Германия Ўзбекистонда «яшил» саноатни ривожлантиришга 9 миллион евро ажратади
Ўзбекистон иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) ўртасида 9 миллион евролик битим имзоланди. Грант маблағи Ўзбекистонда «яшил» саноатлаштириш бўйича хусусий сектор салоҳиятини ошириш ҳамда иқтисодий сиёсат бўйича маслаҳатлашув лойиҳасини амалга оширишга йўналтирилади.
Ушбу муҳим битим 3 декабрь куни Дубайда, БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича конференцияси доирасида Ўзбекистон иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов ҳамда Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг Марказий Осиё минтақавий дастурлари координатори Торстен Брезина томонидан маъқулланган.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, янги лойиҳа мамлакатимизда барқарор иқтисодий ривожланиш учун шарт-шароитларни таъминлаш, айниқса, «яшил» саноатлаштириш ва «яшил» иқтисодиёт бўйича давлат ва хусусий сектор салоҳиятини кучайтиришга кўмак беради.
Унинг доирасида интенсив салоҳиятни ошириш, иш жойида ўқитиш, халқаро алоқалар ва билимларни узатиш орқали барқарор «яшил» иқтисодиёт ва саноат сиёсати ишлаб чиқилади ҳамда амалга татбиқ этилади.
Қайд этилишича, лойиҳа иссиқхона газларини ўлчаш ва сертификатлаш бўйича эксперт билимларини тақдим этади, шунингдек, Ўзбекистоннинг СО2 сертификатлари билан халқаро савдода иштирок этиши ва Европа Иттифоқининг Трансчегаравий тартибга солиш механизмига мослашишини қўллаб-қувватлайди.
Германия «яшил» саноат, экология, иқлим ўзгариши оқибатларини бартараф этиш каби йўналишларда Ўзбекистон билан фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон экология тизими раҳбарияти ҳамда Германия халқаро ҳамкорлик жамияти ўртасида битим имзоланган. 10 миллион евролик лойиҳа доирасида Марказий Осиёда иқлим ўзгариши хавфларини бошқариш, кадрлар салоҳиятини институционал ривожлантириш, минтақада иқлим муаммолари бўйича мулоқотни йўлга қўйиш ва ўзаро трансчегаравий ҳамкорликни мустаҳкамлаш кўзда тутилган.
Германия ажратган кўп миллион евролик кўмак воситасида Оролбўйи минтақасида ҳам қишлоқларни ривожлантириш, иқлим ўзгаришига мослашиш, Орол денгизининг қуриган тубида биологик хилма-хилликни тиклаш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, соғлиқни сақлаш тизимини яхшилаш каби йўналишларда қўшма дастурлар амалга оширилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter