яқиндагина Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзоларига йўллаган мурожаатида сўконғич ва муштумзўр ҳокимларни аёвсиз танқид қилган эди:

— Ҳали одамлар ўзгаргани йўқ. Маданият ўзгаргани йўқ. Очиғини айтаман, ҳокимларнинг ҳам маданияти йўқ. Иложи йўқ, яқинда қонун устуворлигини таъминлаш учун учта туман ҳокимини жазога тортдик.

Одамлар билан гаплашишни билмайди. Олдинги даврлардагидек маданиятсиз гаплар билан мажлислар ўтказади, одамларни ҳақорат қилади. Ким уларга ҳуқуқ берибди? Ҳокимга ким ҳуқуқ берган бировларни ҳақорат қилишга?

Бу нимадан далолат? Маданиятсизлигимиздан далолат! Ўқимаганимиздан далолат! Маънавиятимиз пастлигидан далолат!.. Билиб қўйинглар, бу аҳволда бирортанг эртанги кун билан ишламайсизлар.

Шавкат Мирзиёев

Шу йилнинг сентябрида «Kun.uz» сайтида Сирдарё вилояти Сайхунобод тумани ҳокими Носиржон Эгамбердиевнинг ўз ваколатларини суиистеъмол қилган ҳолда мактаб директорларини ургани, уларни ҳақорат қилгани акс этган видео оммага тақдим этилган эди. Манбада айтилишича, воқеа шу йилнинг август ойи охирида рўй берган. Шундан сўнг Бош прокуратура Сирдарё вилоят прокуратураси ушбу ҳолат юзасидан текширув бошлаганини маълум қилган эди. Бу воқеа Д.Раҳматуллаев билан рўй берган ҳодисадан анча олдин рўй берган эса-да, ҳалигача текширув натижалари бўйича расмий баёнот берилганича йўқ.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг