Фарғона ҳокимияти журналистга босим қилганларни ўрганишга киришди
Ижтимоий тармоқларда Бувайда туман ҳокимлиги нашри «Бувайда кўзгуси» газетаси журналисти Шарифа Мурод тумандаги фермернинг ери туман захирасига қайтарилишининг қонунийлигини таҳлил қилган танқидий чиқиши сабабли ишдан бўшатилаётгани ҳақида хабар берган.
Фарғона вилояти ҳокимлиги ушбу ҳолат юзасидан изоҳ бериб, муаммони ўрганиш учун ишчи гуруҳ тузилганини айтган.
«Шарифа Муроднинг ижтимоий тармоқлардаги танқидий чиқиши учун ишдан бўшатишга уриниш билан боғлиқ ҳолат масъул идоралар томонидан охиригача ўрганиб чиқилади, журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик бузилиши тасдиқланадиган бўлса, бунга йўл қўйган шахслар белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади», дейилади баёнотда.
Хабар қилинишича, Бувайда туманидаги фермернинг ери туман захирасига қайтарилишининг қонунийлиги билан боғлиқ масалани ўрганиб чиқиш учун вилоят ҳокимлиги томонидан ишчи гуруҳ шакллантирилган, ўрганиш натижалари юзасидан қўшимча маълумот эълон қилинади.
Бугун журналист Шарифа Муроднинг хабар қилишича, уни ишдан бўшатишмайдиган бўлган.
«Бугун ишдаман. Бошлиқ мени ҳеч нима бўлмагандек кутиб олди ва топшириқларни берди. Мен жойларга мақола тайёрлаш учун чиқиб кетяпман», деб ёзган журналист.
Ушбу журналист биринчи марта босимга учраётгани йўқ. 2020 йилда у Учкўприк тумани ҳокимияти ва ИИБ босимига учраганди. Кейинроқ унга босим қилган туман ҳокими матбуот котиби ишдан олинганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter