Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Эркинжон Турдимов: «Қурилишдаги пинҳона келишувлар коррупцияга йўл очган»

Эркинжон Турдимов: «Қурилишдаги пинҳона келишувлар коррупцияга йўл очган»

Фото: «Zarnews.uz»

Самарқанд вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ҳокимлик биносида бўлган йиғилишда қурилиш билан боғлиқ жараёнлар ошкора амалга оширилиши лозимлигини айтди. Бу ҳақда «Zarnews.uz» хабар берди.

Ҳоким йиғилганларни Самарқанд шаҳридаги қурилишлар бўйича республика прокуратураси ишчи гуруҳи тақдим этган маълумотнома билан таништирди.

Маълум бўлишича, вилоят марказидаги 141 та объектда ер ажратиш, қурилиш тартиб-қоидаси ва технологиялари бузилган. Ушбу камчиликларни бартараф этишга мутахассислар билан бир қаторда кенг жамоатчиликни жалб этишга келишиб олинди. Шу сабабли йиғилишга ҳокимлик мутасаддилари, архитекторлар, қурувчилар, шунингдек, депутатлар, ОАВ ходимлари, фаол зиёлилар таклиф этилди.

— Қурилишдаги пинҳона келишувлар, ҳужжатлардаги сохталиклар, тендер танловларининг ёпиқлиги соҳадаги қонун бузилишлари ҳамда коррупцияга йўл очган, — деди Эркинжон Турдимов. — Айниқса, қадимий шаҳардаги айрим тарихий мерос объектларига зарар етган. Бу ҳолат ЮНEСКО маъмуриятининг эътирозига сабаб бўлган.

Бундан кейин вилоятда, хусусан, ер устидаги очиқ музей деб тан олинган Самарқанд шаҳридаги барча қурилиш ошкора амалга оширилади. Объектларнинг қурилиши, режалаштирилишида жамоатчилик ва аҳоли фикри ҳисобга олинади. Қурилишдан шахсий манфаат кўриш учун қурувчига ҳам, ижро органи раҳбарларига ҳам, «ўртакаш» товламачиларга ҳам йўл берилмайди. Депутатлар, журналистлар, умуман, зиёлилардан иборат тарғибот гуруҳи аҳоли ўртасида ҳамда ОАВ орқали янги объектлар қурилиши билан боғлиқ режаларни тушунтиради.

Айрим маҳаллаларда эски уйлар кўп, баъзи маҳаллаларда канилизация йўқ, ҳовлилар сел келиши мумкин бўлган сув йўлларида жойлашган. Табиийки, келгусида бундай манзилларда режали қурилишлар олиб борамиз. Лекин ҳар қандай шароитда обида ва бинолар муҳофазаси эътиборда бўлади.

Йиғилишда ўрганилган объектларда аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқандда қурувчилик фаолияти билан таниқли бўлган «Умар» қурилиш компанияси раҳбарлари устидан жиноий иш қўзғатилгани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг