Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Фарғонада шифокорни калтаклаб, пул талаб қилган уч ўсмир ушланди

Фарғонада шифокорни калтаклаб, пул талаб қилган уч ўсмир ушланди

Фото: Фарғона вилояти ИИБ матбуот хизмати

Фарғона шаҳрида жойлашган туғруқхоналардан бирида ишлаб келаётган шифокор, акушер-гинеколог Фарғона шаҳар ички ишлар фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасига ариза билан мурожаат қилган. Уч нафар (бир қиз ва икки йигит) ўсмир гўёки унинг иш фаолиятида йўл қўйган камчиликларини интернет орқали оммага хабар қилишини ва унинг ўзини йўқ қилиб юборишларини айтиб қўрқитган. Бу ишларни қилмасликлари учун эса ундан кўп миқдорда пул талаб қилган. Бу ҳақда Фарғона вилояти ИИБ матбуот хизмати «Дарё»га хабар қилди.

Уни тунги соат 12 ларда Риштон туманидаги хилват жойга олиб бориб, ҳам руҳан, ҳам жисмонан азоб беришган. Шифокорни калтаклаб, унинг ёнидаги барча моддий бойликларини олиб, ўзини эса Олтиариқ туманидан ўтувчи магистрал йўл ёқасига ташлаб кетишган.

Тезкор қидирув-суриштирув ишлари натижасида безорилар қўлга олинди ва тортиб олинган моддий бойликлар ашёвий далил сифатида олиб қўйилди. Мазкур жиноятни содир этган шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми «в» банди (Бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинди.

Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг