Электрон навбат, махсус мобиль илова, «ўзиюрар» марказ... Давлат хизматлари кўрсатишда инновацион технологиялардан фойдаланилади
2018 йилга мўлжалланган Давлат дастурида давлат хизматлари кўрсатишни инновацион технологиялар орқали амалга оширишни жадаллаштириш назарда тутилган. Ушбу технологиялар жамиятимизда қандай ўзгаришларга олиб келиши ва яратиладиган қулайликлар ҳақида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги директори ўринбосари Нўъмон Муҳаммадиев ЎзА мухбирига сўзлаб берди:
– Давлат хизматлари кўрсатиш тизимига инновацион технологияларнинг жорий этилиши тезкорлик, очиқлик ва юқори сифатни таъминлаб, аҳолининг улардан фойдаланиш имкониятини оширади.
Давлат дастурига мувофиқ эндиликда туман (шаҳар) давлат хизматлари марказларида электрон навбат тизими жорий этилади. Ушбу тадбир орқали давлат хизматлари учун ташриф буюрувчиларнинг навбатга риоя қилишга оид тартиби шаклланади.
Давлат хизматлари марказлари томонидан кўрсатилаётган хизматларнинг узлуксизлиги ва сифатини кузатиб бориш мақсадида масофадан туриб видеокузатув тизими жорий этилади.
Яна бир муҳим жиҳати, давлат хизматларини алоқа воситаларидаги мобиль иловалар орқали кўрсатиш имконияти яратилади. Бу орқали аҳоли билан қайта алоқанинг самарали воситалари амалга киритилади.
Компьютер ускуналари ёки интернет тармоғидан фойдаланиш имкониятига эга бўлмаган фуқароларга давлат хизматлари тақдим этиш учун замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда мамлакатимизнинг барча туман ва шаҳарларидаги давлат хизматлари марказлари махсус инфокиосклар билан таъминланади.
Булар кўрсатилаётган давлат хизматларининг сифати, тезкорлиги, очиқлиги ва фойдаланиш имкониятини тубдан оширишга хизмат қилади.
Узоқ ва олис жойлардаги аҳолига енгилликлар яратиш мақсадида тасдиқланган жадваллар асосида мобиль давлат хизматлари, яъни барча зарур техникаларни ўзида мужассамлаштирган махсус автотранспорт воситалари орқали бевосита жойларга бориб, «ўзиюрар» давлат хизматлари кўрсатилади.
Бундан ташқари, барча давлат хизматлари уларни Давлат хизматлари ягона реестрида рўйхатдан ўтказиш учун инвентаризациядан ўтказилади. 2018 йил 1 июндан бошлаб мазкур реестрга киритилмаган давлат хизматларини кўрсатишга йўл қўйилмайди.
Бир сўз билан айтганда, жисмоний ва юридик шахсларга кўрсатиладиган давлат хизматлари сифати инновацион жиҳатдан янги босқичга олиб чиқилади.
Эслатиб ўтамиз, мазкур агентлик тузилмалари томонидан айни пайтда тадбиркорлик субъектларига давлат органлари фаолияти билан боғлиқ 37 турдаги хизматлар кўрсатилмоқда. 2018 йил 1 апрелдан бошлаб бундай хизматлар жисмоний шахсларга ҳам кўрсатилади ва уларнинг сони яна 13 тага кўпайтирилади.
2018 йил охиригача кўрсатиладиган давлат хизматлари сони 87 тага етказилади. 2020 йил охиригача эса бу кўрсаткич 163 ни ташкил этади.
2017 йил 1 апрелдан бошлаб рўйхатга олиш тартиб-таомилларини 30 дақиқагача қисқартириш имконини берувчи тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказишнинг автоматлаштирилган тизими ишга туширилганлиги «Doing Business 2018» глобал рейтингидаги «Бизнесни рўйхатдан ўтказиш» кўрсаткичи бўйича Ўзбекистоннинг мавқеини 24-ўриндан 11-ўринга яхшилашга хизмат қилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter