Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ғиждувон ҳокими: «Ажратилаётган бир триллионнинг ҳар бир тийини устида назорат ўрнатилади»

Ғиждувон ҳокими: «Ажратилаётган бир триллионнинг ҳар бир тийини устида назорат ўрнатилади»

Жорий йилнинг 31 май-1 июнь кунларида Шавкат Мирзиёев Бухородаги ташрифи давомида Ғиждувон туманида  ҳам бўлган эди. Унда 25 минг ишчи ўрни яратилиши, 50 миллион долларга тенг экспорт кенгайиши, ҳудудда мавжуд 75 та маҳаллаларнинг ҳар бири учун 100 миллиард сўмдан тушум бўйича имкониятларни кўрсатиб,  йирик миқдорда маблағлар ажратилиши хусусида тўхталиб ўтилган. Шу нуқтайи назардан, Президент томонидан мутасаддиларга Ғиждувон туманида аҳоли бандлигини оширадиган лойиҳаларни кенг қўллаб-қувватлаш, зарур кўмаклар кўрсатишга оид топшириқлар ҳам берилган.

«Бир триллионга яқин маблағ Бухоронинг энг йирик ҳудудларидан бири, тадбиркорлар макони бўлган Ғиждувон туманининг 75 та маҳаллаю, гузарини энг намунали даражага олиб чиқиш имконини беради.  Ғиждувон тажрибаси сифатида кўрилган, натижалари республикамизнинг турли ҳудудлариаро қўлланилиши кутилаётган ишларга жавобан туман аҳолиси ҳам ҳар бир юксалишга шукроналик ила ҳисса қўшишдан чарчамаслиги ва тўхтамаслиги керак»,-деди туман ҳокими Шерзод Ашуров.

Ғиждувон ҳокими аҳоли билан учрашувда туманда тадбиркорлик салоҳияти мамлакатнинг бошқа вилоятларига нисбатан кенг тармоқда пешқадам экани ҳақида тўхталар экан, сон-саноқсиз яширин цехлар фаолияти бундай ривожланишларга тўсиқ бўлиб келганини ҳам  айтиб ўтди.

«Узоқ йиллар давомида тадбиркорларга кенг йўл очиб келинган бўлса-да, ушбу туманда яширин цехлар худди қўзиқориндек кўпайиб кетган бўлган. Ўрни келганда, айтиш кераккп, яширин цехлар топган даромаддан кекирдагини тўйдириб юрган нафсламр карчалонлар ҳам бўлган. Бугун ҳар бир яширин цех фаолияти олди олиняпти. Лекин улар аввалги тартибга мувофиқ, ёпиб ташлаб, фаолиятига тўхтатилмаяпти. Балки, иш фаолияти қонунийлаштирилиб, тўғри йўл кўрсатиляпти. Қоронғулик аро «соя»да қолиб келаётган бу яширин цехлар фаолиятини «ойдин»ликка олиб чиқиш бугун туманнинг энг долзарб масаласига айланган. 17 йил солиқ тизимида фаолият кўрсатганман. Унинг давомида яширин цехлар аниқланса, жаримаси бор эди. Аниқланган яширин цехлар маҳсулотлари юз фоиз давлатга ўтказилиб, юқори миқдорда жаримага тортиларди. Янги солиқ Кодексига кўра эса, бундай ҳолатларга муносабат қонунан ўзгартирилди. Унга кўра, яширин цехлар соядан ойдинликка чиқадиган бўлса, ишчи-ходимларига яхши шароитлар яратиб бериб, қонуний ишлашни бошласа, бир йил давомида бўлган солиғининг ярми қайтариб берилади. Бу ўз-ўзидан уйда ёхуд турли ертўлаларда солиқдан қочиб «яшаётган» тадбиркорларнинг қонуний ишлаш имкониятларини оширишига туртки бўлади. Бу ҳам Ғиждувон тажрибаси сифатида кўрилган»,-деди Шерзод Ашуров.

Туман ҳокимининг сўзига кўра, Президент томонидан икки ҳафта мобайнида Ғиждувонда мингта иш ўрни яратилиши лозимлиги билдирилган.

«Айни пайтда туманда уч мингта иш ўрни бор.  Тикувчиларга 2 миллиондан 4 миллион сўмгача, дизайнер бўлса, 10 миллион сўм, инженер-муҳандисларга 7 миллион сўмгача маош белгиланган. Ишга қатнов ва овқатланиш бепул. Мингга яқин кичик, юзлаб йирик корхона ва цехлар  мавжуд туманда «бўш»ман, деган одам қолмаслиги керак. Хабарингиз бор, Президент топшириғига кўра, Ғиждувонда комплекс ўзгаришлар кутилмоқда. Жорий йилда туманда 25 мингта иш ўрни яратилиши кўзда тутилди. Шукроналик ва меҳнатимиз билан буни амалга оширишимиз керак. Буюк тарихга эга улуғ туман бу. Ғиждувонда илмсиз одам қолмайди. Ишсиз қолмайди. Касбсиз одам қолмайди. Билимсиз ёш қолмайди»,-сўзлади туман ҳокими.

Ғиждувон туманида марказий шифо масканлари бири-биридан 2-3 километргача масофада тарқоқ жойлашган. Қурилганига 45 йилдан ошган 650 ўринли туман марказий шифохонаси аллақачон эътирозларга сабаб бўлган. Туғруқхонада бир аёл оғир аҳволга тушиб қолса, 2-3 километрча йироқдаги текширув пунктига бориб-келишга мажбур. Йўлдаги тирбандлик ҳақида-ку, айтмаса ҳам бўлади. Инфекцион касалликлар ёхуд кардиология шифохонаси ҳам аянчли аҳволда.

«Буларнинг ҳаммаси қайтадан бир манзилда бунёд этилади ва бирлашади. Шунингдек, Ғиждувон туманиаро темирйўлнинг ҳам барпо этилиши катта имконият. Чунки, Ғиждувон азалдан катта йирик тадбиркорлар ўлкаси ҳисобланади. Бу ердаги тадбиркорлар ўз ишлаб чиқарган маҳсулотларини ички ва ташқи бозорда поезд хизмати орқали амалга ошириш имконига эга бўлади. Йўл харажатлари қиймати ўзгаради. Шу ўринда, туманда Маданият уйи йўқлиги инобатга олиниб, бетакрор маскан барпо этилиши туман аҳли учун яна бир қувончли хабар бўлди. Пойтахтдан жалб этилган тажрибали архитектор ва лойиҳачилар улкан проект устида иш олиб боришади. Туманнинг мавжуд 75 та маҳалласида мислсиз ривожланиш ва тараққиёт киради. Бундан ташқари, энди Ғиждувон аёллари, қиз-жувонлари жазирама пахта даласида оғир меҳнат қилиб, даромад топишмайди. Ҳар бир маҳаллада ташкил этилган турли йўналишларда яратилган цех ва ишлаб чиқариш корхоналарида салқинларда меҳнат қилиб, соғлом тан билан оила тебратишади. Ишлаб чиқариш корхона ва цехларни тиклашда маҳаллаларда жой бўлмаса, пахта ва ғаллага мўлжалланган ер майдонларидан Президентимиз айтганларидек, ўзлари истаган жойидан ажратиб берилади. 75 та маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши учун ҳар бирига 100 миллиарддан кам бўлмаган маблағлар йўналтирилар экан,  туман мислсиз тараққиёт гўшасига айланади. Аммо, унинг ортида улкан масъулият, юк бор.  Ҳар бир саволга жавобгарлик билан тенг масъулиятни бўйинга олиб, халқ олдида юриб, режа ва амалларни биргаликда, пухта ҳал қилиб, довон ошишимиз керак. Бир триллиондан ортиқ маблағ - бу бюджет пули: ҳар бир тийини устида қаттиқ назорат ўрнатилади. Мақсад битта: «Ғиждувон тажрибаси» йўлида одамлар билан бир тану бир жон бўлиб, фидоийлик кўрсатиш, уни узукка қош қўйгандек бетакрор кўринишда амалга ошириш»,-деди Шерзод Ашуров.

Маълумот ўрнида: Ўзбекистон Республикаси Президенти тарифидаги топшириғига кўра, тумандаги 75 та маҳалла фуқаролар йиғинлари  бинолари тўлиқ тартибга келтирилиб, янги босқичга кўтарилади. «Янги Ўзбекистон» массивида яна қўшимча 100 та кўп қаватли уй-жой барпо этилади. Туман марказий шифохонаси қайта тикланиб, барча тиббиёт масканлари бир манзилда қурилади. Улкан Маданият маркази тикланади.  «Ғиждувон ЭИЗ» учун 8 километр масофада темир йўл ва юк ташиш учун шахобча қурилади. Йирик М-37 автомобил йўли бўйида жойлашган турар ва нотурар бино-иншоотларни лойиҳа асосида тартибга келтирилади. Бунда 1 триллиондан ортиқ маблағ ажратилиши кўзда тутилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг