Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Францияда Мирзо Улуғбекка ҳайкал ўрнатилди

Францияда Мирзо Улуғбекка ҳайкал ўрнатилди

Фото: Дунё АА.

Ўзбекистон ва Франция ўртасида ҳудудлараро дипломатияни ривожлантириш доирасида Европанинг авиакосмик пойтахти - Тулуза шаҳрида жойлашган Франция Фуқаролик миллий авиацияси институти ҳудудида буюк астроном олим, математик ва давлат арбоби Мирзо Улуғбек ҳайкали очилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА агентлиги.

Тулуза шаҳрида Мирзо Улуғбек ҳайкалининг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси, Самарқанд вилояти ҳокимлиги делегацияси, Тулуза шаҳри мэрияси, Франция космик тадқиқотлар институти, Фуқаролик миллий авиацияси институти раҳбарияти ва ушбу мамлакатнинг илмий-академик, маданий ва ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этишди.

Тантанали тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон элчиси Сардор Рустамбаев, буюк аждодимиз меросини тарғиб этиш мақадида бунёд этилган ушбу ёдгорлик Ўзбекистон ва Франция ўртасида дипломатия муносабатлари ўрнатилганининг 31 йиллиги доирасида ўтказилаётгани рамзий маънога эга эканлигини таъкидлар экан, Мирзо Улуғбекнинг жаҳон тамаддуни ривожланишига қўшган ҳиссаси, хусусан, астрономия соҳасидаги улкан кашфиётлари тўғрисидаги фикрларини ўртоқлашди.

Франция Фуқаролик миллий авиацияси институти бош директори Оливье Шансу, ўз навбатида, Мирзо Улуғбек ҳайкали учун Ўзбекистон ҳукуматига миннатдорлик билдирди. Унинг айтишича, ушбу ёдгорлик орқали кўплаб франциялик талабалар авиация соҳасида ўта муҳим ҳисобланадиган математика, физика, астрономия каби фанлар ривожида Мирзо Улуғбекнинг муҳим ўрни борлигини билиб олишади.

Таъкидлаш керакки, Мирзо Улуғбек ҳайкалини Тулуза шаҳрида ўрнатиш борасидаги келишув Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонасининг 2020 йилда Тулуза шаҳри мэрияси раҳбарияти билан бўлиб ўтган учрашуви доирасида муҳокама қилинган.

Мирзо Улуғбекнинг мисдан барпо этилган ҳайкали муаллифи - самарқандлик ҳайкалтарош Умирзоқ Шарипов. Ушбу ёдгорликнинг бўйи 240 сантиметрни ташкил этади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг