Фарғонада қандай ишлар амалга оширилмоқда? Ҳоким ҳисобот берди
Фарғонага Беларусдан арзон нархда музлатилган гўшт олиб келиниши кутилмоқда. Бу ҳақда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров туман Халқ депутатлари кенгашида маълум қилди.
— Вилоятда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун барча ишлар амалга оширилмоқда. Ҳозирда Беларусь давлатидан музлатилган, ҳалол сертификатига эга гўшт олиб келиш ишлари амалга оширилмоқда. Бундай гўштнинг бозорга чиқариш нархи 42 минг сўмни ташкил қилади.
Афсуски аҳолимиз музлатилган гўшт истеъмол қилишга одатланмаган. Шундай бўлса-да, ундан ижтимоий соҳаларда фойдаланиш мумкин. Мактаблар, мактабгача таълим муассасалари ва ҳарбий қисмларнинг 6 ойлик гўштга бўлган талаби 2 100 тоннадан иборат. Агар Беларусдан ойига 300 тонна гўшт импорт қилинган тақдирда ҳам ҳар бир килограммидан камида 11 минг сўм тежаб қолинади. Шунда бюджетга 22 миллиард сўм қолади.
Шунингдек ижтимоий муассасалар сифатли гўшт билан таъминланади. Наманганда болалар боғчасида текшириш ўтказганимизда гўшт ўрнига товуқ оёғи етказиб берилганини аниқлаганмиз. Мана шундай ҳолатларга йўл қўймаслигимиз керак. Биз сифатли, ҳалол сертификатига гўшт олиб келишни йўлга қўйишимиз керак.
Фақат шунинг ўзи эмас. Картошка, шакар ва бошқа маҳсулотларни хориждан олиб келиш бўйича иш олиб борилмоқда. Масалан, картошкани Қирғизистондан, шакарни эса Украина ва Беларусдан импорт қилиш мумкин.
Аҳолининг ҳимояга муҳтож қатламини муҳофаза этиш учун алоҳида ҳокимлик жамғармаси бўлади. Шаҳар атрофида улгуржи, саралаш ва тақсимлаш марказлари бўлади. Мана шу омборларда захира маҳсулотлари сақланади ва мабодо бозорда нарх қимматласа, керакли маҳсулот савдога чиқарилиб, мувозанат таъминланади.
Вилоятда 680 та чорвадор фермер бор. Уларнинг ҳар бири гўшт дўкони очиб, аҳолига биринчи қўлдан сифатли ва арзон маҳсулот етказишни йўлга қўйса, қанча одамнинг ҳожатини чиқарган бўларди. Шунингдек, қўшимча иш ўринлари яратилади. Шундай дўконларнинг ҳар бирида икки нафардан одам ишлаганда ҳам, 1 300 дан ортиқ одам иш билан таъминланади.
***
Маълумот учун: Ўзбекистонга Беларус ва Украинадан гўшт маҳсулотлари ва қорамол «Фармир Агро» МЧЖ томонидан олиб келинмоқда. Битта юк машинасида 21 тоннага қадар музлатилган гўшт олиб келинади. Беларусда яйлов, чорва кўплиги сабабли гўшт нисбатан арзон, Ўзбекистонга олиб келиб, бозорга чиқариш нархи эса 48 минг сўмни ташкил этмоқда. Қўшимча қиймат солиғи ҳисобланмаган тақдирда маҳсулот қиймати 42 минг сўмдан иборат бўлади.
Беларусда гўштнинг бир килограмми 3 доллар, 40 центдан сотиб олинади. Ўзбекистондан Европага экспорт маҳсулот олиб борган юк машиналари қайтишда импорт маҳсулотни олиб қайтади. Маҳсулот ҳалол сертификатига эга бўлиб, тегишли сифат талабларига жавоб беради.
Беларусь экспорт қиладиган гўштга Қозоғистонда ҳам талаб юқори. Шу сабабли қозоғистонлик тадбиркорлар қорамол гўштини ҳалол сертификати талаблари асосида тайёрлашни йўлга қўйишган. «Фармир Агро» МЧЖ бу борада қозоғистонлик қўшниларимиз билан ҳамкорлик қилади.
Украинада гўшт Беларусда бўлганидан ҳам арзонроқ ҳисобланади. Аммо Россия-Украина чегарасидаги вазият туфайли, қорамолни тирик ҳолатда Қора денгиз орқали паромда олиб келишга тўғри келмоқда. Шу сабабли йўлкира нархи тушиб кетмоқда. Ўзбекистонда кўпроқ бўрдоқи буқа гўштига талаб юқори бўлгани боис, Украинадан қорамол тирик ҳолатда олиб келиниб, шу ерда сўйилиши йўлга қўйилади.
Айни вақтга қадар ойига 80 тонна гўшт олиб келинар эди. Фарғона вилояти ҳокимлиги буюртмаси бўйича импорт ҳажми 200 тоннага қадар етиши мумкин. Эътиборли томони, «Фармир Агро» МЧЖ гўшт импорти билан бир қаторда картошка ва уруғлик картошка олиб келишни ҳам йўлга қўйган.
***
Кенгаш давомида шунингдек Хайрулло Бозоров ва журналистлар ўртасида савол-жавоб тариқасида мулоқот бўлиб ўтди.
— Аҳоли эҳтиёжи учун захира қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотлари салмоғи етарлими? Қанча захира керак бўлишини қандай ҳал қилгансиз?
— Аҳоли эҳтиёжи учун лозим бўладиган маҳсулотларнинг салмоғи соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилган. Бу борада ҳеч қандай хавотирга ўрин йўқ, барчаси ҳисоб-китоб қилинган.
—Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида амалга оширилаётган барча чора-тадбирлар тезкор, аммо вақтинчалик самара келтиради. Узоқ муддатли истиқболда вазиятни барқарорлаштириш учун қандай ишлар амалга ошириляпти? Масалан, гўшт нархи тушиши учун унинг таннархини пасайтириш лозим. Бунинг учун эса озуқа етиштириладиган ерларни кўпайтириш керак бўлади...
— Саволингиз ўринли. Нафақат гўшт, балки бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари нархини барқарорлаштириш учун ҳам тизимли ишларни амалга оширишимиз лозим. Бунинг учун биз учта йўналишда ишламоқдамиз.
Биринчидан, 3 йил ичида бир қатор лойиҳаларни амалга оширамиз. Жорий йилда қорамолни кўпайтириш бўйича 43 та лойиҳамиздан 33 таси амалга ошган. Яна 10 таси қолмоқда ва уларни ҳам уч ой ичида бажаришимиз шарт. Тадбиркорлар орасида четдан мингталаб мол олиб келадиганлари бор. Бунинг учун кредит ва ер масаласида аниқ ечимлар бўлади. Лойиҳаларнинг сонини ошириш бўйича аниқ мақсадларимиз бор. 2021 йилда жорий йилдагига нисбатан лойиҳаларни икки баробарга оширишни режалаштирганмиз.
Иккинчидан, гўшт ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини етиштиришда ер масаласига келсак. Жуда нозик масала. Афсуски бизда ер ресурси чекланган. Президентимизга раҳмат айтишимиз керак, охирги икки-уч йилда Фарғона вилоятида қарийб 14-15 минг гектар ерни пахта ва ғалладан чиқариш бўйича топшириқ берди. Айни вақтда бу ерларда полиз, сабзавот ва мева-чева етиштирилмоқда. Вилоятда асосан чўл ҳудудида жойлашган туманларда пахта ва ғалла ерлари қисқартирилиб, чорвачилик ва паррандачилик ривожлантирилмоқда.
Учинчи йўналишга келсак, биз янги ерларни ўзлаштирмоқдамиз. Афсуски шу вақтга қадар ернинг қадрига тўлиқ етмаганмиз. Гарчи Фарғона деҳқончилик маданияти бўйича республикада олди вилоятлардан бўлса ҳам, фойдаланилмаган имкониятлар ҳали кўп. Ернинг қадрига етганимиз йўқ. Ҳосилдорликни икки баробар ошириш имконини берадиган технологиялар бор. Агар кимёвий ва агротехникани ўзгартирадиган бўлсак, ҳосилдорлик кўтарилиши турган гап. Бу борада хориж тажрибасини ўзлаштиришимиз керак.
Фарғона туманида адирликда қанча ерлар бор. Қудуқ қазиб, сув чиқариб, ўзлаштириш керак. Шундай мисоллар борки, шу йилнинг ўзида ўзлаштирилган ердан 24-25 центнер пахта ҳосили олинган. Бу ерга яхшилаб ишлов берилса, қанча даромад олиш мумкинлигини ўйлаяпсизми? Ерни тадбиркорга, ўз эгасига етказиб бера олсак, озиқ-овқат маҳсулоти етиштириш ҳам кескин ошади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter