Ҳафта охирларига бориб об-ҳаво кескин исиши кутилмоқда
Республика Гидрометерология маркази ушбу ҳафтада кутилаётган об-ҳаво башоратини маълум қилди.
Бугун Ўзбекистонда яна об-ҳаво беқарор бўлиши кутилмоқда. Волга бўйи ҳудудидан нам ва салқин ҳавонинг кириб келиши натижасида мамлакатимизнинг Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятидан ташқари, кўпгина ҳудудларида ёмғир ёғади. Айрим жойларга кучли ёмғир ёғиши ва момақалдироқ бўлиши мумкин.
Республикамиз ҳудудидан совуқ атмосфера фронти ўтиши билан шамолнинг тезлиги секундига 15-20 метргача кучайиши кутилмоқда, шамол шиддат билан эсганда унинг тезлиги 23-28 метргача етади. Кундузи ҳаво ҳарорати пасайиб 20-25 даражани ташкил этади.
Эртага республикамизнинг кўпгина ҳудудларида ёмғир ёғиши тўхтайди, фақат марказий ва шарқий вилоятларда қисқа муддатли момақалдироқли ёмғир ёғиши мумкин. Ҳаво ҳарорати 22-27 даража атрофида бўлади.
20 майдан ва ҳафта охиригача хорижий жанубдан Ўзбекистон ҳудудига кираётган қуруқ ва илиқ ҳаво оқими кун сайин кучаяди. Ниҳоят республикада қуёшли ҳаво кузатилади. Ҳаво ҳарорати аста-секин кўтарилиб, дам олиш кунлари кечаси 17-20 даража, кундузи 32-35 даражага етади, мамлакатимиз шимоли, жанубий ва чўл зоналарида 37 даражагача кўтарилади, бу ўртача кўп йиллик кўрсаткичлардан 6-8 даражага юқоридир.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter