Эрдўғоннинг дунё тилларига таржима қилинган китоби ўзбек тилида ҳам чоп этилди
Хабарингиз бор, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 29-30 март кунлари Ўзбекистонда меҳмон бўлади.
Ушбу олий даражадаги ташриф арафасида Р.Т.Эрдўғоннинг «Дунё янада одил бўлиши мумкин» (Daha Adil Dünya Mümkün) номли китоби иккинчи бор ўзбек тилида нашр этилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Китобни ўзбекчага ўгирган таржимон Маъруфжон Йўлдошевнинг айтишича, «Дунё янада одил бўлиши мумкин» китоби биринчи марта президент Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга расмий ташрифи олдидан ўзбек тилига таржима қилиниб чоп этилган эди. Яқинда эса «Янги аср авлоди» нашриёти чекланган миқдорда чиққан китобни кўп ададда нашр қилишни таклиф қилди.
Аввал хабар берганимиздек, «Дунё янада одил бўлиши мумкин» китоби 2021 йил сентябь ойида чоп этилган.
Китобда дунё бўйлаб кузатилаётган адолатсизлик, миграция инқирози, халқаро терроризм, исломофобия, сиёсий мунофиқлик каби иллатлар хусусида сўз юритилади. Асарда «Бугун инсоният учун энг зарур қадрият бу – адолатдир» деган ғоя илгари сурилади.
«Мурғак болалар ўлдирилаётган дунёда ҳеч ким ўзини айбсиз дея олмайди», – деб ёзади муаллиф.
Р.Т.Эрдўғон курраи арздаги жиддий муаммоларни санар экан, БМТ уларни ҳал этишга ожизлик қилаётганига эътибор қаратади ва халқаро тузилмани ислоҳ этишга чақиради.
Турк тилида ёзилган асар инглиз, араб, олмон, француз, рус, испан каби кўплаб тилларга таржима қилинган ва дунё бўйлаб оммалашган. Китоб сотувидан тушган маблағ Туркия ҳукумати ҳузуридаги фавқулодда вазиятларга қарши курашиш бошқармасига (AFAD) ўтказилиши маълум қилинган.
Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев 2021 йил 12 ноябрь куни Истанбулда Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан учрашувда «Дунё янада одил бўлиши мумкин» китобининг илк нашрини ҳамкасбига совға қилган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter