Газ баллонларининг синови: қачон тартиб бўлади?
Кеча, 18 сентябрь куни эрталаб соат 8.30 ларда Бухоро вилояти Когон тумани ҳудудидан ўтувчи Бухоро-Қоровулбозор магистрал йўлида 26 нафар йўловчиси бўлган автобуснинг газ баллони портлаши оқибатида автобус йўловчиларидан 4 киши воқеа жойида, 1 киши касалхонада вафот этди, 21 киши жароҳатланди.
Шу кунни ўзидаёқ, автобус ҳалокати ортидан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг махсус фармойиши имзоланди. Унга кўра, Ўзбекистондаги барча газ қуйиш шохобчалари ва газ баллонли автомобиллар текширувдан ўтказилади.
Махсус фармойишга кўра, икки ой муддатда газ баллони ўрнатилган автотранспорт воситалари, шунингдек, уларга хизмат кўрсатувчи газ қуйиш станциялари; табиий газда ишлайдиган қозонхоналар, печлар ва бошқа ускуналарнинг техник ҳолатини пухта ҳамда ҳар томонлама хатловдан ўтказиш, хатловдан ўтказиш натижаларига кўра, ёқилғи сифатида табиий газдан фойдаланиладиган автотранспорт воситалари, газ қуйиш станциялари, қозонхоналар, печлар ва бошқа ускуналардан фойдаланиш билан боғлиқ авариянинг олдини олиш бўйича «Йўл хариталари»ни ишлаб чиқиш ҳамда Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритиш топширилган.
Шу фармойиш билан танишар эканман, бир жиҳат мени ҳайрон қолдирди. Унда «газ баллони ўрнатилган автотранспорт воситалари, шунингдек, уларга хизмат кўрсатувчи газ қуйиш станциялари, табиий газда ишлайдиган қозонхоналар, печлар ва бошқа ускуналарнинг техник ҳолати пухта ҳамда ҳар томонлама хатловдан ўтказсин» дейиляпти, аммо негадир фармойишнинг бирон-бир жойида автомобилларга ўрнатилган газ баллонларини техник синовдан ўтказиш билан шуғулланадиган фирмалар ҳақида, уларнинг масуълиятини яна кучайтириш ҳақида ҳеч гап йўқ. Балки шошилинчда бу эсларига келмагандир. Балки икки ой давомида — юқорида келтирилган иш бажариб бўлинганидан кейин бунга ҳам навбат келар. Аммо ҳозирча ҳукумат фармойишида улар ҳақида ҳеч гап йўқ.
Бухородаги кечаги фожиадан кейин нима бўлганда ҳам газ баллонларини техник синовдан ўтказадиган фирмалар эътиборсиз қолмасликлари керак. Чунки, кўраяпмиз, жойларда газ баллонларини техник синовдан ўтказиш учун лицензия олиб ишлаётган турли фирмаларнинг айримлари газ баллонларини техник синовдан ўтказмасдан, зеро уларнинг техник синов ўтказадиган жойи ҳам, ишчилари ҳам йўқ, пулни олиб шунчаки «техник синовдан ўтказилди» деган муҳрни босиб бермоқдалар.
Кўпчиликнинг ёдида бўлса, охирги 4-5 йил давомида автомобилларга ўрнатилган газ баллонларидан хавфсиз фойдаланиш тартибларини жорий қилиш учун ҳукуматнинг бир нечта қарорлари чиқди. Масалан, ўша қарорларнинг бирида Хитойда ишлаб чиқарилган ва ҳайдовчилар тилида «капрон баллон» деб номланувчи скотч билан ўралган баллонларни истеъмолдан чиқариш, ундай баллонларни техник синовдан ўтказмаслик, шундай баллон ўрнатилган машиналар олди-сотди қилинаётганда баллонни ечиб ташламагунча давлат рўйхатидан ўтказмаслик, газ қуйиш шохобчаларида «капрон баллон»ларга газ қуйиб бермаслик белгилаб қўйилган эди.
Аммо ўша пайтда гувоҳи бўлдик: газ баллонларини техник кўрикдан ўтказиш билан шуғулланадиган айрим фирмалар ҳайдовчилар билан ўзаро келишиб, ошиқроқ пул олиб ўшандай газ баллонларини «техник синовдан ўтди» деб муҳр уриб беравердилар. Газ қуйиш шохобчаларининг аксариятида эса машиналарда ўрнатилган газ баллонлари қанақалиги билан қизиқиб ўтирмайдилар. Ҳайдовчининг қўлида газ баллонининг техник синовдан ўтганлиги тўғрисидаги қоғоз борми, бўлди — газ қуйиб бераверишади.
Бу ҳолат ЙПХ ходимлари билан ҳам шундай. Улар ҳам аксарият ҳолларда, йўлларда, блокпостларда ҳайдовчиларнинг ва машиналарнинг ҳужжатларни текшираётганларида кўпинча газ баллони техник синовдан ўтганлиги ҳақидаги ҳужжатни кўришади, синов муддати ўтган бўлса чора кўришади, аммо ўша ҳужжат билан машинадаги газ баллони мувофиқ келадими ёки йўқми кўпинча қизиқиб ҳам ўтиришмайди.
Узоққа бормайлик, ўтган йили шу ҳолат ўзим билан ҳам содир бўлди. Машинамга 2014 йилда ўрнатилган газ баллонининг техник синов муддати тугади ва уни синовдан ўтказиш учун синовдан ўтказадиган фирма қидириб йўлга тушдим.
Самарқанд шаҳрига етмасдан, Тойлоқ туманида, Самарқанд-Айний йўлида тўхтаб одамлардан ўшандай жой ўша атрофларда бор-йўқлигини сўрадим. Биттаси кўрсатиб юборди, бор экан. Борсам кичик бир хонада бир одам ёзиб-чизиб ўтирибди. Уч-тўрт одам навбат кутяпти. Мен ҳам навбатга турдим. Навбатим келгунча уёқ-буёққа қарадим — газ баллонларини синайдиган ускунаси ҳам, ишчилари ҳам кўринмаяпти. «Балки орқа тарафдадир» деб ўйладим. Навбатим келди. Бояги одам қўлимдан ҳужжатларимни олиб ёзди, чизди ва охирида 38 минг тўлашим лозимлигини айтди. Айтган пулини тўладим, у эса «Фалон рақамли машинада ўрнатилган фалон рақамли газ баллони техник синовдан ўтди» деб ёзилган қоғозни қўлимга тутқазди.
Ҳайрон бўлдим ва «Газ баллонини синовдан ўтказмайсизларми?», — десам, у «Баллонингиз янги экан, синовдан ўтказиш шарт эмас», — деди. Эътибор берсам у менга берган қоғозида кейинги синов муддатини бир йилдан кейин белгилаб берибди.
Синов муддатини метан газ баллонларида баллоннинг ҳолатига қараб уч йилгача қўйиш мумкин. Ундан нега бундай қилганини, нега уч йил ўрнига бир йил қўйганини сўрадим. Шунда у «Газ баллонингизни синовдан ўтказмаяпман-ку, боравермайсизми?», — деди. Мен унга боравермаслигимни, хоҳласа баллонимни бемалол синовдан ўтказиши мумкинлигини, аммо муддатни уч йил қилиб бериши лозимлигини, акс ҳолда пулимни қайтариб беришини ва мен синовни бошқа жойда қилдиришимни айтдим. Шунда у қўлимдаги қоғозни олди-да, бошқа қоғозга бошқатдан ёзиб, кейинги синов муддатини икки йилдан кейинга қўйиб берди.
Ўша пайтда у менга «Сизнинг газ баллонингиз янги экан, синов шартмас» дегани билан, навбатим келгунча, бир нечта ҳайдовчиларнинг синов қоғозини ёзиб берди ва уларнинг биронтасининг газ баллонини синовдан ўтказгани йўқ. Уларга бир йиллик муддат ёзиб беряпти, улар эса қоғозларини олиб, индамай раҳмат айтиб чиқиб кетишяпти. Ўшанда унинг синов ускунаси ҳам, ишчилари ҳам йўқ эди. Шунчаки пулни олиб синов муддатини янгилаб беряпти, холос. Газ баллонларини «чаққонлик билан» синовчи бунақанги фирмалар, афсуски, мамлакатимизда оз эмас.
Бухородаги фожиада ўша газ баллонларини импорт қилиб олиб кирганлар ёки ишлаб чиқарганлар, ўша газ баллонларини ўрнатганлар, албатта, ўша газ баллонларини техник синовдан ўтказганлар — ҳаммаси бирдай айбдор.
Шундай экан ҳукуматимиз кўчаларда газ баллонида юрган машиналарни текширар экан, уларни техник синовдан ўтказаётган турли фирмаларни ҳам қаттиқ текшириши, зарурат бўлса, лицензияларини қайтариб олиши керак. Чунки кўряпмиз, газ баллони портлаши билан боғлиқ фожиаларнинг аксарияти газ баллонларининг техник носозлиги туфайли содир бўляпти. Бунда эса газ баллонларини техник кўрикдан ўтказмасдан, пулни олиб «газ баллони синалди» деб муҳр уриб бераётган фирмалар ҳам бирдай айбдор.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter