Экоқўмита ва Қашқадарё вилояти ҳокимлиги диққатига! «Оқсув»даги оғриқли битиклар
Қашқадарёнинг Шаҳрисабз тумани ҳудудидан бошланувчи Оқсув дарёси суви кўпчиликнинг корига ярайди.
Дарё бўйидаги соя-салқинда ёзда кўпчилик дам олади, чўмилади.
Деҳқонлар дарё ва унга ёндош каналлар сувидан фойдаланади. Хуллас, дарё катта неъмат...
Аммо дарё ўзанидаги бошбошдоқлик, табиатга бўлган муносабат кишини хуноб қилади. Табиатдан хўжасизларча фойдаланиш уни чиқиндиларга тўла, кўримсиз ҳудудга айлантирмоқда.
Қашқадарё вилоятида аҳоли шиддат билан кўпаймоқда. Қурилишлар кўп, табиийки қум-шағалга ҳам талаб юқори. Мазкур бизнес яхшигина «соққа» келтириши равшан.
Яқин-яқингача дарё ўзанида шоликорлар кўп эди, дарёбўйи обод, серҳосил ерлар эди.
Аммо иқлим ўзгариб бораверди, сув камайди, ҳеч ким экин экмай қўйди. Юлғунзорлар аямай кесилиб, ўтин қилинди, дейди маҳаллий аҳоли вакиллари.
Аввалроқ худди шу дарё бўйича ўзбошимчалик билан қум-шағал олаётганлар жазолангани хабар берилганди. Аммо қуйидаги тасвирлар Экология қўмитаси томонидан олиб борилаёган текширувлар сусайгани кўрсатади, гуё.
Шу туришда ҳам суви камайиб бораётган дарёдан катта-катта юк машиналарида ўзбошимчалик билан қум-тош ташиш авжига чиққан. Бугун дарёни таниб бўлмайди. Атроф қуш учса қаноти куядиган уйдим-чуқурликка айланган.
Дарё ўзанларидан қум-шағал қазиш учун қандай рухсат олиниши бўйича ушбу хабарда батафсил маълумот берилган.
Аммо мазкур материалда таъкидланишича, ушбу ишни амалга ошириш кўпгина чиғириқлардан ўтилади, ва энг асосийси табиатга зиён етмаслиги шарт.
Дарёнинг юқори оқимида табиат бир қадар сақлаб қолинган. Аммо жамоатчилик назорати бўлмаса, одамларда экологияга муносабат ўзгармаса, бундай гўзал табиат манзаралари ҳам хавф остига қолади.
Бугунги аномал иссиқ бизга табиатни асраш нақадар муҳимлигини кўрсатиб берди. Акс ҳолда келажак авлодга янада кўпроқ қийинчиликлар мерос қолиши турган гап.
Солиштириш қанчалик оғриқли бўлмасин, Қашқадарёнинг айрим чўл ҳудудларида аҳоли ичимлик суви масаласида қийналади. Сув махсус машиналарда, сотиб олиниб истеъмол қилинади. Вилоят ҳокими Мурод Азимов ҳам Президент Шавкат Мирзиёев видеоселекторида вилоятдаги оғир аҳвол ҳақида гапирганди.
Энди тасаввур қилинг, шундай ҳолатда вилоятнинг қон томирларидан бири бўлган Оқсув дарёси атрофида ушбу кўнгилсиз ҳолатлар кузатилмоқда.
Давлат экология қўмитаси, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги, Китоб ва Шаҳрисабз тумани ҳокимликларидан мазкур муаммо юзасидан жавоб кутиб қоламиз.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter