Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Гавҳар Исканова: Қишлоқ аёллари ҳақиқий қаҳрамон...(видео)

Гавҳар Исканова: Қишлоқ аёллари ҳақиқий қаҳрамон...(видео)

Фото: Xabar.uz

Мезон шамоли ҳозир ҳар қандай мевага бол таъмини қўшган палла. Анави палакнинг энг бошидаги қовун дейсизми, сўритокда қолиб кетган кўкимтир узум дейсизми, шамол силкитиб ҳам туширолмаган олма дейсизми ширини тилни ёради. Беҳигаям, аноргаям таъм кирган палла, далаларда мезон иплари ингичка ҳалинчакдек майин силкинади. Шундай паллада машинада йўл четидаги пахтазорларни, полиз экинларини йиғиштириб олаётган одамларни кузатиш мароқли. Тўхтаб ҳар бири билан суҳбатлашгинг келади.  Сирдарёнинг йўл четида анор сотаётган аёл эътиборимизни тортди.

– Ўзим етиштирганман бу анорларни, шарбати жуда витаминларга бой, – дейди аёл бизга меваларидан татиб кўришга ундаркан.

– Беҳилар ҳам ўз боғингизданми?

–  Ҳа, фермерман, анор ва беҳизорим бор...

Ўзини Гавҳар Исканова деб таништирган аёл 2018 йил ташкил қилган боғига онасининг номини қўйган экан.

– Ота-онам ҳожибобо, ҳожи момо эди. Онамнинг номи ўчмасин деб «Хосият ҳожи она» фермер хўжалигини юритаётганимга 5 йил бўлди, қаранг анор ва беҳи дарахтларим ҳосилга кирди, – дейди сирдарёлик Гавҳар, анорларни ўз чизиғи бўйлаб кесаркан.

Билдикки ҳамсуҳбатимиз боғи, ота-онаси, орзулари ҳақида гапириб бергиси келаяпти.

 – Актёр, актрисаларни жуда ҳурмат қиламан. Актриса бўлмоқчи эканлигимни айтганимда қиз боласан, деб уйдагилар рухсат беришмади. Кейин шифокор бўламан, дедим. Ота-онам мени узоққа қўйиб юборгиси келмади. Охири ҳамшираликка ўқидим.

Гавҳархон бизга анорнинг хусусиятлари, шарбатининг фойдалари ҳақида жуда кўп нарсаларни айтиб берди. Уни чиройли, тўғри кесишда ҳам гап кўп экан.

Икки хил шарбат кўрсатди – бири оч қизил, иккинчиси тўқ қизил. Оч қизил анор туя тиш анор дейиларкан. Суҳбатдошимнинг гапларидан анор ҳақида ўзим учун ажойиб «янгилик» яратдим. Оч қизил донли анор тўқ қизил донли анордан анчагина ширин. Шу пайтгача тўқ қизил донли анор ширин бўлади, оч қизили пишмаган деб нордон анор еб юрган эканман...

Қишлоқ аёллари билан гаплашсангиз ҳам ҳаяжонланиб, ҳам тўлқинланиб, гоҳ уялиб, гоҳ тўлиб-тошиб бор гапини тўкиб-сочгиси келади.  Уларнинг орзуси армонидан кўп.

«Аёллар учун ўтказилаётган танловларни яхши кўриб томоша қиламан. Айниқса, «Йил аёли» танлови менга жуда ёқади». Мен Гавҳархоннинг истиҳоласида: «Агар қишлоқда яшамаганимда йил аёли бўлардим» ёки «Мана шу танловда менинг ҳам қатнашгим келади», деган ширин орзу бор.

Кетаётганимизда у шундай деди: «Қишлоқдаги аёлларнинг барчаси йил аёли номига муносиб, чунки улар меҳнаткаш ва ҳалол инсонлар»...

Биз ҳам худди шу фикрдамиз. Қишлоқ аёллари ҳақиқий қаҳрамон....

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг