Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Фуқаролардан ортиқча маълумотномалар талаб этилиши давом этмоқда

Фуқаролардан ортиқча маълумотномалар талаб этилиши давом этмоқда

Фото:«Яндекс»

Ёшга доир пенсия тайинлашда ноқонуний равишда СТИР талаб қилиб олганлиги учун Хўжаобод тумани пенсия жамғармаси масъул ходими Давлат хизматлари агентлигининг Андижон вилоят бошқармаси томонидан маъмурий жаримага тортилган. Бу ҳақда агентлик Жамоатчилик билан алоқалар бошқармаси хабар қилди. 

Агентлик томонидан ушбу қарор ижроси мониторинг қилинганда бошқа давлат органлари томонидан ҳам давлат хизматлари кўрсатиш жараёнида фуқаролардан мазкур маълумотномалар ноқонуний равишда талаб қилиб олинаётганлиги аниқланган.

Мисол учун, «Наманган ҳудудгаз» МЧЖ ва «Ермулккадастр» ДК Янгиқўрғон тумани масъул ходимилари томонидан давлат хизматлари кўрсатиш жараёнида фуқаролардан СТИР ноқонуний равишда талаб қилинганлиги ҳолати бўйича Агентликнинг Наманган вилоят бошқармаси томонидан ушбу ходимларга нисбатан маъмурий жарималар қўлланилди.

Бундан ташқари, фуқаро К.Ф.га давлат хизмати кўрсатиш жараёнида Сурхондарё вилояти, Қумқўрғон тумани марказий поликлиникаси масъул ходими томонидан солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарзи мавжуд ёки мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумотнома ноқонуний равишда талаб қилинган.

Бу ҳолат бўйича Агентликнинг Сурхондарё вилоят бошқармаси томонидан масъул ходимга нисбатан ҳам маъмурий жарима жазоси қўлланилди.

Ушбу қарорга асосан давлат бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар мазкур ҳужжатларни давлат солиқ хизмати органлари, АТБ Халқ банки, Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасидан мустақил равишда фақат электрон шаклда сўраб олишлари белгиланган.

Энг ачинарли ҳолат, Агентлик томонидан мазкур қарор ижросини сўзсиз таъминлаш тўғрисида барча давлат органлари ва бошқа ташкилотлар расмий равишда огоҳлантирилиб, қарорнинг мазмун-моҳияти бўйича мунтазам равишда тарғибот тадбирлари ўтказилаётган бўлсада, фуқаролардан ушбу ҳужжатлар такрор ва такрор талаб қилинаётганлигидир.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг