Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Германиялик мутахассис Ўзбекистондаги ҳайвонот боғлари ва қўриқхоналарни ривожлантириш бўйича ўз таклифларини билдирди

Германиялик мутахассис Ўзбекистондаги ҳайвонот боғлари ва қўриқхоналарни ривожлантириш бўйича ўз таклифларини билдирди

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов ҳайвонот боғини бошқариш бўйича тажрибали немис мутахассиси, профессор Удо Нагел билан учрашди.

Учрашувда Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистонда сўнгги йилларда экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича ташаббуслар, хусусан, ҳайвонот оламини муҳофаза қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлигини таъкидлади.

Удо Нагел ҳайвонот боғлари ва қўриқхоналарни ривожлантириш бўйича фикр алмашди. Хусусан, ҳайвонларни қишки ва ёзги биноларда бир-бирига яқин жойда сақлаш учун тўсиқсиз муҳит яратиш, панжаралардан воз кечиб, мустаҳкам ойнали материаллардан фойдаланиш, ҳайвонларни сақлаш чегарасида игнали ўсимликлар экиш, ҳайвонот боғининг “кеча ва бугун” шаклидаги кўргазмасини ташкил қилиш, амалий биология билимлари ўргатиладиган ўқув аттракционларини яратиш ва бошқа муҳим тавсиялар берди.

Шу билан бирга, У. Нагел Ўзбекистондаги ҳайвонот боғлари ва қўриқхоналарини ривожлантириш бўйича тақдимотини намойиш этди.

Ўз навбатида Азиз Абдуҳакимов «Rostok» ҳайвонот боғи тажрибасини ўрганиш жуда катта аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади. Учрашув якунида ўзбекистонлик мутахассисларнинг Германияда ўзаро тажриба алмашишлари борасида келишувга эришилди.

Учрашувдан сўнг Удо Нагелга Экология вазирлигида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди.

Учрашувдан мақсад – ҳайвонот боғлари бўйича икки томонлама манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш, қўшма лойиҳа ва дастурларни амалга оширишда техник кўмак кўрсатиш, соҳа мутахассисларининг салоҳиятини ошириш, соҳа доирасида ўзаро тажриба алмашиш масалаларини муҳокама қилишдир.

Маълумот учун, Удо Нагел 10 июль куни Ўзбекистонга ташриф буюрган. Ташриф давомида у Тошкент, Фарғона ва Термиз шаҳарларидаги ҳайвонот боғлари, Самарқанддаги «Зарафшон» миллий табиат боғи ва Бухородаги «Жайрон» питомниги фаолиятини ўрганиб, ўз тажрибалари билан ўртоқлашди.

Удо Нагелнинг юртимизга ташрифи 25 июль куни ўз якунига етди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг