Фарғонада ўқитувчилар кўча тозалашга олиб чиқилди
Хоразм, Фарғона, Наманган, Жиззах вилоятларида мажбурий меҳнатга жалб қилиш, меҳнат ҳуқуқи ва меҳнат шароитлари бўйича қонунчиликда белгиланган талабларни бузганлик ҳолатлари аниқланди, деб хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.
Жумладан, Хоразм вилояти Қўшкўпир тумани Ободонлаштириш бошқармаси ходимларини мажбуран пахта теримига жалб этгани учун бошқарма бошлиғи, шунингдек, Хива шаҳар Халқ таълими бўлими мудираси томонидан «Ёшлик» жисмоний тарбия ва спорт жамиятига аъзолик бадали йиғиб олиш тўғрисида буйруқ чиқарилиб, бадал пули мактаб педагог ходимларидан талаб этилгани сабаб, бўлим мудирасига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси 1-қисмига биноан энг кам иш ҳақининг 30 баробари – 6.690.000 сўмдан жарима тайинланган.
Худди шу жарима қиймати Фарғона вилояти Фарғона тумани 22-сонли умумтаълим мактаби ўқитувчиларини уларнинг розилигисиз мажбуран мактабдан ташқари ҳудудларни ободонлаштириш ишларига жалб этгани учун мактаб директори, Наманган вилояти Ер-мулк давлат кадастри Тўрақўрғон филиали ходимларини мажбуран пахта теримига жалб қилган Ер-мулк кадастри Тўрақўрғон филиали раҳбари ҳамда Жиззах вилояти Пахтакор тумани Пенсия жамғармаси ходимларини пахта терими ишларига мажбуран жалб этгани учун жамғарма раҳбарига нисбатан ҳам қўлланилган.
Шунингдек, пахта терими пайтида теримчиларга етарли шарт-шароитлар яратилмагани, терим пуллари ўз вақтида берилмагани ва ходимларни мажбурий тарзда пахта теришга жалб этгани учун Жиззах вилоятидаги қатор мутасаддилар жавобгарликка тортилди.
Жумладан, теримчилар учун етарли шарт-шароит яратмаган ва терим пулларини ўз вақтида бермаган Ш.Рашидов тумани АТ «Халқ банки» бошқарувчиси, Мирзачўл тумани «Қаҳрамон Расул Ота» фермер хўжалиги раҳбарига нисбатан ЎзР МЖтКнинг 49-моддаси 1-қисми билан энг кам иш ҳақининг 10 баробари миқдорида жарима тайинлаш учун маъмурий баённомалар тақдим этилди.
Ходимларни мажбурий равишда теримга жалб этгани учун эса Жиззах шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси раҳбари, Пахтакор тумани Молия бўлими бошлиғи, Пахтакор тумани АТ «Халқ банки» филиали бошқарувчиси, Арнасой туманидаги Ободонлаштириш бошқармаси, Сувоқава ДУК ва Тиббиёт бирлашмаси раҳбарлари МЖтКнинг 51-моддаси 1-қисмига асосан маъмурий жавобгарликка тортилди.
«Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай шакли қонунга хилофдир! Агар Сизни пахта терими ёки бошқа бирор ишга мажбурлашса ёки шундай ҳолатга дуч келсангиз, Давлат меҳнат инспекциясининг ишонч тармоқларига (1176 қисқа рақамлари, dmi.mehnat.uz сайти ва mehnathuquqbot телеграм боти) мурожаат қилинг!», дейилади вазирлик хабарида.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter