Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Анвар Намозов

Дунёда тасодиф йўқ, бу сўзларни ўқиётганингиз ҳам тасодиф эмас!

Фотофакт! Пешонага ёзилган «2»лар... Қаерда ва қачон?

Фотофакт! Пешонага ёзилган «2»лар... Қаерда ва қачон?

Шу кунларда ижтимоий тармоқда қуйидаги расм ва изоҳ тарқалмоқда. Унда айтилишича, (гўё) Тошкент вилояти Бекобод туманидаги 5-мактабнинг Муборак исмли ўқитувчиси дарсни ўзлаштирмаган 1-синф ўқувчиларининг пешонасига ручка билан «2» рақамини катта қилиб ёзган. Кейин эса тенгдошларига кўрсатган. Бу ўқувчилар пешанасидаги рақамларни ўчиришган, аммо ўқитувчи қайтадан яна ёзган.

Мазкур маълумот манзили қанчалик ҳақиқатга яқин, ҳали аён эмас, бироқ болаларнинг манглайига битилган рақамлар аниқ акс этган. Уларнинг 1-синф ўқувчиси эканлиги ҳам номаълум. Одатда 1-синф ўқувчиларига рақамлар билан эмас, гуллар ва турли рамзлар орқали баҳо қўйиларди. Кичкинтойларни рағбатлантириш учун ҳам 2 баҳо қўйилиши камдан-кам учрайдиган ҳолат. Тағин ким билсин! Бу маълумот бежиз тарқалмагандир.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ушбу ҳодисага турлича муносабат билдиришмоқда. Айримлар ўқитувчининг тамғасини «пасткашлик», «гестапо» деса, баъзилар эса ёқлаб маъқуллаган.

«Нима жиннилик бу? Боланинг руҳиятини синдириб, ўзига нисбатан ишонмаслик туйғусини уйғотиш-ку, бу ўқитувчи эмас, ваҳший одам», – деб ёзади Нигора Жалолова.

Зайнабхон Абдулваҳоб қизи шундай қайд этган: «Бу ўқитувчини аввал ўзига ўргатиш керак. Ўқитувчининг вазифаси ўқувчиларга илмга муҳаббат уйғотиш. Ота-она эса тарбиясига масъул».

«Балки бу болаларнинг шўхлигидир, ўқитувчини асоссиз қоралаш балки керак эмасдир?» – дейди Шуҳрат Ҳожиев.

Зелимхан Султан шундай ёзади: «Яхши иш килмабди бу муаллима, ҳа, болаларнинг кўнглини совитиб. Ундан кўра чиройли тушунтириб, сенлар яхши ўқимасанг, ҳаммага кулги бўласан, деган гаплар билан йўлга солса, уялганидан ҳам яхши ўқийди, улар ҳали бола-ку!»

Фарҳод Акрамов: «Бизнинг бир ўқитувчимиз синфдош ўртоғимизнинг пешонасига шу тариқа баҳо қўйган эди. Дарсни яхши ўзлаштирмаганлиги сабабли. Бу иш синфдошимизга қаттиқ таъсир кўрсатиб, кейинчалик фақат аъло баҳоларда ўқиб мактабни тугатди. Ҳозир пойтахтда юқори ташкилот раҳбари. Бу воқеани эслатсак, устоздан миннатдор эканлигини айтади. Бу йигитчалар (расмдаги болалар назарда тутилмоқда) ҳам дарсларини яхши ўзлаштириб, жамиятга фойдали инсон бўлиб етишса, ажаб эмас».

«Ўқитувчи тўғри қилган, агар менинг фарзандим ҳам ёмон ўқиб ўқитувчиси пешонасига «2» баҳо қўйса, ўқитувчига «Сиздан миннатдорман» деб айтардим!!!» – дея ёзади Сарвар Эргашев.

Элбек Ризаев: «Ота-она бола билан дарс қилмаса керак, шунинг учун ўқитувчиси «2» баҳони кўрсин, деган»...

Хуллас, ижтимоий тармоқда, одатдагидек, бир-бирига зид гап-сўзлар болаламоқда. Ижтимой тармоқ фойдаланувчилари қанчалик талашиб-тортишиб ёзишмасин, ўқитувчининг бундай «тамға» қўйиши педагогикага тўғри келмайдиган ҳолатдир.

Эслатиб ўтамиз, бундан анча вақт аввал шунга ўхшаш бир ҳодиса ҳам муҳокамаларга сабаб бўлган эди. Ўшанда ўқитувчи аёл дарсни ўзлаштира олмаган ўқувчининг юзига тупуришни синфдошларидан талаб қилгани ёзилганди.

Юқоридаги ҳолат юзасидан Халқ таълими вазирлиги аниқлик киритса, мақсадга мувофиқ бўларди...

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг