Эксперт Фарғонадан топилган «динозавр» суякларига изоҳ берди
Фарғона вилояти Риштон тумани Янгийўл қишлоғидаги уйда таъмирлаш ва реконструкция қилиш жараёнида эски пол остидан ноанъанавий кўринишдаги ҳайвон қолдиқлари чиққани хабар берилганди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат геология музейи директори Аҳмаджон Ахмедшаев «Халқ сўзи» нашрига берган интерьвюсида мазкур суяклар динозаврники эмаслигига ишонишини маълум қилган.
Ахмедшаевнинг фикрича, мавзу давримиздан 130 — 180 миллион йиллар муқаддам яшаган динозаврлар ҳақида кетяпти. Мазкур даврдаги суяк қолдиқлари тошга айланмаган бўлса, бизгача етиб келмайди. Географик ўзгаришлар, табиий офатлар, иқлим ўзгаришлари уни йўқ қилиб юборади. Тошларга эса бу каби ҳодисаларнинг таъсир қилиши қийин. Риштон туманидаги суяк қолдиқларининг шундоққина пол остидан соф суяк ҳолида топилиши шу жиҳатдан илмий асоссиздир.
«Динозавр суякларига баҳо беришда бизнинг илмий тилдаги 60 миллион йиллардан далолат берадиган бўр қатлам, юра даври қатламлари бўлиши керак. Полнинг шундоққина остидаги суяк қолдиқлари неолит, палеолит каби узоқ даврлардан қандай қилиб «эсон-омон» «ўтиб олди» экан?! Телевидение орқали шу мавзудаги лавҳани диққат билан кузатдим. Намойиш этилаётган тасвирдаги суяклар эса яхши сақланган. Суяк қисмларини боғлаб турувчи воситаларга ҳам зарар етмаган.
Менинг фикримча, суяк қолдиқлари мушуксимонлар оиласига тааллуқли ҳайвонга тегишлидир. Яйдоқ чўл ҳудуди бўлганлиги учун бу бундан икки-уч аср олдин, балки ундан ҳам кўпроқ йилларда яшаган чўл мушуги, қамиш мушугининг суяк қолдиқлари бўлиши мумкин» деган олим.
Маълумот учун: Фанга кўра, динозаврлар Ер юзида фанерозой эонининг мезозой эрасида яшаган. Мезозой эраси бундан тахминан 250 миллион йиллар аввал бошланиб, 66 миллион йил аввал ниҳоясига етган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter