Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ҳажда илгари кузатилмаган ҳолатлар (фото)

Ҳажда илгари кузатилмаган ҳолатлар (фото)

Масжидул-Ҳаромда бомдод намози. Маккаи мукаррама, 2025 йил 3 июн.

Фото: SPA

Бу йил муқаддас Ҳаж амаллари ва зиёратчиларга хизматни ташкил этишда замонавий технологиялардан янада кўпроқ фойдаланилмоқда. Саудия Арабистони матбуоти ёзишича, бу йил илгари қўлланмаган бир қатор усуллар истифода этилмоқда.

Маълумки, Ҳаж амалларини адо этиш учун миллионлаб мусулмон бир пайтда, бир жойда жам бўлади. Шунга кўра, катта издиҳомни йўналтириш ва бошқариш масъулиятли вазифа саналади.

Кўп сонли зиёратчилар орасида тиқилинч юзага келмаслиги учун реал вақт режимидаги камералар, ҳаво мониторинги каби технологиялардан фойдаланилмоқда.

Саудия соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарига кўра, Ҳаж давомида дори-дармон дронлар орқали етказиб берилади. Агар транспорт воситалари орқали дори-дармон ўртача 90 дақиқада етказилган бўлса, дронлар кўмагида бу амалиётни 6 дақиқада бажариш мумкин. Учувчисиз қурилмалардан тиббий мақсадда фойдаланиш икки йиллик тажриба ва синовлар маҳсули экани айтилмоқда.

15 минг юртдошимиз муқаддас зиёратга отланган.
Фото: Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Қурбонлик амалини ташкил этишда ҳам рақамли технологиялар асқотмоқда. Гўшт вазнини ўлчаш, совитиш, тозалаш каби амалиётларда технологиялар ёрдамга келади.

Бир миллион квадрат метрни эгаллаган еттита кушхонада юз минглаб жонлиқ сўйилади.

Бу ишга 25 минг малакали ходим, жумладан, 600 нафар уламо, 500 нафар ветеринар, 16 500 нафар қассоб ва 400 нафар техник ходим сафарбар этилган. Қурбонлик гўшти инсонпарварлик кўмаги сифатида дунё бўйлаб тарқатилади.

Саудия ҳукумати тарқатган Ҳаж бўйича йўриқномада эса хавфсизликка оид талаблар акс этган.

Бу йил жами икки миллион мусулмон Ҳаж арконларини бажариши кутилмоқда.
Фото: AFP

2024 йили 1 833 164 нафар мусулмон Ҳаж арконларини адо этган бўлса, бу йил 2 миллион киши ушбу фарз ибодатни бажариши кутилмоқда. Демак, бу йил ҳожилар сони пандемияга қадар бўлган кўрсаткичга етади.

Ҳаж амаллари 4-9 июн кунларига тўғри келмоқда. Жумладан, зиёратчилар 4 июн куни Мино водийсида, 5 июн куни эса Арафот ва Муздалифа водийларида асосий рукнларни адо этадилар.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг