«Ҳаво кескин совуқлашади. Айрим жойларда қор ёғади» — Ўзгидромет
Ўзбeкистон бўйича 9-13 октябр кунларига об-ҳаво прогнози тақдим этилди.
Қайд этилишича, 9-11 октябрда Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида қуруқ ва ўртача илиқ об-ҳаво сақланиб туради. Ҳаво ҳарорати асосан кечалари 11-16 даража, кундуз кунлари 25-30 даража бўлади.
11 октябрда республикамизнинг шимоли-ғарбий ҳудудларига Қора денгиз ҳудудларидан совуқ ва нам ҳаво массалари кириб келиши бошланади. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида ёмғир ёғади, баъзи жойларда шамол тезлиги кучаяди. Ҳаво ҳарорати 12-17 даражагача пасаяди.
12-13 октябр кунлари совуқ ва нам ҳаво массалари кириб келиши Ўзбекистоннинг барча ҳудудларига тарқалади. 12 октябрда, шунингдек, 13 октябрда кечаси ва эрталаб республика бўйича вақти-вақти билан ёмғир ёғади. 13 октябрда кундузи фақат Фарғона водийси вилоятларида ёмғир ёғиши сақланиб туради. Шамол тезлиги баъзи жойларда 15-18 м/с гача кучайиши кутилмоқда. Ҳаво ҳарорати кечалари 6-11 даражагача, шимолда 2-7 даража илиқгача, кундуз кунлари 12-17 даражагача пасаяди.
Республиканинг тоғли ҳудудларида 12-13 октябр кунлари вақти-вақти билан ёғингарчилик (ёмғир, баъзи жойларда қорга айланади) бўлади.
Бу ушбу мавсумда биринчи ҳақиқий кузги совуқ кириб келиши кузатилади.
Пойтахтимизда ҳаво ўзгариб туради, 9-11 октябр кунлари ёғингарчилик кутилмайди, 12 октябрда куннинг иккинчи ярмида ёмғир ёғади, 13 октябрда кечаси ва эрталаб ёмғир ёғади, кундузи ёғингарчилик кутилмайди.
Ҳарорат: 9 октябрда 25-27 даража, 10-11 октябрда кечаси 12-15 даража, кундузи 27-29 даража, 12 октабрда кечаси 14-16 даража, кундузи 24-26 даража, 13 октабрда кечаси 6-9 даража, кундузи 12-15 даража бўлади. Шарқий шамол йўналишини ўзгартириб, ғарбдан 3-8 м/с тезликда эсади, 12-13 октабрда 12-15 м/с гача кучайиши мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter