Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Фермерлар мустақил тадбиркор эмас, маҳаллий ҳокимликларнинг қора ишчиси...»

«Фермерлар мустақил тадбиркор эмас, маҳаллий ҳокимликларнинг қора ишчиси...»

Фото:«Gazeta.uz»

Кеча Андижон вилояти Бўстон тумани ҳокими Садбархон Мамитова тумандаги фермерлар билан учрашувда уларни «мараз», «ифлос» деб ҳақоратлаган, соя ўсимлиги билан боғлиқ режани бажармаган фермерларга ерини олиб қўйиш билан таҳдид қилгани акс этган аудиоёзуви тарқалди.  Мазкур аудиоёзув билан боғлиқ шов-шувлар авж нуқтага чиққач, ҳоким опа ҳолат бўйича  баҳона-узр аралаш изоҳ берди. Андижон вилоят ҳокимилиги матбуот хизмати эса амалдор аёлнинг оддий одоб меъёрларига тўғри келмайдиган «нутқи» учун унга огоҳлаштириш берилганини билдирди. Узрлар-у огоҳлантиришлар сўнг «оғзи полвон" амалдорлар этагини йиғиштириб олмаслиги аён. Яъниким, шу билан  муаммога барҳам берилмаслиги аччиқ тажрибалар кўрсатиб турибди.  Ҳозир гап бунда эмас. Гап амалдорларнинг  тилиги эрк беравериши уларнинг маънавий-ахлоқий қийёфасини намоён этиши баробарида жамиятдаги маддалаб кетган иллатларни ҳам кўрсатиб беради. Ҳуқуқшунос ва блогер Хушнудбек Худойбердиев Бўстон тумани ҳокими аудиоси баҳона ўша иллатлар ҳақида фикр юритди. У  «...бу  аудиодан қуйидаги хулосаларга келади:

- аксарият ҳокимларга ҳақорат қилиш бобомерос. «Бошқачасига ишлаб бўлмайди, яхши гап билан натижа қилишнинг иложи йўқ» деган олтин қоидага сидқидилдан амал қилишади;

- фермерлар қоғозларда мустақил, балки ҳатто қоғозда ҳам мустақил эмасдир, ким билсин. Амалиётда эса қўпол айтганда «замонавий қулдек» гап. Уларнинг аксари мустақил тадбиркор эмас, елкасига бир дунё мажбурият ортилган ҳокимликнинг қора ишчиси, мажлисларда сўкишдан тортиб ҳақоратгача жимгина эшитадиган, мабодо гап қайтариб қўйса, эртага текширувчилардан тинкайи мадори қуриб, шимилдириқсиз қоладиган бир ночор қатлам;

- боз устига фермерларнинг шу ночорлиги етмагандай нодавлат ташкилот бўлган Фермерлар кенгашига бадал тўлашга ҳам мажбур. Қонунлар орқали шунақа тўлов ундиришга мажбурланади улар. Дунёда бирорта мамлакатда фермерлар мажбурлаб қайсидир нодавлат ташкилотга бадал (солиқ) тўламайди, фақат Ўзбекистонда шунақа. Бу ақлга сиғмайди, бу қонуннинг Конституцияга мос келиши ҳам баҳсли масала;

- пахта ва ғаллада план йўқолди деган гапларнинг барчаси ҳозирча шунчаки баландпарвоз ҳайқириқлар, холос. Халқаро рейтингларда ўрнимизни яхшилаш, қанақадир санкцияларни бекор қилиш учун фақат қоғоздаги жимжимадор гаплар бу. Амалда эса барчаси ўзгача. План, план ва яна план! Буни мен фермерлик билан шуғулланадиган бир танишимиз гарчи давлат олдидаги шартномавий мажбуриятини тўлиқ бажарган бўлса ҳам, сектор раҳбари бўлган туман ИИБ бошлиғининг шахсан ўзи келиб, ортиб қолган барча ғалласини ҳеч бир сўроқсиз бир бошоқ ҳам қолдирмасдан ўриб кетганида, қаршилик қилса ўзига ёмон бўлиши ҳақида удағайлаганида тушуниб етгандим;

- Ўзбекистонда мулк ҳуқуқи ҳалигача энг нозик Хитой чинниси каби мўрт. Ҳоким-опа фермерларга қарата қайта ва қайта ерини тортиб олиб қўйиши ҳақида дўқ уряпти. Амалда ҳам шунақа. Исталган пайт фермер бўладими у, кластер бўладими у, тадбиркор бўладими у, ва ўзи умуман оддий фуқаро бўладими, еридан (уйидан) ажраб қолиш хавфи сақланиб турибди. Агар ҳоким ёки бирорта бошқа каттароқ амалдор қасдлашса, на суд, на бошқаси ёрдам бера олмаслигига кўп мисолларни келтиришимиз мумкин;

- ва кечаги аудиодан охирги хулоса: аёллар ҳоким бўляпти дегани, ҳаммаси зўр бўлиб кетади, дегани эмас. Бу шундай тизимки, жинсига қарамайди, ёки сен тизимга мослашасан, ёки сени бу майдондан улоқтириб ташлашади. Ўзбекистонда учинчи вариант ҳозирча йўқ...

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг