Фуқаролар Конституциявий судга мурожаат қилишлари мумкин бўлади
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси эълон қилинди.
Унга кўра, «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Конституциявий қонунининг 25-моддасига (Конституциявий судга масалаларни киритиш ҳуқуқи) қуйидаги қўшимча киритиш таклиф қилинмоқда:
«Ўзларининг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ бўлмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан бузилган деб ҳисобловчи жисмоний ва юридик шахслар»
Шунингдек, 27-моддасининг (Конституциявий суд мажлисининг иштирокчилари) биринчи қисми «адлия вазири» деган сўзлардан кейин «ўзларининг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ бўлмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан бузилган деб ҳисобловчи жисмоний ва юридик шахслар, уларнинг ваколатли вакиллари» деган сўзлар билан тўлдирилиши мумкин.
Бу нима дегани?
Шу пайтгача оддий фуқаролар қонунлар ва қарорларнинг Конституцияга зидлиги масаласида Конституциявий судга мурожаат қила олмас эдилар. Фақат қуйидаги субъектлардагина бундай ҳуқуқ бор эди:
• Олий Мажлис палаталари;
• Президент;
• Вазирлар Маҳкамаси;
• Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман);
• Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси;
• Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг камида тўртдан бир қисмидан иборат депутатлар гуруҳи;
• Олий Мажлис Сенати аъзолари умумий сонининг камида тўртдан бир қисмидан иборат сенаторлар гуруҳи;
• Олий суд;
• Бош прокурор;
• Конституциявий суднинг камида уч нафар судьяси ташаббуси билан.
Шунинг учун ҳам йиллар давомида Конституциявий суд деярли ишламаган, чунки қарор қабул қилиш учун асос бўладиган мурожаат ва шикоятлар деярли тушмас эди. Энг юқори давлат органлари қайсидир қонун ёки Президент ва Ҳукумат ҳужжатларининг Конституцияга зид эканлиги юзасидан шикоят билан чиқиши камдан-кам учрайдиган ҳолат.
Мисол учун, 2010 йилдан токи 2018 йилгача Конституциявий суд атиги 2 тагина қарор қабул қилган (2014 ва 2018). Шунчаки солиштириш учун айтиш мумкинки, биргина 2019 йилнинг дастлабки 4 ойи давомида Россия Конституциявий суди 19 та қарор қабул қилган.
Эълон қилинган ушбу лойиҳани мамлакатда қонунийликни янада таъминлаш бўйича инқилобий қарор дейиш мумкин. Тўғри, айтишингиз мумкин, фуқароларга мурожаат ҳуқуқи берилгани билан, бу Конституциявий суднинг судьялари барча шикоятларини ижобий кўриб чиқишига кафолат эмаску, дея. Фикрингизда жон бордир. Лекин бу кейинги масала.
Бутунлай тақиқ бўлган ҳолатда сифат босқичи ҳақида орзу қилиш ҳам имконсиз эди. Энди эса ўша имконият пайдо бўлмоқда, шикоятларни сифатли кўриб чиқиш масаласи эса вақт давомида шаклланадиган нарса, бундан хавотир олмаса ҳам бўлади.
Хуллас, бу лойиҳани кўриб, хурсанд бўлдим. Яхши янгиликлар кўпаяверсин.
P.S.: агар шу қонун кучга кирса Конституциявий судга фуқаролар томонидан киритиладиган энг биринчи масала нима бўлишини тахмин қилиш қийин эмас.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter