Ҳаётимиздаги реал ўзгаришлар
Сайлов арафасида ижтимоий тармоқларда юртдошларимизнинг, жумладан, ёшларимизнинг фикрини чалғитишга қаратилган турли постлар, видео ва аудиороликлар айланмоқда. Бундай ғоявий таҳдидларга ҳамма ўз фикрини, позициясини билдираяпти, аммо орамизда уларга хайрихоҳлар ҳам йўқ деб бўлмайди.
Бизни хурсанд қиладиган жиҳат, бугунги одамларимиз сиёсий жараёнларнинг масъулиятини чуқур ҳис этадиган, жамиятимиздаги тинчлик ва барқарорликнинг шукронасини қилиб, уни мустаҳкамлаш йўлида бел боғлаб меҳнат қилаётган бағрикенг, сабр-тоқатли, мулоҳазали инсонлардир.
«Бизнинг бировлардан устунлигимиз муҳиммас, кечаги ҳолимиздан устунлигимиз муҳим», деган гап бор. Дарҳақиқат, кейинги йилларда оддий турмуш-тарзимизда, оилавий шароит, рўзғоримизда реал ижобий ўзгаришлар бўлганини ҳеч ким инкор этолмайди.
Бир вақтлар пластик карточкани нақд пул қилиш илинжида унга-бунга илтимос қилиш, нақдлаштириб берган одамга юракни юлгандек қилиб маълум фоизини қолдириш каби ҳолатлар бугун тушга айланди.
Шундай пайтлар бўлдики, яқинда байрамини нишонлаган ўқитувчи-муаллимларимиз қишлоқларда маошининг маълум фоизи «нақдлаштирадиган» жойга, маълум фоизини туман марказига бориб, нақд қилдириб келиб берадиган одамга чўнтагига киришига кўникиб қолишган эди.
Пойтахтда прописка йўқлигидан турар-жойида минглаб ёшларимиз «участкавой»лар билан ит-мушук бўлиб, ишлаётган жойидан айрилиб қолмаслиги учун юрак ҳовучлаб яшарди, битта муҳрнинг йўқлиги дастидан пойтахтда яшаш ва ишлаш орзусидан воз кечиб кетган ҳамюртларимиз қанча эди.
Яқинларининг операцияси учун хорижга олиб боришга банклардан хорижий валюта ололмай, сарсон-саргардон бўлган инсонларнинг гувоҳи бўлганмиз.
Минг шукрки, бугун инсоннинг иззат-нафсини топтайдиган бундай ҳолатларга барҳам берилди. Аммо баъзиларимиз ҳаётимиздаги бундай ўзгаришларни унутиб, янги-янги эҳтиёжларимизни қондириш илинжида дод солаётгандекмиз.
Бугун шифокорнинг қизи, чорвадорнинг ўғли, фермернинг, прокурорнинг боласи ҳам билими бўлса, теппа-тенг олий ўқув юртига ўқишга қабул қилинаяпти, таълимдаги бу ўзгаришлар қанчадан-қанча оилаларимизга қувонч, келажакка ишонч бағишлади.
Хуллас, кечаги кунимиздан хулоса чиқариб, эртамиз учун режалар қилиб яшашдан чарчамайлик. Улуғ адибимиз Мақсуд Шайхзода ҳол-аҳвол сўраб келган шогирдларига «Аҳволим кечагидан яхши, эртангидан ёмон» деб жавоб бераркан. Шайхзода домла лутф қилганларидек, ҳаётимиз кечагидан яхши, эртангидан ёмон бўлаётгани рост бўлсин!
Нурали Шодиев,
Давлат бошқаруви академияси доценти,
сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter